МДҲ давлатлари олимлари Самарқандда ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилмоқда

Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетида “Ветеринария ва чорвачилик соҳасидаги муаммоларни ҳал этишда фан ва инновацион технологияларнинг ўрни” мавзусида ветеринария ва чорвачиликни ривожлантиришга бағишланган I халқаро форум бўлиб ўтмоқда.

МДҲ мамлакатлари миллий фанлар академиялари кўмагида илк бор ташкил этилган анжуманда Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Россия ва Беларус давлатларидан етук олимлар, академиклар, профессор-ўқитувчилар ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этмоқда.

Тадбир аввалида иштирокчилар университет ҳудудида ташкил этилган илмий ишланмалар, озиқ-овқат маҳсулотлари ва миллий ҳунармандчилик кўргазмалари билан танишди.

– Ўтган йил октябрь ойида университетимизда ўтказилган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ветеринария фармакологлари ва токсикологларининг VII халқаро қурултойида  чорвачиликни ривожлантириш ва антибиотикларнинг резистентлик муаммоларининг ечимларини муҳокама қилган эдик, – дейди университет ректори Х.Юнусов. – Йиғилишда соҳадаги долзарб муаммоларга МДҲ мамлакатлари мутахассислари ҳамда фан ва инновацион технологиялар ёрдамида ечимлар ишлаб чиқиш, шунингдек, илмий-тадқиқот муассасалари билан амалиётчи мутахассислар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олинган эди. Шу мақсадда ўтказилаётган бугунги тадбирда ҳам нафақат озиқ овқат хавфсизлигини таъминлаш, ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш, балки соҳадаги илғор тажрибалар билан ўртоқлашиш ҳамда ягона саломатлик доирасида одамларнинг ҳам саломатлигини асраб-авайлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.

Форум доирасида олти мавзуда онлайн ва офлайн мажлислар, секция йиғилишлари, илмий маърузалар тақдимоти ҳамда маҳорат дарслари ташкил этилади. Шунингдек, иштирокчи мамлакатлар ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзолаш, қўшма илмий лойиҳалар бўйича келишувларга эришиш ҳам режалаштирилган бўлиб, бу борада МДХ давлатлари ўртасидаги илмий ва амалий алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш кутилмоқда.

Тадбир давомида университет очиқ майдонида “Наслли қўчқорлар кўргазмаси” ҳам ташкил этилади. Унда ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси тизимидаги ташкилотлар ҳамда наслчилик йўналишида фаолият юритаётган фермер хўжаликлари иштирок этади. Кўргазма давомида маҳаллий ва хорижий зотли қўчқорлар намойиш этилиб, наслчиликда эришилаётган ютуқлар ва инновацион ёндашувлар кенг жамоатчиликка тақдим қилинади.