МИБ ходими муштумзўр “қарздор” томонидан калтакланди

МИБ ходими муштумзўр “қарздор” томонидан калтакланди. Бу ҳақда ЎзА хабар бераяпти.

Мажбурий ижро бюросининг Гулистон шаҳар бўлими давлат ижрочиси А.Х. фуқаролик ишлари бўйича Боёвут туманлараро судининг қарздор А.Ю.дан ундирувчи АТБ “Агробанк” Боёвут филиали фойдасига 10 133 000 сўмлик кредит қарздорлигини ундириш ҳақидаги ижро ҳужжати бўйича қарздорнинг Гулистон шаҳар “Аҳиллик” маҳалла фуқаролар йиғинидаги яшаш манзилига қарздорликни ундириш мақсадида борган.

А.Х. қарздорликни тўлаб беришни тушунтираётган вақтида, маст ҳолатда бўлган Ю.А. уйи дарвозасини қулфлаб олган. Сўнгра давлат ижрочиси А.Х.ни бўйнидан бўғиб, танасининг турли жойларига қўли билан уриб, оёғи билан тепган. Ўзига нисбатан юритилган ижро ишини олиб қўйиб, давлат ижрочиси А.Х.ни хизмат вазифасини бажаришдан воз кечишга мажбур қилган.

Ҳолат юзасидан Гулистон шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ўтказилмоқда.