Мол-мулк ва ер солиғи тўлашда кимлар имтиёзга эга бўлади?

- Ўзини ўзи банд қилиш фуқарога қандай қулайлик келтиради?

- Бунинг учун қанча тўловни амалга ошириш лозим?

- Йилда бир марта тўлов ҳисобига иш стажига эга бўлиш мумкинми?

- Қайси касб эгалари ўзини ўзи банд қилиши мумкин?

Бу ҳақда вилоят Матбуот уйида вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Фарруҳ Аҳмеджанов иштирокида вилоятимизда ўзини ўзи банд қилиш борасида ишлар ва мол-мулк ва ер солиқларининг тўланишига бағишланган матбуот анжуманида маълумот берди.

Тегишли ҳуқуқий ҳужжатларга кўра, республикамизда 68 та фаолият билан шуғулланувчи фуқаролар давлат рўйхатидан ўтган ҳолда ўзини ўзи банд қилган ҳисобланади. Ўзини-ўзи банд қилган фуқаролар ижтимоий солиқни ҳақиқатда ишлаган вақтидан қатъи назар базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари (270 000 сўм) миқдорида солиқ тўловларини амалга оширса, бир йиллик иш стажига эга бўлиши белгиланган. Масалан, эндиликда мустақил равишда ҳамширалик билан шуғулланмоқчи бўлган ўрта тиббиёт мутахассислари ҳам ўзини-ўзи банд қилишлари мумкин. Бунинг учун Soliq мобиль иловаси ёхуд солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали амалга ошириб, рўйхатдан ўтгандан сўнг матрицали штрих код (QR-код)ли гувоҳнома берилади.

2020 йилда вилоятимизда 77 974 нафар фуқаро ўзини ўзи банд қилган бўлса, жорий йилнинг ўтган даврида бундай фуқаролар сони 82 943 нафарни ташкил этган.

- Республикамизда жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиғини тўлаш тенг улушларда 15 апрель ва 15 октябрга қадар белгиланган, - дейди Ф.Аҳмеджанов. - Солиқ суммаси мол-мулкнинг 1 январдаги ҳолатига кўра бўлган кадастр қийматидан ва белгиланган солиқ ставкасидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади.

Мисол учун, шаҳарларда жойлашган уй-жойлар ва квартиралар, умумий майдони 200-500 квадрат метргача 0,3 ставкада, 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган уй-жойларга 0,4 ставкада солиқ қўлланилади. Бошқа аҳоли пунктларида жойлашган, умумий майдони 200 квадрат метрдан ортиқ бўлган уй-жойлар

ва квартиралар, дала ҳовли иморатлари учун 0,3 ставкада солиқ ҳисобланади.

Бунда қаҳрамонлик унвонига сазовор бўлганлар, ногиронлар, 10 нафардан ортиқ фарзанди бор оилалар тегишли ҳужжатлар асосида солиқдан имтиёзга эга бўлади.  

Шунингдек, республикамизда 1 квадрат метр учун белгиланган солиқ ставкаси маҳаллий кенгашларнинг қарорига асосан 0,5 фоизга камайтирувчи ва ёки 2 фоизга оширувчи коэффициентларни қўллаши мумкин.

Бугунги кунда ҳудудий туман ва шаҳар давлат солиқ инспекцияларининг маълумотлар базасида 239 018 нафар фуқарога имтиёзлар қўлланилиб келинмоқда. Жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатига Кадастр палатаси томонидан тақдим этилган маълумотларига кўра, вилоятимизда 878 909 та объект мавжуд бўлиб, шундан 309 758 тасининг кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилган ва ҳуқуқлари давлат рўйхатидан ўтказилиб, 569 151 таси давлат рўйхатидан ўтказилмаган.

Шунингдек, ер участкаларидан ҳужжатларсиз ёхуд ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилганидан каттароқ ҳажмда фойдаланилганда, солиқ ставкаси белгиланган солиқ ставкаларининг уч баравари миқдорида белгиланади.

Маълумот учун бугунги кунда вилоят бўйича 870 414 нафар мол-мулк ва ер солиғи тўловчиси мавжуд. Айни пайтга қадар мол-мулк ва ер солиқларидан 135 017,2 миллион сўм ундирилиши таъминланган.

Ўктам Худойбердиев.