Можароли карикатура чизган рассом бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этди
Рассом Ларс Вилкс ва уни қўриқлаган икки полициячи Швеция жанубида йўл-транспорт ҳодисасида ҳалок бўлди, дея хабар берди Frans Press агентлигига маҳаллий полиция вакили.
Ҳодиса кеча, 3 октябрь куни тушдан кейин Маркарид шаҳри яқинидаги Е4 йўлида юз берган. Рассом кетаётган машина юк машинаси билан тўқнашган, оқибатда иккала машина ёниб кетган. Маҳаллий полиция вакили содир бўлган воқеа уюштирилган бўлиши мумкин, деган тахминни рад этди.
"Агар шундай бўлганида тергов бошқача йўналишда бўларди. Ҳодисада икки полициячи бўлгани учун тергов махсус прокуратура бўлимига ишониб топширилди", деган агентлик суҳбатдоши.
Гап шундаки, Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.)нинг карикатураси 2007 йилнинг ёзида швед газеталаридан бири Nerikes Allehanda томонидан нашр этилганидан кейин швед матбуоти Ларс Вилкс ҳақида ёзишни бошлади.
Ларс Вилкс атрофидаги вазият 2005 йилда Даниянинг Jllands-Posten газетасида бошқа рассом Курт Вестергор томонидан чизилган Муҳаммад (с.а.в) карикатураси чоп этилгач содир бўлган жанжалларнинг акс-садоси бўлди ва мусулмон дунёсида норозилик тўлқинини келтириб чиқарди. Шундан сўнг Ларс Вилкс таҳдидлар туфайли полиция ҳимоясига олинган эди.