Миллий валюта долларга нисбатан қарийб 14 фоизга қадрсизланган. Нега?
2020 йилда пул бозорини ривожлантириш ва пул-кредит сиёсати инструментлари самарадорлигини ошириш, пул-кредит соҳасидаги қарорлар шаффофлигини таъминлаш ва Марказий банкнинг иқтисодиётдаги инфляцион кутилмаларни пасайтиришдаги ролини янада кучайтириш бугунги кундаги долзарб масалалардан бўлиб турибди.
Тўлов балансидаги манфий сальдо ЯИМга нисбатан 5 фоизни ёки 3,2 миллиард долларни ташкил этаётганлиги иқтисодиётга катта салбий таъсир берувчи омил бўлиб қолмоқда. Йил якуни бўйича ялпи ташқи қарзнинг ЯИМга нисбатан 40 фоизни ташкил этиши, мазкур кўрсаткичнинг йил давомида 7,6 фоизга ошганлигини ижобий баҳолаб бўлмайди.
Банклар томонидан берилган жами кредитларда узоқ муддатли кредитларнинг салмоғи 2018 йилги 95 фоиздан 92 фоизга тушиб кетиши банкларнинг стратегик мақсадларни кам кўзлаб фаолият юритаётганлигидан далолат беради. Хорижий валютада берилган кредитлар салмоғи 48 фоизни ташкил этиб, бу “долларлашув” даражаси юқори эканлигини кўрсатади.
Йил давомида умумий пул массаси деярли 14 фоизга ортгани ҳолда, фақат нақд пуллар миқдорининг ўзи 9,4 фоизга ортган. Яъни, муомалада нақд пулнинг кўпайиб бориши ўз-ўзидан “яширин” иқтисодиёт улушининг сақланиб қолишига сабаб бўлмоқда.
Валюта сиёсатини олиб боришдаги муаммолар туфайли миллий валюта долларга нисбатан 13,9 фоизга қадрсизланиб, инфляциянинг ўсишига сабаб бўлган. Мамлакат халқаро захираларининг ЯИМдаги улуши 2018 йилдаги 54 фоиздан 50 фоизга тушиб қолган. Бунга бугунги давлат кўп миқдорда тиббиёт маҳсулотларини импорт қилиши лозим бўлган шароитда муаммо туғдирувчи ҳолат деб қараш мумкин.
Марказий банк бошқарув раисининг Олий Мажлис Сенатига ҳисоботидан.