Мужда

Қиш сўнгида осмон қўнғиртоб,
Шамол ўртар дил хуморини.
Қайдан келдинг, эй, совуқ шитоб,
Чертиб қолди, дарахт торини?!
Кўз очирмас, ҳислар тўзони,
Гул-чечаклар ўксир далада.
Ҳут ҳамласи-ҳаёт мезони,
Бу ҳам қишга доир яллада.
Ўкинмагин, бири кам февраль,
Умрим қолди-дея саноқли.
Шеърга эш бўл, ғазалга эврил,
Шоир туғиб бўлдинг ардоқли.
Тушга кирар сумалак-қандил,
Кўнгил, энди адирларга чоп.
Сенинг учун битиб қўйгандир,
Баҳор майсалардан кўккитоб!
...Оқ фаслнинг ойдин чоғида,
Йўллар кўлмак, қор ҳам саргашта.
Одамларнинг кўз, дудоғига
Наврўз сўзи қўнмоқда аста.
Тошпўлат ЎРХУН.