Мия жароҳати туфайли “ўз касбини ўзгартирган” ёки даҳога айланган одамлар
Умуман олганда, даҳонинг туғилиши лотереяга ўхшайди: агар омадли бўлса, оддий оилада Бетховен, Ньютон ёки Никола Тесла каби даҳолар туғилиши мумкин. Бошқача бўлиши ҳам мумкин: ҳаётда жиддий жароҳатлар натижасида даҳолик ўзини намоён қилган ҳолатлар ҳам содир бўлиб турган. Олимлар бу ҳодисани савант синдроми деб аташади: у баъзи одамларга ақлбовар қилмайдиган қобилиятларни беради. Тўғри, кўпинча бундай даҳолик уларга жуда қимматга тушади.
Қуйида мия шикастланиши натижасида муваффақиятга эришган одамлар тўғрисида сўз юритилади.
Жон Саркин
Жон Саркин 30 ёшигача оддий ҳаёт кечирди, у оилақурди, ўғлини тарбиялади ва мануал терапия ёрдамида одамларни даволарди. Бўш вақтида Жон гольф ўйнарди – айнан шу ўйинлардан бири деярли фожиа билан тугади. 1988 йилда гольф ўйнаб юрган Саркиннинг миясига қон қуйилди.
Зудлик билан касалхонага ётқизилган Жоннинг миясида жарроҳлик операцияси ўтказилди, шифокорлар унинг мия тўқималарининг кичик қисмини олиб ташлашига тўғри келди. Беҳушликдан уйғонгач, собиқ мануал терапевт рассомга айланди! У сюрреал тушлар кўра бошлаганини ва кўрганларини холстга тушириш истаги борлигини айтди. Жон Саркин аввалги ишини ташлаб, расм чизиш ва ганчкорлик билан шуғуллана бошлади.
Саркиннинг истеъдоди мухлисларга ёқиб тушди, тезда унинг ҳайратланарли қиссаси оммавий ахборот воситаларида тарқалди. Миядаги кичик бир кесик Жонни замонавий рассомга айлантирди, унинг асарлари деярли 30 йил давомида бутун дунё бўйлаб галереяларда намойиш этилиб келинади.
Лей Эрцег
2009 йилда 49 ёшли Лей Эрцегтик жарликка тушиб кетди. Аёл боши ва орқа умуртқасидан жиддий жароҳат олди. Шифохонадаги муолажалардан сўнг унинг умуртқа поғонаси тезда нормал ҳолатга қайтди: Лей тезда тузалиб, ҳатто ногиронлик аравачасисиз юриб кетди,бироқ унинг бош жароҳатининг ҳолати бироз мураккаброқ эди.
Бахтсиз ҳодисадан кейин Лей хотирасини йўқотди: у болалигини, қариндошларини эслай олмас эди, унда ҳатто ҳис-туйғуларни ҳис қилиш қобилияти ҳам йўқ эди. У табассум қилиши ёки кулиши мумкин эди, лекин ўзи нима учун бундай қилиш кераклигини ҳам тушунолмасди.
Қарангки, бу ерда ҳам “тасалли берувчи” супер қобилиятлар ёрдамга келди. Эрцегнинг сўзларига кўра, у товушларни кўриш ва рангларни эшитишни ўрганди, шунингдек Лей маълум бир математик қобилиятлар эгасига айланди. Энди у математик тенгламалар асосида аниқ геометрик шакллардаги тасвирлар яратиб, ажойиб расмлар чизади (қандай тенгламалар ҳақида гап кетишини фақат Лейнинг ўзи билади, расмлар яратиш жараёнини у шундай изоҳлайди).
Франко Маньяни
1965 йилда италиялик муҳожир Франко Маньяни яхши ҳаёт ортидан Сан-Францискога кўчиб ўтди. Бир неча йилдан сўнг у безгакка чалинди, касалхонада ётқизилган Франко телбаларча юриб, ўзини доимий равишда она шаҳри Понтито кўчаларида кўрар эди. 10 йилдан бери болалиги ўтган шаҳарда бўлмаганига қарамай, шаҳардаги ҳар бир тафсилотни жуда аниқ тасвирлаб берарди.
Шифохонадан чиққач, Франко ўз тасаввурларини мой-бўёққа солиб, ифодалай бошлади. Маньяни илгари ҳеч қачон расм чизмаган бўлса-да, унинг биринчи расми жуда аниқ ва ифодали бўлиб чиқди. Кейинги расмларда Франконинг мияси ўз шаҳрининг уч ўлчовли моделини яратди.
Қизиғи, Франко бошқа жойни бунчалик маҳорат билан тасвирлай олмайди. у 30 йилдан ортиқ вақт давомида болалиги ўтган шаҳарнинг бурчакларини фотографик аниқликда чизиб келади.
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.