Мурожаатномада янграган сўзлар ҳар бир ватандош қалбидан чуқур жой олди
Тонгда 95 ёшни қаршилаган ҳожи отамни зиёрат қилгани кирсам, ўйчан қиёфада газета мутолаа қилаётган экан. Отамнинг таъкидлашича, Ўзбекистон 2019 йилда ислоҳотларни энг жадал амалга оширган давлат сифатида жаҳон матбуотида “Йил мамлакати”, деб эътироф этилибди...
Рост, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасини тинглаган одам борки, бу ютуқ, муваффақият бардавом бўлишини англайди. Негаки, Ватанимиз келажагига дахлдор бўлган ушбу Мурожаатномада жамиятимиз ҳаётининг ҳеч бир жабҳаси эътибордан четда қолмади.
Жумладан, 2020 йилда келажак ёшларимизни билимли қилиш мақсадида таълим-тарбиянинг асоси бўлган боғча ёшидаги болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини жорий йилда 60 фоизга етказиш, ўз навбатида Ўзбекистон тарихида илк бора 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлаш тизимини жорий қилиш, шу билан бирга, 36 та янги мактаб қурилиши, 211 та мактаб капитал таъмирланиши, 55 та хусусий мактаблардан ташкил қилиб, кейин уларнинг сонини 141 тага етказишни режалаштириш, айтар оғизга осон. Чунки кичик бир том солган одам борки, қурилишнинг машаққати, унинг молиявий қийинчиликларини яхши билади.
Бундан ташқари, ёшларнинг билимларни пухта эгаллаши йўлида жорий йилдан бошлаб мутлақо янги профессанал таълим тизимига ўтилиши, яъни 340 та касб-ҳунар мактаби, 147 та коллеж ва 143 та техникумлар ташкил қилиниши, мактаб битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражасини жорий йил 25 фоизга, кейинги ўринда буни 50-60 фоизга етказиш режасининг белгиланиши, қолаверса, олий ўқув юртларига талабалар қабул қилишда қизлар учун алоҳида грантлар ажратилиши Ўзбекистон тарихидаги буюк иш.
Яна бир муҳим жиҳат, жорий йилдан бошлаб педагогик таълимнинг 6 та йўналиши бўйича ўқиш муддати 3 йил қилиб белгиланиши ҳам тизимда ишни янгича ташкил қилишга замин яратилаётгани таълим муассасаларида педагог кадрлар муаммо бўлган нурободликлар учун улкан имконият бўлди.
...Отамнинг айтишича, Президентимизнинг “Биз буюк тарих, буюк давлат, буюк маданият яратган халқмиз. Биз – ҳеч қачон меҳнатдан қочмайдиган, қийинчиликдан қўрқмайдиган, адолатни қадрлайдиган, азму шижоатли, буюк халқмиз”, деган сўзлари ҳар бир ватандошимиз юрагининг тубидан жой олди.
Эркин АБДУСАЛОМОВ,
таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Нуробод тумани кенгаши раиси.