Чўккан пол, ёрилган, қийшайган деворларни ким тўғрилайди?
Тойлоқ ва Паст Дарғом туманларидаги айрим муассасалар биноси талабга жавоб бермайдиган аҳволда.
«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати вилоят бўлинмаси ташаббуси билан Тараққиёт стратегиясини қўллаб-қувватлаш бўйича вилоят жамоатчилик гуруҳи, Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси вилоят ҳудудий бўлинмаси ходимлари ҳамкорлигида Тойлоқ ва Паст Дарғом туманларидаги бир нечта таълим муассасалари биноларининг зилзилабардошлик даражаси ўрганилди.
Жумладан, Тойлоқ туманининг Боғизоғон маҳалласидаги 1-касб-ҳунар мактабининг киравериши пол қисмининг бетон қопламаси чўккан, спорт залининг болалар кийиниш хоналари таъмирталаб аҳволда - деворлар ёрилган, пол қисми бетон қопламалари кўчган, хона деворидан ўзбошимчалик билан дудбўрон (димоход) учун катта тешик очилган. Бу ҳеч қандай қурилиш стандартига тўғри келмайди.
Спорт залидаги жиҳозларни сақлаш хонасининг юқори қисмидаги, кийиниш хонасидаги таянч устунлар ҳамда зал йўлакларининг пол қисмларида ёриқлар пайдо бўлган. Зилзила бўлган вақтда бу ёриқлар бинонинг нафақат қулаб тушиш хавфини оширади, балки маскандаги ўқувчи ва ўқитувчиларнинг ҳаётини хавф остида қолдиради.
Туманнинг Жумабозор маҳалласида жойлашган 60-умумий ўрта таълим мактабидаги ҳолат ҳам кўнгилдагидек эмас.
Таълим муассасасининг девор қисмларида ёриқлар пайдо бўлган. Бинонинг чўкканлиги оқибатида деворлар қийшайган. Зилзила бўлмасдан туриб ҳам бинонинг қулаб тушиш эҳтимоли катта. Муассаса фаоллар залининг том қисмидан сув ўтиб, бетон плиталарнинг бардошлилигига салбий таъсир кўрсатган.
Узунқишлоқ маҳалласидаги 58-умумий ўрта таълим мактаби спорт анжомлари сақланадиган хонанинг том қисми ва девор ўртасида ёриқлар пайдо бўлган. Спорт залининг том қисмидан сув кетган, бетон плиталарнинг ораси очилиб қолган, зал биносининг чўкиши оқибатида кийиниш хонаси деворларида ёриқлар пайдо бўлган. Булардан ташқари, муассаса биносининг йўлаклари, ошхонасининг пол қисмларида чўкиш ҳолатлари кўзга ташланади.
Паст Дарғом туманининг Ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникуми биносига кираверишдаги деворлар чўккан, ошхона ҳамда йўлаклардаги ёрилган деворлар бетон плитадан ажралиб қолган. Бинонинг ташқи фасадида ҳам йирик ёриқларни кўриш мумкин. Фаоллар залининг том қисмидан сув ўтиб, бетон плиталарга зиён етказган.
Таълим маскани ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб бермайди. Ёнғин хавфсизлиги бурчаклари тўлиқ жиҳозланмаган, ўт ўчириш шитлари очиқ ҳолда? бино ички йўлакларининг пол қисми чўккан.
Шу каби камчиликлар тумандаги 126-умумий ўрта таълим мактабида ҳам кузатилди. 31-умумий ўрта таълим мактаби биносининг ички йўлаклари девори чўккан, бинонинг ташқи фасадида катта ёриқлар пайдо бўлган. Маскан синфхоналарида ёритиш чироқлари ўрнатилмаган, спорт залининг том қисмидан сув ўтиши оқибатида бетон плиталар яроқсиз ҳолатга келяпти. Мактаб ҳожатхонаси ҳамда ҳовли деворларида ёриқлар бор.
Биз гувоҳ бўлган айрим таълим муассасалари биноларидаги ачинарли ҳолатлар ўқувчилар ва ўқитувчилар ҳаётига хавф туғдириши мумкин. Шуни англаган ҳолда, юқорида таъкидланган камчиликларни бартараф этиш масалаларини тегишли мутасаддилар жиддий ўйлаб кўриши лозим.
Элёр Ҳамроев,
«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати вилояти бўлинмаси раҳбари.