Мутаффаккир маърифати ва мактаби: Ўзбек Навоийни ўқимай қўйса...
Буюк мутафаккир "Маҳбуб ул-қулуб" асари дебочасида ёзади: "Умид шуки, бу асарга ўқувчилар диққат-эътибор кўзи билан назар солиб, ҳар қайсилари ўз фаҳми-идрокларига яраша дилларини обод ва ёзувчи руҳини ҳам дуо билан шод этгайлар".
Афсуски, бугун бу эзгу умид улуғ бобокалонимиз орзулаган даражада амалга ошяпти, дея олмаймиз. Акс ҳолда, туркий сўз мўъжизаларини яратишда беназир шоир Эркин Воҳидов ўзбек Навоийни ўқимай қўйса, бу улкан йўқотишни нималар билан тенглаштириш мумкин эканлигини катта бир дард ва алам билан назм қилмаган бўларди.
Шоир ташвишланганича бор, Навоийни ўқийдиганлар камайиб кетди. Фақат навоийхонлик эмас, умуман олганда, фузулийхонлик ҳам, бедилхонлик ҳам йўқ ҳисоби. Ҳозир адабиётимизга ҳам нигоҳимиз унчалик баланд эмас. Китобхонлик дунёга келмаяпти, мутолаа маънавий эҳтиёжга айланмаяпти. Маърифатли киши билан маърифатсизликнинг фарқи сезилмаяпти. Шахснинг мавқеи ҳамма вақт ҳам унинг маърифатлилигига қараб белгиланавермаяпти.
Муаммога мактаб таълими йўналишида қарайдиган бўлсак, услубимиз чатоқ, унда китобхонликка элтувчи замонавий йўлларнинг ўзи кам. Навоийни кўкларга кўтариб, мақташ билан иш битмайди. У яратган маърифатнинг тенгсиз меваларидан баҳраманд бўлмасак, ҳаммаси бекор. Чунки тановулсиз мақтов энг тотли таомни ҳам манзурликка бошламайди.
Навоийшуносларимиз олдида масъулиятли ва хайрли бир юмушга кўпдан эҳтиёж бор. Бу эҳтиёж улуғ Навоий дурларидан умумтаълим мактабларида ўрганиладиган болалар улушини донишмандлик билан аниқ ва тиниқ, беминнат ўз эгаларига етказишдир. Бунда матнларнинг улар ҳаётида, бугун ва эртанги кунида қанчалик аҳамиятли эканини жиддий ҳисобга ола билиш салоҳияти керак бўлади. Айниқса, ҳажмни тўғри белгилаш осон эмас. Гул ишқида бир биридан гўзал турфа чечакларга буркаган гулзорга кириб қолган ошиқ аҳволига ўхшайди бу ҳол…
Матнларни танлашга жуда нозик ёндашишимизга тўғри келади. Ҳатто дарсликларимиздан бирига Жалолиддин Румийнинг “Фил ҳақидаги ҳикояти” киритилган бўлса, бу ҳолат Навоийнинг "Кўрлар ва Фил" асаридан фойдаланишимизга тўсиқ бўлолмаслиги керак. Чунки бу икки ҳикоя мавзу ҳамда фабула жиҳатидан бир-бирига қанчалик яқин бўлмасин, хулосалар, муаллифларнинг ниятлари жиддий фарқ қилади. Ўрни келганда, бу ўзига хосликларни болалар билан кашф қилишнинг аҳамияти катта, сурури бошқача. Жалолиддин Румий ҳазратлари ихтилофларга илмсизлик оқибати сифатида қараган бўлса, Навоий маърифат кўпнинг ижоди эканини урғулайди. Ўқувчилар билан бундай хулосаларга келиш учун ҳар икки матнда ҳам жуда яхши имкониятлар бор. Улар бу имкониятлардан бемалол фойдалана олади.
Масаланинг яна бир муҳим томони, матнларни ҳозиргача бўлгани каби ҳадеб алмаштираверишдан фойда йўқ. Борди-ю, бирон бир матн дастурга ўринсизроқ кириб қолган бўлиб, бошқа бир асарда таълимий қулайликлари кўпроқ бўлсагина, мутахассисларнинг жиддий хулосаларидан кейингина алмаштиришларга йўл қўйилса, яхши бўлади.
“Бир мавзуни йиллар давомида такрорлайвериш” масаласига келсак, "Шер ва Дуррож" ҳикоятини бобо ҳам, ота ҳам, фарзанд ҳам ўрганишининг нимаси ёмон? Аксинча, оиланинг катта ёшдаги аъзолари мавзуни билганликлари туфайли мулоҳаза ва мунозара ҳамда назоратнинг завқли муҳити шаклланади.
Бизда анъанага айланиб қолган дарслик муаллифларининг алмашиниши туфайли пайдо бўладиган “янгилашлар мажбурияти” зарарли. Бир дарслик муаллифи фойдаланган матндан бошқалар “қўлини тортиши керак”, деган болаларча инжиқликларнинг пайдо бўлаётгани ақлдан эмас. Улуғлар яратган барча нодир асарлар умумнинг мулки. Уларни қайсидир маънода ўзиники қилиб олишга уриниш ярамайди. Муаммо муаллифларнинг эмас, ўқувчиларнинг манфаатини кўзлаб ҳал қилингани маъқул. Ҳатто грамматик қоида ва категорияларни далиллаш учун келтирилган энг яхши матнларни ҳам олдин кимдир фойдалангани учун тарих токчасига ташлаб қўйиш тўғри эмас.
Бизнингча, Навоийнинг маърифат мактабини ўрганишни боғчадан бошлаш керак. Фақат бу вазифага юксак педагогик мезонлар асосида ёндашишимизга тўғри келади. Жараёнга, яқин ўтган кунлардаги каби ҳайбаракаллачилик пойгаси билан боғлиқ сохталиклар аралашса, умидларимиз барбод бўлади. Навоий даҳосига меҳр уйғотиш ўрнига болаларимизнинг бу улуғликдан безиб қолишига сабаб бўламиз. Асосий ишимиз болалар қизиққан йўналишда, уй вазифасига суянмаган ҳолда, матн ёд олиш, якка ва кўпчилик бўлиб, сўзловчининг нутқ мавзусига муносабатини, ҳис-туйғусини ифодаловчи талаффуздан иборат бўлиб қолди. Бунда ҳали мазмунга айтарли эътибор берилмайди, оҳанг завқи етакчилик қилади. Шу тариқа фарзандларимиз мактабга Навоийнинг ўн-ўн икки мисра шеъри билан кириб келса, қандай яхши!
Катта ёшдагилар гуруҳида "Жондин сени кўп севармен, эй умри азиз" рубоийси билан бир ишлаб кўрайлик. Эҳтимол, ҳаммаси равшан бўлар. Беғубор жажжиларимиз бизга, биз эса тенгсиз меҳр билан уларга қараб изҳори дил қилиш қанчалар завқли. Мактаб тажрибасида қуйи синфлар билан бу сурурли лаҳзаларга жуда кўп дуч келганмиз.
Она тили ва адабиёт таълимида матн яратиш ва матн устида ишлаш етакчилик қилади. Айни вақтда, матн ёд олишнинг ўрни ҳам беқиёс. Афсуски, болалар жуда кам матн ёд билишади. Ҳатто улар халқ мулкига айланиб кетган, бевосита таълимга тегишли: “Оз-оз ўрганиб доно бўлур, қатра-қатра йиғилиб дарё бўлур”, “Билмаганни сўраб ўрганган олим, орланиб сўрамаган ўзига золим” каби ҳикматларни ёд олиб, ғайратига тўлиқ сингдиряпти, дея олмаймиз. Матн ёд олиш борасида аниқ бир тизим шаклланмаган. Айниқса, ёд олиниши лозим бўлган матнлар ва уларнинг ҳажмини тўғри белгилаш, ёд олишнинг самарали усулларидан фойдаланиш борасида қиладиган ишларимиз анча кўп.
Айримлар Навоий асарларини тушунишда қийналишини айтар экан, барчасига "тили узоқлиги"ни рўкач қилишади. Буни бутунлай имкор қилмоқчи эмасмиз.Аммо осонгина тушуниладиган, тенгсиз маърифат ва завқ-шавқ улашиши мумкин бўлган дуру жавоҳирлардан ҳам ҳафсаласизлик туфайли фойдалана олмаётганимизни кечириб бўлмайди.
Улуғ шоиримиз инсоннинг барча замонларга хос қувонч ва дардларини мукаммал баён қилади. Нега энди ўз дард ва қувончларимизни тушунмаслигимиз, ҳис қилмаслигимиз керак? Табдилда сақланиб қолган хазиналарнинг ўзи ҳам улуғ неъмат, маъшуқа суратини чизишда уч гўзал ташбеҳдан фойдаланилган мана бу байтни шарҳлаш ёки табдил қилишга эҳтиёж борми?
Қоматингдур шаъми, рухсорингдур онинг шуъласи,
Шуъланинг дудидур, шухи ситамгар, кокулинг.
Ёки:
Элга меҳринг бор, бузуқ кўнглумга ҳам бир зарра боқ,
Ким қуёшнинг тобидин маҳрум эмас вайрона ҳам.
Бу ёрқин байтларнинг нимаси тушунарсиз? Борди-ю, улар ҳақида сўзлаш эҳтиёжи туғилса, бундай истакка шарҳ эмас, тушуниш завқининг ҳаяжони сифатида қарашимизга тўғри келади. Кейинги байтдаги маънодоши "вайрон" сўзи узоқлаштиришини ҳисобга олсак бўлгани. Ҳамма замонларда ҳам ташбеҳларни тушуниш осон кечавермаган. Ахир, бу адабиёт – шеър! Шеър эса жўнликларни унчалик ҳам хушлайвермайди, ташбеҳли тасвирни, тимсолли тафаккурни ёқтиради.
Мактаб таълимида кўпинча сўз дурларини қайта-қайта ўқиб ҳузурланишдан кўра, давр хасталиги, ижодкорнинг ўзини, айрим асарларини таърифу тасниф қилиш билан кифояланиб қоляпмиз. Ибрат оламининг подшоҳи Алишер Навоий каби улуғларнинг ғоят мазмунли ҳаёти ва кенг кўламли фаолиятини ўрганишга қарши эмасмиз. Фақат улар мутолаа меҳнати ва завқи билан уйғунлашсагина фойдали бўлади.
Мактабда адабиёт тарихи эмас, кўпроқ сўз мўъжизаларининг ўзи ўрганилади. Уларда тасвирланган мазмуннинг катта қисми бугунги кунга ҳам дахлдор. Худди шу маънода Алишер Навоий асарларининг ўрни ва аҳамияти беқиёс. Эҳтимол, юқори синфларда дарсларни “Маҳбубул-қулуб”дан бошлаш ёки у билан якунлаш тўғри бўлар. Бу табаррук битикда дунёнинг ҳозирги аҳволига тегишли бўлмаган кичик бир сатр, сўз ёки ибора тансиқ. Асарда гадодан шоҳгача бўлган барча гуруҳ ва қатламлар тилга олинади, ҳар бирининг яхши-ёмон сифатлари баён қилинади. Раҳбарнинг “муроди, - дейилади унда, - аҳолининг тинч-омонлиги, мақсади – жамиятнинг равнақи”.
Заминимизда улуғ шоир маърифатига мамнун боқа олмайдиган, фарзандларини урушларга ҳайдаётганлар ҳануз мавжудлиги ачинарли ҳол. Асарда тасвирланган “Бир сават узум учун бир боғнинг куйиб кетишидан ғам чекмайдиган ва бир ботмон буғдой учун бир хирмоннинг барбод бўлишидан ташвишланмайдиган” таъмагир худбинлар ҳозир ҳам бор. Асарнинг катта қисми ана шундай кескин танқидий руҳда ёзилган. Фақат деҳқонлар ҳақидаги фаслда қаҳр ўти меҳр ва ҳурмат туйғулари билан тўлиқ алмашади. Шоир айрим эзгу шартларга тўхталса-да, деҳқонни яхши-ёмон тоифаларга ажратмайди, уни Одам Атога тенглаштиради. Чунки “деҳқон – ерни ҳайдаш билан ризқ йўлини очади. Оламнинг ободлиги деҳқонлардан, меҳнат аҳли шодлиги улардан. Деҳқон ҳар қандай экин экишга қилса ҳаракат – элга ҳам озиқ-овқат етказур, ҳам баракот”. Шунинг учун ҳам деҳқонга имкон бермаган дунёнинг ризқи бутун бўлмайди. Ўтмишдаги барча очарчилик ва қаҳатчиликлар асосан ана шундан. Навоийшунослар малакаси Суйима Ғаниева таъкидлаганидек, асарнинг бу қисми “Алоҳида юрак тафти билан деҳқонлар шарафига айтилган насрий қасида”.
Узоқ йиллар “меҳнатсиз даромад” тамғаси остида эзилган тадбиркорлик юртимизда эркин нафас ола бошлади, тараққиётимизнинг етакчи кучларидан бирига айланди. Хўш, бу борада улуғ Навоий нималар деган экан? Тадбиркор "бож-хирожни бериш ўрнига ўз молини яшириб, обрўсини тўкса ёки бирор ҳодиса қўзғаш учун жамғармаса, азобу уқубатда қолади”. Навоий асарларида барча эзгуликлар бор. Гап улардан самарали фойдаланишда мактабларимиз ўрнини тўғри белгилай олишимизда.
Шукрларки, Навоий асарлари етарлича нашр қилинган. Фақат бобокалонимизнинг элсеварлик усулидан фойдаланган ҳолда унинг маърифат мулкидан бир гулдаста - ихчамгина “Хонадон китоби” нашр қилинса, нур устига аъло нур бўларди. Чунки инсоният Алишер Навоий каби даҳоларнинг ғояларидан манфаат, яшаб турган дунёсидан мазмун топиб, маърифатли мулоқотнинг нурли манзилларига етиб боради.
Илаш Абдиев.