Мирбозорда содир бўлган ЙТҲ бўйича қўшимча маълумот берилди

Аввалроқ, 2020 йилнинг 16 март куни соат 21:40 да Нарпай туманида йирик йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлгани ҳақида хабар берган эдик.

Текшириш натижасида аниқлашича, 29 ёшли А.Я. “Lacetti” русумли автомашинани “Оқтош-Мирбозор-Лангар” 4R-56 йўлида бошқариб келиб, йўл-ҳаракат хавфсизлиги қоидаларини бузган ҳолда М-37 автомобиль йўлини иккига ажратиб турувчи бетон тўсиқни уриб ўтиб, ушбу йўлнинг иккинчи қисмининг 105-километрида “Тошкент-Хоразм” йўналиши бўйлаб 53 ёшли И.Ж. бошқарувида бўлган, 18 нафар йўловчилар билан ҳаракатланиб келаётган “Газель” русумли автомашинага урилиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир қилган.

Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида “Газель” русумли автомашина ҳайдовчиси И.Ж. ва шу автомашинанинг йўловчиси 61 ёшли Р.С. ҳодиса жойида вафот этган. Ушбу автомашинанинг 2 нафар йўловчилари оғир ва 9 нафар йўловчилари енгил даражадаги тан жароҳати олган бўлиб, уларга тиббий ёрдам кўрсатилган, қолган 6 нафар йўловчилар тан жароҳати олмаганлиги аниқланган. Шунингдек, “Lacetti” русумли автомашина ҳайдовчиси А.Я., тан жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган.

Бундан ташқари, мазкур йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида С.Э.га тегишли “ВАЗ-2106” русумли ҳамда С.Ш.га тегишли “Nexia” русумли автомашиналарга “Газель” русумли автомашина тўқнашиши туфайли транспорт воситаларига шикаст етказилганлиги, ҳайдовчилар эса тан жароҳатлари олмаганлиги аниқланган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан Нарпай тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди (одамлар ўлимига сабаб бўлган транспорт воситасини бошқарувчи шахс томонидан транспорт воситаларининг ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.