Молдовада президентлик сайловлари бўлиб ўтмоқда
Бугун тонгда Молдова Республикасида президентлик сайловларида овоз бериш учун сайлов участкалари бутун мамлакат бўйлаб очилди. 1 ноябрь, якшанба куни республика аҳолиси келгуси тўрт йилликдаги давлат раҳбарини сайлайди. Бу ҳақда РИА Новости нашри хабар берди.
Соат 7.00 да (Тошкент вақти билан 10.00) Молдова ҳудудида 2 мингдан ортиқ сайлов участкалари иш бошлади, яна 139 та сайлов участкаси хорижий давлатларда ташкиллаштирилган. Овоз бериш пунктларида кузатув камералари ўрнатилган. Пандемия хавфи туфайли барча сайловчиларга ҳимоя ниқоблари тақдим этилмоқда.
Жорий йилда Молдовада ўтказилаётган президентлик сайловларини 1900 га яқин маҳаллий ва 309 нафар халқаро кузатувчи кузатиб боради. Молдова қонунчилигига биноан, рўйхатга киритилган сайловчиларнинг ярмидан кўп овозини олган номзод президентлик сайловларида ғолиб ҳисобланади. Агар овозлар 50 фоиздан кам бўлса, икки ҳафтадан сўнг иккинчи тур бўлиб ўтади. Иккинчи турда ким кўп овоз олса ўша номзод ғолиб деб эълон қилинади.