2023 йил Қуён йили: Мунажжимлар йил ҳақида нима дейишган?
Осиё халқлари орасида Ой цикли бўйича тўртинчи йил энг бахтли ҳисобланиб, ривоятларда келтирилишича, шарқий бурж белгилари орасида у айнан қуёнга насиб этган.
2023 йил эгаси - қора сув қуёни бўлиб, олтмиш йилда бир келади. Илгари у 1903, 1963 йилларда келган.
Айтганча, 60 йил муқаддам қора сув қуёни йилида одамлар тараққиёт ва тинчлик бобида мисли кўрилмаган муваффақиятларга эришган: коинот узлуксиз тадқиқ қилинган, халқаро алоқалар мустаҳкамланган, маданият ривожланган. Буларга биринчи аёл космонавт Валентина Терешкованинг коинотга парвози, Куба раҳбари Фидел Кастронинг СССРга (Самарқанд шаҳрига ҳам) ташрифи, машҳур "Битлз"нинг сайёра бўйлаб зафарли юриши, Африка эркинлиги кабилар киради.
Астрологлар қуён - майин, ёқимтой, мулойим ва насл-насабига ғамхўр бўлгани учун йил тинч ва уйғунликда ўтишини, ижобий ва позитив келишини башорат қилмоқда.
Мунажжимларнинг таъкидлашича, йил кўчмас мулк қуриш ва сотиб олиш учун қулай келади. Умуман олганда, Қуён барча янгиликни олқишлайди - янги бизнес, янги иш, ўқиш, ўрганиш.
Қуён меҳр-оқибат бобида ҳам устунликка эга. У уйнинг саранжом-саришталигини жуда қадрлайди, оиласи, дўст-биродари ва қавм-қариндошининг ҳурмат-иззатини жойига қўйганни бошига кўтаради.
Йил давомида асосий қадрият - хавфсизлик ва фаровонликни сақлаш бўлади.
Йил айниқса, Аждаҳо, От, Ит йилида туғилганларга жуда омадли келади.
Қуён йилида туғилган болалар жозибаси билан ҳайратда қолдиради. Улар меҳрибон, босиқ, чиройли ва ақлли бўлади. Айтганча, Альберт Эйнштейн, Жорж Сименон, Эдит Пиаф, Френк Синатра каби машҳурлар ҳам қуён йилида туғилган.
(Суратда - Альберт Эйнштейннинг болалиги)
Йил шоҳи - Қуён аниқ мақсадли, қатъиятли, тиришқоқ, матонатли одамларнинг муваффақиятга эришишига ёрдамга шошади. Бундай феъл-атвор эгаларига фаровонлик, қизиқарли саёҳат ва ажойиб янгиликлар ваъда беради.
Г.Холдорова тайёрлади.