Мурожаатнома ва Хавфсизлик кенгаши қарорлари — жамоатчилик муҳокамасида
Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва халқимизга қилган Мурожаатномаси ҳамда 2026 йил 13 январда ўтказилган Хавфсизлик кенгаши йиғилишида белгиланган устувор вазифалар мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказишга қаратилган тарғибот тадбири бўлиб ўтди.
Унда Самарқанд шаҳридаги маҳалла раислари, имом-хатиблар, умумтаълим мактаблари директорлари ва ўринбосарлари иштирок этди.
Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Ҳусан Тўхтаев, “Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси тизими ходимларининг малакасини ошириш ва маҳаллаларни методик таъминлаш ўқув-услубий маркази” нодавлат таълим муассасаси директори Хуршид Очилов, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси бошқарма бошлиғи Ҳотамжон Кетмонов ва бошқалар маъруза қилди.
Чиқишларда Давлат раҳбари Мурожаатномасида белгилаб берилган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, аҳоли фаровонлигини ошириш, ёшлар билан ишлаш, маҳаллаларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда маънавий-маърифий муҳитни мустаҳкамлаш масалалари юзасидан атрофлича фикр билдирилди. Белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда маҳалла, таълим муассасалари ва диний соҳа вакилларининг ўрни ва масъулияти алоҳида таъкидланди.
Тадбир якунида билдирилган таклиф ва мулоҳазалар асосида келгусида амалга ошириладиган ишлар режасини шакллантириш муҳимлиги қайд этилди.