Мумиё қандай пайдо бўлган?
Биз қадимги Миср мумиёлари ҳақида эшитганмиз, лекин унинг қандай пайдо бўлгани ҳозиргача сир эди. Олимларнинг аниқлашича, қадимги одамлар жасадининг бизгача бузилмай етиб келиши борасида табиатнинг ўзи қайғурган экан. Уларни ботқоқлик одамлари, дейиш тўғрироқ. Бу одамларнинг мумиёланган қолдиқлари Шимолий Европа: Англия, Дания, Германия, Нидерландия ва Швеция торфли ботқоқликларида минглаб топилди.
Гап шундаки, торф ботқоқликларида жасадлар бузилмасдан, ўзоқ вақт сақланар экан. Яъни, торф ботқоғи мумиё вазифасини ўтайди. Замонавий радио углерод таҳлили ёрдамида улар ўрганилганда тахминан 2000-2500 йил аввал яшагани аниқланди. Яна бир яхши сақланган европалик аёл жасади текшириб кўрилганда ундан ҳам кўп – эрамизгача 800 йил аввал яшагани маълум бўлди.
Бу одамларнинг ботқоқликдан мангу қўним топишига нима сабаб бўлган? Танасида ҳеч қандай ташқи таъсир излари йўқ бу инсонлар чўкиб ўлган, деб ҳисоблайди олимлар. Яна бошқалари эса Худога қурбон қилинган ёки жиноят қилгани учун жазо сифатида ботқоққа улоқтирилган бўлиши мумкин. Чунки ботқоқликдаги жасадлар орасида буғилгани ёки буғизлангани кўп учрайди.
Т.ШОМУРОДОВ тайёрлади.