Микро ГЭСлар аҳолининг энергияга бўлган талабини қондиради

Мамлакатимизда электр энергияси ишлаб чиқаришда минигидроэлектр станциялар қулай ва самарали бўлмоқда. Улар умумий тармоққа уланмасдан, ҳар бир ҳудуд ва маҳалла кесимида аҳолини электр билан таъминлай олади. Олинадиган электр таннархи ҳам бошқа манбаларга нисбатан анча арзон. Гидроэлектростанцияларнинг қулайлиги шундаки, улар суви кам дарё ёки каналларда ҳам мунтазам электр ишлаб чиқариши мумкин.
Президентимизнинг 2023 йил 16 февралдаги “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан 2024-2025 йилларда вилоятимизда бешта микрогидроэлектр станция қурилади. Улардан бири - Паст Дарғом туманида қуввати 760 кВт бўлган Микро ГЭС-3 фойдаланишга топширилган. Айни вақтда туманда бунёд этилаётган 5 та микроГЭСдан иккитаси фойдаланишга қабул қилинган. Умуман, бугун “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамиятига қарашли “Самарқанд ГЭСлари каскади” филиали 8 та катта ГЭС ва 10 та микро ГЭСлардан иборат бўлиб, уларда 165 нафар малакали муҳандис-ходимлар меҳнат қилмоқда. Бугунгача ишга туширилган 8 та кичик гидроэлектростанцияларнинг умумий қуввати 69,9 мегаваттни ташкил этади.
- Дарғом каналида қурилган станциямизга ўрнатилган қурилмалар Хитойнинг «JINLUN» компанияси томонидан олиб келинган бўлиб, улар электр энергияси ишлаб чиқариш учун қулай ва самарали ҳисобланади, - дейди МикроГЭС-3 бошлиғи Азимжон Исроилов. - Ҳозирда мазкур ГЭС суткасига 15-18 минг кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқармоқда. Бу 400 та хонадонни электр энергия билан таъминлашга етади.
Вилоятда дастур бўйича 107 та кичик ГЭС қуриш кўзда тутилган бўлиб, ҳозирча улардан 16 тасининг лойиҳа ҳужжатлари тасдиқланган. Аксарият микро ГЭСлар Дарғом каналида қурилади ва уларнинг электр ишлаб чиқариш ҳажми ўртача 2 миллион кВт/соатни ташкил этади. Шунингдек, каналнинг Ургут тумани ҳудудида ҳам яна шундай тўртта микро ГЭС қурилиши давом этмоқда.
- Кейинги тўрт йилда 5 та микро ГЭС қурилиб, фойдаланишга топширилган бўлса, жорий йилда яна 3 таси ўз фаолиятини бошлади, - дейди "Самарқанд ГЭСлар каскади" филиали директори Бахтиёр Пирмуҳаммедов. – Айни вақтда 2 та микро ГЭСда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Тез орада улар ҳам фойдаланишга топширилгач, гидроэлектростанцияларимизнинг жами қуввати 5,1 мегаваттга етади. Белгиланган дастурлар асосида тасдиқланган 16 та лойиҳанинг 11 тасини хусусий маблағлар ҳисобига амалга ошириш режалаштирилган.
2024 йилда Тойлоқ туманининг Галаботир маҳалласи ҳудудида қурилган "Шовдор" ГЭС-3га малакали муҳандис У.Маматов бошчилик қилади. Қуввати 6,4 МВТ бўлган мазкур гидростанциянинг 2 та кучли қурилмалари Россиядан олиб келинган. 18,4 миллион доллар эвазига барпо этилган мазкур станция йилига 32,5 миллион кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқаради.
- Ҳозирда мазкур ГЭС суткасига 120-140 минг кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқармоқда, - дейди У.Маматов. - Ишлаб чиқарилган электр энергияси туманнинг 10 дан зиёд маҳалласида истиқомат қилаётган 17 мингга яқин аҳоли хонадонларини чароғон этяпти. Автоматлаштирилган замонавий қурилма ва гидрогенераторлар ишлатишга жуда қулай, инсон омилини сезиларли равишда камайтириши билан эски ГЭСлардан бутунлай фарқ қилади.
Микро ГЭСлар электр энергияси ишлаб чиқаришда самарадорлиги ва сарфланган маблағни тезда қоплаши билан ўзини оқлаган. Шу сабаб юртимизда уларнинг сонини кўпайтириш ҳамда уларга кетадиган қурилмаларни маҳаллийлаштирган ҳолда ишлаб чиқариш учун давлатимиз, хусусан, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан салмоқли маблағ сарфланмоқда. Бу ишлар амалга ошадиган бўлса, сув сарфи кам бўлган дарё ва каналларда ҳам бундай кичик лойиҳаларнинг сони кўпаяди.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.