Микроавтобус ҳайдовчиси ухлаб қолиши натижасида содир бўлган ЙТҲда 7 киши жабрланди, икки нафари вафот этди
Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманида 2019 йил 19 июль куни соат 05.20 ларда Бухоро вилояти Жондор туманида яшовчи 25 ёшли Ш.Д. бошқарувидаги “Газель” русумли микроавтобусни “А.Навоий” МФЙ ҳудудидан ўтувчи “Термиз-Тошкент” йўлида ҳайдаб кетаётиб, ухлаб қолиши оқибатида йўл четида тўхтаб турган Навоий вилояти Хатирчи туманида яшовчи 34 ёшли Р.М. бошқарувидаги “Мерседес-Бенц” русумли юк автомашинасини тиркамасининг орқа қисмига урилиб, йўл-транспорт ҳодисасини содир этган.
Натижада “Газель” микроавтобуси йўловчиси Бухоро вилоятида яшаган 1956 йилда туғилган Н.А. исмли аёл жароҳат олиб, воқеа жойида вафот этган. Шунингдек, “Газель” микроавтобусининг уч нафар йўловчилари жароҳат олиб касалхонага ётқизилганлар ва кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай бир нафар йўловчи вафот этган. Ҳайдовчи Ш.Д. ҳамда қолган 4 нафар йўловчиларга касалхонада тиббий ёрдам кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси хабар беришича, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.