“МИБчиларнинг "футбол"идан чарчадим. Қарз бериб, ундиролмай сарсонман”

Мурожаатим мажбурий ижро бюроси ходимларининг хатти-ҳаракатлари тўғрисида. Мен Нарпай тумани Мажбурий ижро бюроси ходимларининг фаолиятидан мутлақо норозиман.

Негаки, Азиза С. мендан 22 миллион 500 минг сўм қарз олганди. Уни вақтида қайтармагани учун судга бердим. Суд қарзни мажбурий ундириш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқарди.

Ҳамма бош оғриғи шундан кейин бошланди. Негаки, аввалига МИБ  ушбу манзилда яшамаслиги боис А.Санақуловага нисбатан қидирув эълон қилинганлиги тўғрисида жавоб хати берди.

Орадан 40 кунлар ўтгач, қарздор топилмаганлиги учун ижро ҳаракатлари тугатилганлиги тўғрисида жавоб хати олдим.

Шу гапга ишониш мумкинми? Рўйхатда турган уйида эмас, катта онасининг (бувиси) уйида яшаётган аёлни топиш учун катта куч ва ақл талаб қилинмайдику?! Қолаверса, Азиза С. чет элга кўчиб кетмаган.

Саволлар кўп. Лекин жавобнинг тайини йўқ.

Тўғрисини айтганда, Мажбурий ижро бюроси ходимларининг бундай “ўйинлари” тинка-мадоримни қуритди.

Ўйлаб қолдим, додимни кимга айтай?

Нурмурат КУЛАНОВ,

Нарпай тумани Қорахитой қишлоғи.