“Мен – солиқ тўловчиман” акциясида самарқандлик ёшлар фаол иштирок этди

Давлат солиқ қўмитаси томонидан “Мен солиқ тўловчиман!” — “Я налогоплательщик!” шиори остида ёшлар ўртасида солиқ маданиятини шакллантиришга қаратилган акция Самарқандда ўзига хос тарзда бўлиб ўтди.
Унда 700 нафар умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари, олий таълим муассасалари талабалари катта иштиёқ ва фаоллик билан қатнашди.
Акцияда давлат солиқ ходимлари ёшларга солиқ сиёсатида бўлаётган ўзгаришлар, янгиликлар, имтиёз ва преференциялар ҳақида маълумот бериб, уларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб беришди.
Солиқ ва солиққа тортиш соҳасида билимга эга коллеж ўқувчилари вилоят давлат солиқ бошқармасида ташкил этиладиган “Ёш солиқчилар клуби”га таклиф қилинди. Улар мазкур клубда бошқарманинг малакали мутахассислари билан ёнма-ён фаолият юритиб, назарий билимларини амалиётда мустаҳкамлаш имкониятига эга бўлади.
Энг фаол қатнашчилар эса ёзги таътилда Давлат солиқ қўмитасининг “Хумсон” оромгоҳига таклиф қилинди.
ДСҚ Матбуот хизмати.