Меҳринг бунча иссиқ, Самарқанд?
Бугун ўтган асрнинг 70-йилларида Самарқанд адабий муҳити, хусусан, воҳанинг назм майдони пешқадамларидан бўлган шоир ва журналист Суръат Орипов таваллуд топган кун. У 1937 йил 18 январда Оқдарё туманидаги Янгиқўрғон қишлоғида туғилган.
Оқдарёдаги бу қишлоқ Қорадарё ва Оқдарё оралиғидаги маскан сифатида тарихда қолган. Сўфи Оллоҳёр ва Эшон Вола тарихи билан боғлиқ манбаларда бу қишлоққа кўп ва хўп таърифлар берилган, унда яшаб, ижод қилган шоиру олимлар санаб ўтилган. Миёнқолда туғилиб ўсган, тарбия топган ана шундай ижодкорлардан бири Суръат Орипов эди.
Акам Самарқандда ҳисобчилар малакасини ошириш мактабида раҳбар бўлиш баробарида кўп китоб ўқир, шеърларни ёд айтар, ўзи ҳам газеталарга мақола ёзиб турарди ва менга ҳам қалам тебратишни ўргатган жойлари кўп.
Хуллас, бир куни "Жажжи Насиба" номли мақола ёздим. Тўғриси, унинг жанрини ҳам билмасдим. Уни конвертга жойлаб, почта орқали вилоят газетасига юбордим. Акам бу киши ҳақида кўп илиқ гапиргани учун конверт тепасига "Суръат Ориповга" деб ҳам ёзиб қўйдим. Ёзган мақолам қаҳрамони – Каромат аянинг шаҳарда яшовчи тўнғич фарзанди Салимжоннинг уйига келиши, жажжи Насибанинг "нима олиб келдингиз, момо", деб қаршисига пешвоз чиқиши ва Каромат аянинг набирасига "Вой, асалгинам, сенга бир қоп эртак олиб келдим", деб берган жавоби, қизиққон набиранинг эса "Бувижон, бувижон, илтимос, эртак солинган қопингизни бир кўрсатинг", деган хархашалари тасвиридан иборат эди.
Кўп ўтмай каминага газета маданият ва турмуш бўлими мудири С.Орипов имзоси билан жавоб хати келди: "Ҳурматли А.Ашуров, "Жажжи Насиба" номли қатра ҳикоянгизни олдик. Унда сизнинг топқирлигингиз ва ижодга бўлган қизиқишингиз сезилиб турибди. Уни "Ленин учқуни" газетаси ёки "Гулхан" журналига юборишингизни маслаҳат берамиз".
Гарчи ҳикоямни чоп этишмаган бўлса-да, ўшанда танилиб қолган ижодкор имзоси билан мактуб олиш мен учун чинакам байрам бўлган. Мана, ўша воқеага ҳам 52 йил бўлибди. Бироқ устознинг оддий, самимий бир хати менга оқ йўл сифатида ёзилганлигини энди англаб турибман. Чунки ундан кейин жуда кўп мақолаларим марказий газеталар, журналларда босилди.
Тошкент давлат университетида ўқиш жараёнида Рауф Парфи, Азим Суюн, Шаҳодат Исахонова, Йўлдош Эшбек каби ижодкорлар сафида бўлиш насиб этди. Мени қувонтиргани шуки, уларнинг ҳар бири Суръат ака ҳақида, у кишининг инсоний фазилатлари тўғрисида кўп гапиришарди. 1976 йилда Рауф Парфи менга Суръат ака билан ҳаммуаллифликда чоп этилган "Субҳидам" китобини совға қилди. Бу мўъжаз асар китоб жавонимнинг энг нодир жавоҳирларидан бири саналади.
Вилоят газетасида ўқув ҳамда ишлаб чиқариш амалиётларини ўташ чоғида Суръат ака билан кўп бор учрашдик. Мавзулар бериб, мақола ёздирди, ёзганларимни таҳрир қилиб, газетада чоп этишга кўмаклашди. У кишининг иш жараёни, иш услуби, касбига садоқати ва иқтидорини кўриб, ўзим учун кўп сабоқ олганман. Айниқса, бу одамнинг ҳамма билан тил топишиши, самимий муносабати ҳавасимни келтирган ва аксинча, бадиий ижодга енгил ёндашганларга жаҳл қилганларини ҳам кўрганман.
Суръат ака мени бир неча бор уйига таклиф қилган. Раъно янганинг қўлидан чой ичганмиз.
- Суръат акага 1973 йилда шогирд бўлиб тушганман, - дея хотирлайди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фармон Тошев. - Суръат акадаги салоҳият, топқирлик, ҳозиржавоблик, бадиҳагўйлик биз, шогирдларни лол қолдирган. 1975 йилда ишга келганимдан кейин эса ҳар куни ишни янги ёзган шеърини ўқиб беришдан бошларди. "Ука, ҳаётингни ижодга бағишладингми, кўчада ҳам, ишда ҳам, уйда ҳам, керак бўлса, уйқуда ҳам ижодкор бўлишни, мунтазам ёзишни ўрган", дерди.
Суръат ака касаллиги туфайли ҳаётдан эрта кетди. Лекин ҳануз шогирдлари у кишини давраларда эслаб туришади. Чунки шундай эҳтиромга муносиб инсон эди.
Камина ҳам вилоят телерадиокомпаниясига ишга келган чоғларимда С.Орипов ижоди ва фаолияти билан қизиқиб, у кишининг номини абадийлаштириш таклифлари билан чиқдим. Зиёлилар, турмуш ўртоғи Раъно янга талаби билан Янгиқўрғон шаҳарчасидаги кўчаларнинг бирига Суръат Орипов номи қўйилди.
Суръат аканинг дўстлари, шогирдлари ниҳоятда кўп эди. Оқдарёлик Парда бахши Оқбўтаев, иштихонлик тарихчи олим Комил Пардаев, турли таҳририятларда фаолият кўрсатган Ниёзхон Алиев, Бахтиёр Бобонов, Кубарро Баҳромова, Ойгул Маматова, Хосият Бобомуродова, Абдумурод Исматов, Зиёдулла Нурматов, Ўктам Қурбонов, Йўлчи Муҳаммадиев, Тоҳир Долиев каби кўплаб истеъдодлар ўз вақтида бу меҳрли устознинг самимиятидан, қўллаб-қувватлашидан баҳраманд бўлган.
С.Орипов ижодкор сифатида кўп давраларда йўқланиб келяпти. Фарзандлари ташаббуси билан "Сўғдиёна" нашриётида шоирнинг ўзи чоп этишга улгуролмай қолган "Товушлар ва ранглар" номли китоби нашр этилди.
Суръат ака қисқа умр кўрди, бироқ ана шу давр ичида у адабиётимизда из қолдиришга улгурди, шогирдлар тайёрлади, касбга, шеъриятга садоқат бобида ибрат кўрсата олди.
Абдурасул АШУРОВ,
фахрий тележурналист.