Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

МИБ Самарқандда 775,04 гектар ноқонуний эгаллаб олинган ер майдонларини ҳокимлик захирасига, фермер хўжаликларига ва кластерларга қайтарди

Бу каби рақамлар Самарқанд вилояти ҳокимлигида ўтказилган cуд ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш самарадорлигини ошириш бўйича ҳудудий кенгашнинг кенгайтирилган йиғилишида айтилди. Ҳолатлар таҳлилига бағишланган тадбирда муаммолар, камчиликлар очиқ айтилди.

Унда вилоят ҳокими, вилоят прокурори, адлия, суд, ички ишлар, солиқ, банк, молия тизими раҳбарлари, туман(шаҳар) сектор раҳбарлари ва бошқа мутасаддилар иштирок этиб, Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси томонидан олиб борилган ишлар кўлами, ундирувлар таҳлили ҳақида сўз юритилди.

- Жорий йилнинг ўтган беш ой давомида МИБ вилоят бошқармаси ва унинг ҳудудий тармоқлари томонидан жами 2,5 триллион сўмлик 221 120 та ижро ҳужжатлари юзасидан ижро тадбирлари амалга оширилган,  - дейди МИБ вилоят бошқармаси бошлиғи Алишер Закиров. - Шундан 1,5 триллион сўмлик 116 272 та суд органларидан келиб тушган бўлса, 1 трлн. сўмлик 104 603 та давлат солиқ органларидан, шунингдек, ИИБ, ДСЭОМ ва бошқа ваколатли органлардан келиб тушган ижро ҳужжатлари ташкил этади. Бу даврда бошқарма томонидан жами 1 трлн. 543 млрд. 181 млн. сўмлик 107 825 та ижро ҳужжатлари бўйича якуний қарорлар қабул қилиниб, 64 731 та ижро ишлари бўйича амалда салкам 650 млрд. сўм маблағлар ундирилди.

2020 йилнинг 1 декабридан бошлаб давлат фойдасига ундирувларнинг муайян қисмини “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари” бўйича жамғармаларга йўналтириш амалиёти йўлга қўйилди. Хусусан, жорий йилнинг ўтган беш ойи давомида 16,1 миллиард сўм пул маблағлари “дафтар”ларга ундирилиши таъминланди.

- Бироқ МИБ вилоят бошқармаси амалга оширган ишлар билан бир қаторда, мажбурий ундирув тадбирларини амалга оширишда мавжуд ресурс ва имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаяпти, - деди вилоят ҳокими Э.Турдимов. - Бугунги кунда бошқарма иш юритувида мулкий ундирувлар билан боғлиқ 975,1 млрд. сўмлик 113 295 та ижро ишлари, шу жумладан давлат фойдасига ундирувлар билан боғлиқ 494,6 млрд. сўмлик 60 002 та ижро ишлари қолдиқда сақланиб келмоқда. Ўтган 5 ойда бюджетга амалда ундирилган маблағлар миқдори бошқарманинг иш юритувида бўлган давлат фойдасига ундирувлар билан боғлик ижро ишлари сони ва миқдорига нисбатан атиги 19,6 фоизни ташкил қилмоқда.

Банклар фойдасига ундирувлар билан боғлиқ ижро ишларнинг ундирув аҳволи яхши эмас. МИБ вилоят бошқармаси томонидан банк фойдасига ундирувлар билан боғлиқ жами 303,6 млрд. сўмлик 3867 та ижро ҳужжатлари бўйича ижро ҳаракатлари амалга оширилиб, шундан 148 млрд. сўмлик 1042 таси бўйича якуний қарорлар қабул қилинган, амалда 69 млрд. 57,8 млн. сўм ундирилган.

Шу билан бир қаторда, бугунги кунда МИБ Самарқанд вилояти бошқармаси иш юритувида банк фойдасига кредит қарздорликларини ундириш билан боғлиқ 150 млрд. 225 млн. сўмлик 2854 та ижро иши ўз якунини топмаган.

Ушбу ижро ишларининг асосий қисми Самарқанд шаҳри (55,3 млрд. сўм) Паст Дарғом (23,5 млрд. сўм), Жомбой (12,8 млрд. сўм), Ургут (11,2 млрд. сўм), Пайариқ (7,1 млрд. сўм) туманлари ҳамда Каттақўрғон шаҳар (5,9 млрд. сўм) бўлимлари ҳиссасига тўғри келмоқда.

Шунингдек, жорий йилнинг 1 июнь ҳолатига алимент тўловларини ундириш билан боғлиқ ижро ҳужжатлари 32 162 тани ташкил этиб, алимент тўловчи қарздорлардан жами 20,5 млрд. сўмдан ортиқ алимент пуллари ундирувчиларга ундириб берилди.

Қарздор ва ундирувчи билан олиб борилган профилактик суҳбатлар ва чора-тадбирлар натижасида 452 та ёш оила яраштирилди. Ишсиз, ёрдамга муҳтож, оғир аҳволга тушиб қолган алимент тўловчи қарздор оталарнинг бандлиги таъминланди.

Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси томонидан суд қарорлари асосида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган қишлоқ хўжалиги захираси ер майдонларини давлат захирасига қайтариш ҳамда ноқонуний эгаллаб олинган ер майдонларида ўзбошимчалик билан курилган уй-жой ва қурилмаларни буздириш билан боғлиқ ижро ҳужжатлари ижросини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Жорий йилнинг 5 ойи давомида ноқонуний эгаллаб олинган жами 890,9 гектар ер майдонларини қайтаришга доир 545 та ижро ҳужжатлари бўйича мажбурий ижро тадбирлари амалга оширилган бўлиб, 775,04 гектар ноқонуний эгаллаб олинган ер майдонлари тегишли ҳокимият захирасига, фермер хўжаликларига ва кластерларга қайтарилди.

Амалга оширилган мажбурий ижро тадбирлари давомида 676 та ноқонуний қурилмалар буздирилиб, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган 201,76 гектардаги ер участкалари ҳокимият захирасига қайтарилган.

Йиғилишда вилоят ҳокими томонидан тегишли мутасаддиларга ундирувларни таъминлаш бўйича аниқ топшириқ ва кўрсатмалар берилди.

Дўстбек Сулаймонов,

МИБ вилоят бошқармаси катта инспектори.