Муҳим объектлар хавфсизлиги қандай таъминланяпти?

Бу саволга Самарқанд шаҳрида вилоят ҳокимлиги, миллий гвардия қўриқлаш ҳамда фавқулодда вазиятлар бошқармаси вакиллари иштирокида “Муҳим объектларни инженер-техник қўриқлаш воситалари билан жиҳозланиши ҳамда саноат ва ёнғин хавфсизлиги таъминлашни ташкиллаштириш" мавзусида ташкил этилган ўқув-семинарда жавоб изланди.

"Самарқанд магистрал электр тармоқлари" филиалидан ташқари Фарғона, Андижон, Қашқадарё, Сурхондарё каби республикамизнинг етти вилоятидан келган соҳа мутахассислари иштирок этган семинарда мутахассислар ҳудудлардаги муҳим объектларни қўриқлаш, ҳарбий хизматчиларни ҳарбий тайёргарлигини юксалтириш юзасидан қилинаётган амалий ишлар юзасидан маълумот берди.
Таъкидланишича, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ тасарруфидаги юқори кучланишли нимстанцияларда хизмат қилаётган ҳарбий хизматчиларнинг билим-малакасини ошириш, ҳарбий тайёргарлик даражасини юксалтириш, саноат ва ёнғин хавфсизлиги масалалари юзасидан тегишли ўқув семинарлари ҳамда машғулотлар ўтказиш белгиланган.
- Вилоятимиз ҳудудида турли тоифадаги 7 та подстанция аҳолига электр энергияси етказиб беришга хизмат қилмоқда, - дейди Самарқанд магистраль электр тармоқлари филиали директори Файзулла Қурбонов. – Улардан энг йириги Ургут туманидаги «Сўғдиёна-500» подстанцияси ҳисобланади. Шу сабабли ушбу объект миллий гвардия, ФВБ, ички ишлар каби махсус хизматлар томонидан қаттиқ қўриқланади.
Семинар иштирокчилари ушбу 500 кВли «Сўғдиёна» подстанциясида ҳам бўлиб, ҳарбийлаштирилган бўлинмаларнинг тоифаланган объектларини қўриқлаш ва мудофаа қилиш бўйича машғулотлар ҳамда махсус тактик-ўқув машқларида бевосита иштирок этишди.

Дилмурод Тўхтаев.