Меҳнат жамоаларида 2 мингга яқин хотин-қизларнинг ҳуқуқлари поймол этилгани маълум қилинди

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Унда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази мутасаддилари иштирок этди.

Матбуот анжуманида айтилишича, жорий йилнинг ўтган 9 ойида 250 мингдан ортиқ ишсиз хотин-қизлар ишга жойлаштирилган. Шунингдек, ногиронлиги бўлган 5 мингдан ортиқ хотин-қизга Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан ногиронлик аравачалари ва бошқа реабилитация воситалари олиб берилди.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг биринчи ўринбосари Зулайхо Маҳкамова тизимда шу ва бошқа қилинаётган ишларга тўхталиб ўтар экан, мавжуд муаммолардан айримларини ҳам санаб ўтди:

– Қўмитага мурожаатларнинг асосий қисми уй-жой, оилавий муаммолар, бандлик, кредит олиш ҳамда зўравонлик масалаларида бўлмоқда. Шу ўринда меҳнат жамоаларидаги хотин-қизларимизнинг ҳуқуқлари поймол этилаётганини ҳам айтиб ўтишни жоиз деб биламан. Жойларда хотин-қизларимизни иш жойларидан ноҳақ бўшатилишлари, уларга нисбатан қисқартиришларнинг нотўғри қўлланганлиги билан боғлиқ шикоятлар кўп. Шу давргача 2 мингга яқин иш берувчилар билан шундай ҳолатлар рўй берганлиги аниқланди. Уларга тўғридан-тўғри мурожаат қилиш билан ва суд даражасигача хотин-қизларни ҳимоя қилиш орқали мурожаатларни ижобий ҳал этишга эришилди.