Мумтоз Маҳал бегим автоҳалокатда вафот этган(ми?)

Ҳиндларнинг “Харобадан чиққан миллионер” фильмида бир сюжет бор. Фильм бош қаҳрамони 7-8 ёшлардаги Жамол Малик Тожмаҳал эшиги олдида тиланчилик қилаётганда унга хорижлик сайёҳлар дуч келади. Улар гуруҳдан ажралиб қолгани, мақбарани айланиш ниятини билдиради. Вазиятни фаҳмлаб қолган Жамол имкониятни қўлдан бой бермай, “Тожмаҳал” бўйлаб уларга йўриқчилик қилади. Ўзини росмана гидлардек тутиб, буюк обида қурилишининг сабабчиси бўлган Мумтоз Маҳал бегим ҳақида гапираётиб, шундай дейди:

- У гўзал аёл эди, афсуски, автоҳалокатда вафот этган.

- Эшитишимча у ўн тўртинчи фарзандини дунёга келтириш вақтида вафот этади, - дейди сайёҳ XVI аср ҳақида гап кетаётганига ишора қилиб.

Жамол ўзини йўқотмай жавоб беради:

- Ҳа, тўғри айтяпсиз, туғруқхонага кетаётганда автоҳалокатга учрайди...

Фильм ғоясидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, бу сюжетда Жамол қорин тўйғазиш учун пул топиш мақсадида қилган топқирлигига урғу берилган ва томошабинда енгил кулги уйғотади. Аммо бугун Самарқанд обидаларида мамлакат имиджини, буюк аждодлар хотирасини шубҳа остида қолдираётган, сайёҳларга мустамлака мафкурасига хайрихоҳлик мақсадида тўқилган афсона ва маталларни айтиб бераётган гидларнинг қандай важлари бор?

Биргина инглиз тили билан чекланиб қолишимиз тўғри эмас

Гидлар кўп қиррали касб эгалари. Ҳар қандай мамлакатга ташриф буюрган сайёҳ улар орқали ўша мамлакат ҳақида таассуротга эга бўлади, баҳо беради, Афсуски, кейинги пайтларда зиёратгоҳ ва қадамжоларда махсус таълим олмаган, тарихдан бехабар гид-йўриқчилар фаолият юритаётгани кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўляпти.    

- Республикамизда асосий таянч университет сифатида ҳар йили 20 нафардан ортиқ мутахассис тайёрлаяпмиз, - дейди “Ипак йўли”  туризм ва маданий мерос халқаро университети проректори Жўлибой Элтазаров. – Туризмда гид-таржимонлик меҳмонхона, транспорт хизмати, логистика билан бир хил аҳамиятга эга. Мамлакатга келаётган сайёҳ бу ерда энг кўп таржимон-йўриқчи билан мулоқотда бўлади. Афсуски, бизда гид-йўриқчиликка ўқиётган талабалар фақатгина чет тилини билсам бўлди, деган мақсадни олдига қўяди. Аслида гидлар энг аввал, мамлакат тарихи, миллатнинг урф-одат ва қадриятларини билиши лозим. Шу боис бугун туризм объектларида фаолият юритаётган гидлар сайёҳларга буюк аждодларимиз тўғрисида совет даври мафкураси таъсирида пайдо бўлган, ҳеч бир тарихий асосга эга бўлмаган воқеалар, афсоналарни сўзлаб беради. Бу тўқима ривоятлар тарихимизга, миллий, диний қадриятларимизга тўғри келмайди. Оқибатда буюк бир тарихни кўриш истагида келган сайёҳда юртимиз ҳақида салбий таассурот уйғотилади. Бунда фақат ёш гид-таржимонларни айблашдан йироқман. Буни тўғри йўлга қўйиш учун аввало, тарихимизни ёшларга асл ҳолича тақдим қилишимиз, соҳани турли ёт сиёсий мафкуралардан холи адабиётлар, қўлланмалар билан бойитишимиз лозим. 

Шу ўринда яна бир нарсани таъкидламоқчиман. Гид-йўриқчиларни тайёрлашда биргина инглиз тили билан чекланиб қолишимиз тўғри эмас. Ислом дунёсининг йирик давлатлари, хусусан, Индонезия, Малайзия ва араб мамлакатлари халқлари тилларини ҳам ўргатишни йўлга қўйсак, мақсадга мувофиқ бўларди. Сабаби, бизда туризм тармоғида зиёрат туризмининг ҳиссаси катта. Ҳар қандай кишига ўз она тилида гапирсангиз, сизга хайрихоҳлиги ортади, бир келган жойига яна келади. Меҳмондўстликни фақатгина миллий таомлар билан боғламасдан, миллатнинг маънавий, мафкуравий томонларини ҳам кўрсатишимиз керак. 

Илмсиз кишилар тўқима афсоналарга урғу беради

Мусулмон дунёсининг эътибор марказида бўлган юртимиздаги улуғ қадамжоларга зиёратга келган киши табиийки, буюк аждодларимиз ҳақида кўпроқ маълумот олишни истайди. Аммо бу ерда хизмат кўрсатаётган йўриқчилар бераётган маълумотлар уларни нафақат қониқтирмаяпти, балки кўпинча эътирозларига ҳам сабаб бўляпти. Масалан, ҳадис илмининг султони Имом Бухорий ҳақида унинг болалигида кўзи ожиз бўлгани, онаси фарзандининг илм олиши учун Ҳаж сафарига чиққани ҳақидаги маълумотлар ўттиз йилдирки, зиёратчиларга ёд бўлиб кетди. Ваҳоланки, бир неча йилдан буён бу ерда бутун бошли илмий-тадқиқот маркази фаолият юритяпти. Марказда алломанинг ҳаёти, фаолияти ҳақида минглаб илмий тадқиқотлар қилинди, бир нечта китоблар чоп этилди. 

- Афсуски, ҳалигача сайёҳларга йўриқчилик қилаётган гидлар бу китоблардан унумли фойдаланмаяпти, - дейди Имом Бухорий илмий-тадқиқот марказининг зиёрат туризмини ривожлантириш илмий бўлими бошлиғи Барот Амонов. – Мустақилликка эришган даврларда маълумотлар етарли бўлмаган, борлари ҳам тартибга солинмаган эди. Аммо бугун ишончли манбалар, қўлланмалар жуда кўп.

Ўтган юз йиллик мустамлака даврида алломаларимиз ҳақида турли бўҳтонлар тўқилган. Афсуски, ҳали-ҳануз айрим гид-таржимонлар ана шундай асоси йўқ, ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни гапириб юрибди. Айрим мажмуаларда турли соҳаларда ишлаб, нафақага чиққач, бу ерга ишга жойлашиб, ўзини диншунос кўрсатаётганлар кўп учрайди. Айни шундай илмсиз кишилар тўқима афсоналарга кўп урғу беради. Улуғ аждодларимизнинг буюклигини билдириш учун улар ҳақиқатда қилган ишларини, хизматларини айтишнинг ўзи кифоя. Улар биз тўқиётган ёлғонларга муҳтож эмас. Нафақат Имом Бухорий, соҳибқирон Амир Темурни ҳам фақат буюк саркарда ёки амиргина эмас, унинг ёшлиги, бу даражага етишидаги ҳаёти тўлиқ илмий асосда етказиб берилиши керак. Соҳибқироннинг ўн ёшида Қуръонни ёд олгани, она томондан бобоси Тегина хотуннинг отаси бухоролик Убайдуллоҳ Бухорийнинг буюк ислом фақиҳи бўлгани саркарда ҳақидаги тадқиқотларда эътибордан четда қолади. Улуғ саркарда ғалабаларининг манбаи нимада эканини англаш, шунчаки баёнчиликдан қутулиш лозим.

Зиёрат туризмини ривожлантиришда алломалар ҳаёти ва илмий меросини таништиришда маълум бир лойиҳа асосида яхлит қўлланма яратиш бугун олдимизда турган энг муҳим вазифалардан бири. Шундай манбаларни ўрганишда араб тили мутахассиси керак, айримлари археологик ўрганишларни талаб қилади. Шу сабабдан бу лойиҳа комплекс ёндашувни тақозо этади. Уммон султонлигида бўлганимизда уларда архив ва ҳужжатларни сақлаш департаменти борлиги эътиборимизни тортди. Ҳатто оғиздан-оғизга ўтиб келаётган маълумотларни ёши улуғ илмли кишилар тилидан ёзиб олиб, илмий асосда саралаб, видео шаклида сақлаб қўйишган. Бизда ҳам шундай тажриба қўлланса, яхлит ва бир хил манба, қўлланма яратилади. Гид-таржимонлар ана шу манба асосида гапирса, афсоналарга ўрин қолмайди. Айрим қадамжоларда гид-таржимон сайёҳларнинг эътиборини тортиш учун шунчалик хурофот ва бидъатларни гапирадики, ундан кўра жим турса, дейсиз. Маталчи бўлмаслик керак, бу ўз устимиздан кулишдан бошқа нарса эмас. Мутахассис-тадқиқотчиларнинг маълумотлари асосида ҳар бир объект бўйича, ҳеч бўлмаганда, бир табоқлик рисола тайёрланиши лозим. Ундан-бундан эшитган, ижтимоий тармоқдан олган маълумотлар билан зиёратчиларни жалб қилиб бўлмайди. Имом Бухорий ҳақида бир нечта китоблар чоп қилинди. Хусусан, “Имом Бухорий изидан” китобини ўқиган киши бундай ёлғонлардан тийилади. Ўзи учун ҳам кўп маълумотларга эга бўлади. Бунинг учун фақат хоҳиш бўлса, бас. 

Бибихоним мажмуасида гидлар сайёҳларга “тухум воқеаси”ни сўзлаб беряпти  

Яқинда ўлкашунослик музейида бўлиб ўтган икки кунлик семинарда Маданий мерос агентлиги раҳбари ўринбосари Турсунали Қўзиев Бош вазир ҳамроҳлигида Бибихоним мажмуасида бўлганида бу ерда фаолият олиб бораётган йўриқчилар сайёҳларга бераётган маълумотлари бир-бирига зид эканлигининг гувоҳи бўлгани ҳақида таъкидлади. Ачинарлиси, айрим йўриқчилар хорижлик сайёҳларга Бибихоним ҳақида қасддан тўқилган афсона - “тухум воқеаси”ни айтиб беряпти, деди у.

- Шу кунгача ҳатто Амир Темурнинг қиёфаси хусусида сайёҳларга бераётган маълумотларда чалкашликлар учраяпти, - дейди Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси тарих бўлими мудири, гид-экскурсовод Тўлқин Бўриев. – Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асарида Амир Темурнинг қиёфаси ҳақидаги маълумотлар асосида Ўзбекистон Халқ рассоми Малик Набиевнинг чизган сурати расман қабул қилинган бўлса-да, бугунги кунда ҳам айрим гидлар сайёҳларга рус рассоми Герасимов тиклаган қиёфа асосида тушунча беради. Бу кўпинча ўша ерда Герасимов варианти асосида чизилган суратларни сотаётган дўкон эгаларининг манфаатини ифодалайди. Оқибатда хорижлик сайёҳлар, ҳатто қўшни мамлакатлар тарихчилари ҳам шунга асосан иш олиб боради. Яқинда “Ўтрор-Самарқанд: маданиятларнинг умумий жиҳатлари” номли кўргазмада қозоғистонлик ҳамкасбларимиз Герасимовнинг вариантини олиб келди. Биз бу нотўғри эканлигини уларга тушунтириб, суратни кўргазмадан олиб қўйдик. 

Кўксаройда Амир Темур тахти остида турган тош, унда тўрт бармоқнинг 3 бўғини сиғадиган чуқур бор. Тарихий маълумотларга кўра, темурий, шайбоний амирлар тахтга ўтирганда ҳар бир ўзбек уруғи оқсоқоли амирни оқ кигизда кўтариб, тахт устига ўтқазган. Ҳар бир сардор ўша чуқурчага биттадан олтин танга ташлаган ва бу тангалар маросимдан сўнг халққа тарқатилган. Яқинда сайёҳлар гуруҳи ушбу чуқурча ҳақида савол берганида бир ёш йўриқчи ҳеч иккиланмасдан “Амир Темурнинг оёғи чўлоқ бўлгани учун шу ердан ушлаб, тик туришда фойдаланган”, дея ўз тахминини айтди. Буни илмсизлик, масъулиятсизлик билан бирга фаросатсизликка йўйиш ҳам мумкин. 

Хўш, тарихдан бехабар, билими саёз бундай йўриқчилар соҳага қандай кириб келяпти, деган савол туғилади. Кўпинча, хусусий туризм фирмалари бу ишда “жонбозлик” кўрсатяпти. Масалан, баъзида улар сайёҳлар гуруҳига тажрибали гидларни ёллайди-да, ўзларидан бирор кишини суратчи ёки ҳайдовчига ёрдамчи сифатида қўшиб қўяди. Ана шундай кишилар бир нечта гуруҳларда иштирок этиб, узуқ-юлуқ маълумотларни ўзлаштириб олади. Кўп ўтмай, фирма уларни маҳаллий зиёратчилар учун гид сифатида ишлатаверади. Бироз тажриба орттиргандан сўнг хорижий сайёҳларга ҳам шундай гидларни таклиф қилади.

Албатта, соҳада тадқиқотлар тўхтаб қолгани йўқ, аммо улар бундан бехабар, фақат оғзаки маълумотлар билан кифояланади. Ёш гидларга ишончли манба сифатида Амриддин Бердимуродовнинг “Самарқанд тарихидан томчилар” китобини тавсия қилган бўлардим. 

Чора-тадбирлар белгиланган, амалий ишлар бошланмаган

Мамлакатнинг туризм дарвозаси бўлган Самарқандда бу йўналишда кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Аммо ҳали ўз мутахассислигида тўлиқроқ маълумотга эга бўлмаган айрим ёшларнинг гид-экскурсоводликни пул топишнинг осон йўли деб билаётгани соҳадаги ютуқларга соя солади.

- Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида бошқармамиз томонидан фаолият олиб бораётган гид-экскурсоводларга бир неча марта тушунтириш ишлари олиб борилди, - дейди вилоят туризм бошқармасининг туризм салоҳиятини тарғиб қилиш, хорижий туристларни жалб қилиш ва ички туризмни ривожлантириш бўлими бош мутахассиси Нодира Болтабоева. - Эндиликда гидларнинг сайёҳларга бераётган маълумотларини ўрганиш, камчиликлари устида ишлаш ҳамда қасддан нотўғри маълумот улашаётган гидларга чора кўриш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш режалаштирилган.

Бугунги кунда йўриқчиларга берилаётган сертификатнинг муддати 3 йилгача амал қилади. Бу муддат уларнинг нишонларида кўрсатилган бўлади. Назоратга олинган муддати 3 йилдан ўтган бўлса, гидлик фаолияти билан шуғуллана олмайди. Ҳозирда маданий мерос объектларида штат асосида ишлайдиган профессионал гидларимиз бор, бундан ташқари, 5-6 та тилларда аудиогидлар мавжуд.

Гидлар – мамлакатнинг юзи. Улар бугун сайёҳларга бераётган маълумот эрта-индин хорижда амалга оширилаётган тадқиқотлардан ўрин олиши, бу орқали уларнинг мамлакатимиз, унинг тарихи, буюк аждодларимиз ҳақидаги тасаввурлари шу асосда шаклланиши мумкин. Бошқарма мутахассисининг маълумотларидан кўринадики, бу камчиликларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбир белгилангану, аммо амалий ишлар бошланмаган.

Сулаймон МАРДИEВ,

"Зарафшон" мухбири.