Муборак қадамжо маданий мерос рўйхатига киритилди

Паст Дарғом туманида азиз қадамжолар кўп. Аммо бу муқаддас жойларни аниқлаш, ушбу маданий мерос ҳақида аниқ манбаларга асосланиб, маълумотлар топиш ва халққа етказиш катта масъулиятли иш саналади.

Яқинда тумандаги «Ошиқ ота» зиёратгоҳи анча «елиб-югуриш»лар натижасида маданий мерослар объекти рўйхатига киритилди.

Бу эзгу ишда тумандаги 28-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Акмал Ҳамроев ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Музаффара Абдиеванинг ҳиссасини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Тошларга битилган тарихни ўрганиш, улардаги тилсим сеҳрини кимгадир, кимларгадир етказиш учун жасорат, қунт, сабр, муҳими, қизиқиш керак. Бу борада тажрибали тарихшуносга айланган А.Ҳамроевнинг ўзи билан бу борада суҳбатлашдик.

- Тарихга қизиқишим болалигимдан бошланган, - дейди Акмалжон. Бунда бобом Муродулла Норовнинг ҳиссаси катта бўлган. Қолаверса, онам ҳам зиёли. Тарих тилсимларини очиш учун “иш”ни туманимиздаги «Ошиқ ота» номи билан танилган зотга доир тарихни ўрганишдан бошладим. У кишининг «Девони Ошиқ» номли китобини архивдан топиб, таржима қилдирдим ва туманимизда оммага тақдим қилишга эришдим. Чунки кўпчилик тумандошларимиз “Ошиқ ота” зиёратгоҳига боришса-да, у кишининг ўтмиши ва ҳаёт йўли хусусида тўлиғича билмайди. Сўнг зиёратгоҳда бир неча ҳали ўрганилмаган табаррук зотларнинг қабртошлари мавжудлиги, унинг тарихи бир неча 100 йилларга бориб тақалиши, ушбу қадамжода илмий-тадқиқот ишлари ҳамда таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари олиб борилиши зарурлигини англадим. Шунинг учун келажак авлодга мазкур меросни қадрлаш, бу орқали улар шуурига маданий меросимиз аҳамиятини сингдириш лозимлиги хусусида Қонунчилик палатаси депутати М.Абдиевага мурожаат билан чиқдим. Натижада «Ошиқ ота» зиёратгоҳи маданий мерос объекти рўйхатига киритилиб, 2023 йилда давлат бюджетига ажратилган маблағларнинг иқтисод қилинган қисмидан ушбу қадамжода таъмирлаш ишлари олиб борилиши режалаштирилди.

-  Сизни тошларга битилган «тарих»ни ўқий олишда ҳам уста, дейишади...

-  Айтайлик, бир қабртош. У ким учундир тилсимга тўла, ким учундир оддий тошдек кўринади. Энди тасаввур қилинг, битикларнинг тарихга муҳрланишида сангтарошнинг сабрию меҳнатини. Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, тошларга сура, оят, марсиялар туширилган. Қолаверса, катта қабртошлари одатда амирлар, шаҳзодалар, хон яқинлари, жамият ва тариқат арбобларига қўйилиб, уларга марсиялардан ташқари шажаралар, насабномаларни ҳам туширишган. Бу ўта муҳим манба эмасми тарих учун. Бошқача айтганда, тошларга битилган тарихимиз ҳам маданий мерос. Аммо минг афсуски, яқин ўтмишгача республикамиз сарҳадларидаги, айниқса, олис туман қишлоқлардаги қабртошларига ҳурмат ва эҳтиром бажо келтирилмас эди. Айрим ҳудудларда қабртошлар иншоот пойдеворлари ва бошқа жойларга безак сифатида олиб кетилган. Агар қабр тошларидаги маданий меросимиз, ҳаттотлик ва сангтарошлик санъати маҳсули бўлмиш тошлардаги ёзувларга эҳтиромни қайта тикласак, нур устига аъло нур бўларди.

Биласизми, баъзида “Ўқитувчи бўлсанг, ўқувчиларга дарсингни бериб юравермайсанми? Доим аллақандай ёзувларни «титкилаш» билан оворасан”, деган гапларни ҳам эшитиб қоламан. Лекин она замин тарихи, айниқса, инсон ўзи яшаётган туманда яшаб ўтган алломалар, муқаддас зотлар тарихи, уларнинг қабртошларига битилган азиз фикрларни кимгадир, кимларгадир етказиш ҳам савоб эмасми? Айниқса, мени бу борада қўллаб-қувватлаган Ислом цивилизацияси катта илмий ходими Насриддин Мирзаев, Комилхон Каттаев, депутат Музаффара Абдиева, вилоят маданий мерос ва археология бошқармаси мутахассисларидан миннатдорман. Чунки туманда нафақат “Ошиқ ота” зиёратгоҳи, балки Тозқултон, Катта Найман, Оқ олтин маҳаллалари, қолаверса, Гумбаз қишлоғидаги “Нажмиддин ота” қабристони, Ўтарчидаги “Кўктош ота” зиёратгоҳидаги қабртош битикларини ўрганишда икки забардаст олим - Бобур Аминов ҳамда Файзхўжа Маҳмудовлар ҳам яқиндан кўмак беришди.

Дарҳақиқат, тарих - ҳаёт, тарих – ҳақиқат, тарих - келажакка йўл. Унинг бағри тилсимга тўла. Келажак авлодга бу тилсим сеҳрини, қадрини тўлиғича англатмоқ учун эса бугунимиз масъулиятли бўлмоғи даркор. “Ошиқ ота”, яъни XI-XII асрларда яшаб, ижод қилган ҳазрати мавлоно Мир Неъматуллоҳ улуғ авлиёлардан бўлиб, бой ижод ва каромат соҳиби бўлган. Сўзимиз сўнггида аждодимизнинг ижод намунаси бўлган «Девони Ошиқ» асари таржимасидан мисоллар келтиришни лозим топдик: «Эй Роббим, турли кулфатларнинг зараридан бизнинг кўксимизни поклагин, ишқ нури билан бизнинг гина-кудуратсиз қалбимизга сайқал бергин...», «Бизнинг қалб кўзимизга рози дилларимиз сабаб тажаллий бергин».

Гулжаҳон Мардонова.