“Меҳрибон билан фахрланамиз!”
Жорий йилда Самарқанд шаҳар 67-умумий ўрта таълим мактабини олтин медаль билан тамомлаган Меҳрибон Шавкатова Самарқанд давлат чет тиллар институтига ҳужжат топшириб энг юқори балл тўплади.
У ёшлигидан қизиқувчан, тиришқоқ бўлиб вояга етди. Билимга чанқоқлиги, ўткир зеҳни билан синфдошлари орасида ажралиб турарди. Мактабда она тили, адабиёт, инглиз тили, ҳуқуқшунослик ва математика фанларини севиб ўқиди. 5-синфдан бошлаб фан олимпиадаларида фаол иштирок этиб, фахрли ўринларга муносиб кўрилди.
2019-2020 ўқув йилида ҳуқуқшунослик фанидан бўлиб ўтган “Конституция – бахтимиз пойдевори” иншолар кўрик-танловининг республика босқичида иккинчи ўринни эгаллади, мактабни олтин медаль билан тамомлади. У жорий йил Самарқанд давлат чет тиллар институти инглиз тили йўналишига ҳужжат топшириб, энг юқори балл тўплади.
Меҳрибон Шавкатованинг бундай муваффақиятлари замирида албатта, ота-онаси ҳамда унга таълим бераётган устозлари - Самарқанд шаҳар 67-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчилари М.Маллаева, Д.Раҳимова, З.Жумаева, Р.Жалилова, М.Дониёрова, З.Султонова, Д.Салоҳиддинова, А.Абдуллаеваларнинг меҳнати ётибди. Бугун Меҳрибон ота-онаси ва устозларининг ишончини оқлаб, ўз мақсадлари сари дадил интилмоқда.