Минскда илк бор Ўзбек киноси кунлари ўтказилди
10 сентябрь куни Беларусь пойтахтида бошланган Ўзбек киноси кунлари ниҳоясига етди. Илк марта ўтказилган киномарафон Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланди. Барча фильмлар бепул намойиш этилди.
Жума куни томошабинлар эътиборига Иккинчи жаҳон уруши давридаги реал воқеаларга асосланган "Ezgu film" киностудиясида, режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов томонидан суратга олинган «Илҳақ» фильми намойиш этилди. Фильмнинг бош қаҳрамони - беш ўғилни ёлғиз тарбиялаган, уларни урушда йўқотган она Зулфия Зокирова. Фильмда жасорат, куч, садоқат ва метин ирода мавзуси кўтарилган. Сценарий муаллифлари Ҳасан Тошхўжаев ва Жаҳонгир Аҳмедов. Фильм продюсери Зафар Йўлдошев.
11 сентябрь куни Жаҳонгир Аҳмедовнинг яна бир фильми - Жўрабек Рўзметов сценарийси асосида суратга олинган «Исломхўжа» бадиий фильми беларусь томошабинларига тақдим этилди. Ушбу кинолента Хива хонлиги вазири Исломхўжа ҳаётига бағишланган. Мазкур киноасарнинг продюсери ҳам Зафар Йўлдошев.
Якшанба куни буюк ўзбек кинорежиссёри Шуҳрат Аббосовнинг «Сен етим эмассан» фильми намойиш этилди. Унда Иккинчи жаҳон уруши йилларида турли миллатга мансуб 14 нафар етим болани асраб, тарбиялаган темирчи Шоаҳмад Шомаҳмудов оиласи ҳақида ҳикоя қилинади.