Мутолаа: Ҳомийни қандай топдим? Воқеий ҳикоя Исматулла Йўлдошев
Ҳомий топишнинг ўзи бўлмайди. Тўғри, кўпчилик савоб қилгиси, етим болаларнинг бошини силагиси, ногиронларга мадад бергиси келади. Аммо...
Штат прокуратураси тизимида ишлаб юрган пайтимда штат прокурори вояга етмаганлар комиссиясига раис этиб тайинланди-ю, бошимиз балога қолди. Барча вояга етмаган ёшларга прокуратура ходимлари масъул қилиб биркитилди.
Менинг чекимга Сицилия штатида жойлашган 7-меҳрибонлик уйи тушди. Вазифам – меҳрибонлик уйидаги барча камчиликларни тузатиш, ҳомийлар ҳисобидан етимларга кийим-кечак, совға-салом ташкил қилишдан иборат эди. Меҳрибонлик уйининг эски биноси ўта таъмирталаб.
Ойлик маошим қўл учида кун кўришга етади, пора олсанг, қамаласан, бировни мажбур қилсанг, шарманда бўласан. Нима қилиш керак?
Рост, мансабимни ишга солиб, бир нечта қурилиш ташкилотларини ихтиёрий-мажбурий тарзда Меҳрибонлик уйи биносини таъмирлашда ҳомийлик қилишга кўндирдим.
Кейин 30 дона кровать, юмшоқ мебель, гилам ва ҳар хил жиҳозлар сотиб олишга келганида иш тайсаллаб қолди. Борган жойларим қоп-қоп ваъда бергани билан анча вақтгача меҳрибонлик уйи учун ҳемириям ўтказмади. Шунинг учун штат прокурори ҳар йиғилишда менга дакки бериб: “Қачон ҳомий топиб жиҳозларни оласан”, деб дўқ урар, ҳатто жазо чоралари бермоқчи бўлиб пўписа қилар эди.
Асосий ишим ташвиқот ва тарғибот иши бўлиши билан бирга ариза ва шикоятлар бўлими бошлиғи штати бўш бўлгани учун унинг вазифасини ҳам бажариш ҳам менга юклатилган эди. Ҳар куни фуқароларни қабул қилиб, уларнинг ариза ва шикоятларини маҳкаманинг тегишли бўлимига топширардим.
Бир куни қабулда ўтирсам, Жомжом штати дон маҳсулотлари компанияси бош менежери Салимбей Ашурогли хонага кириб келди. Қарасам, кўзлари аланг-жаланг, штат прокурорида иши борлигини айтди. Касб тақозоси билан исковуч итдай одамга қараб, тўн бичадиган бўлиб қолганмиз. Унинг дўппайиб турган чўнтагига қараб хўмрайдим.
– Хўш, олиб келдингми? – деб сўрадим.
– Ҳа, мана, ҳаммасини айтганларидай қилиб келдим, – деди у титраб-қақшаб. – Сизга ташлаб кетаверайми?
Мен ҳеч ким йўқми деб уёқ-бу ёққа қарадим, дераза пардасини туширдим.
– Ҳаммаси жойида, титрама, қани чиқар, – дедим.
У чўнтагидан икки ўрам жингалак сочли бобойнинг сурати туширилган пул олди.
– Бу камку, - дедим унга қаҳрли қараб. Салимбей титраб-қақшаб бошқа чўнтагидан яна бир ўрам бобойдан чиқарди. “Ҳаммаси шу”, дея қўлимга тутқазмоқчи бўлди.
– Тўхта, – деб стол тортмасига кўзим билан ишора қилдим.
У ўрамдаги пулларни унга оҳиста жойлади.
– Бўлди, энди ишларинг яхши бўлади. Фақат беш қўлингни оғзингга тиқма, йиртилиб кетади?! Биттасини сўриб ётсанг ҳам, етти пуштингнинг туваги тиллодан бўлади. Жавоб сенга!
Салимбей менга таъзим қила-қила чиқиб кетди.
Бош менежепга балогардонлик қилишни бўйнимга олишга олдим-у, унинг штат прокурорига бунчалик кўп пул олиб келиши хаёлимга ҳам келмаган экан. Нима қилишни билмай шошиб қолдим. У эртага албатта штат прокурори билан гаплашади, олиб келган пулни менга берганини айтади.
Албатта, раҳбарим Салимбей пул олиб келибди, шуни менга бер, деб сўролмайди, бунақа нарсалар ими-жимида бажарилади. Ўзим айтсам, жиноят иши очдириб мени қаматади. Шундоқ ҳам менга тиш қайраб юрибди.
Меҳрибонлик уйига ҳомийлик ишлари чўзилганидан-чўзилиб кетган, пул ўтказадиган шоввоз ҳомий йўқлигидан икки оёғим бир этикка тиқилиб қолган эмасми, таваккал қилиб, ўрамдаги пулларни меҳрибонлик уйига ўтказишга қарор қилдим. Жуда ажабтовур, фавқулодда катта пулни шу тариқа меҳрибонлик уйининг ҳисоб рақамига ўтказдим, унга пул ўтказилганлиги ҳақида шартнома нусхасини олдим.
Ҳар куни штат прокурори билан иш юзасидан мулоқотда бўламан, қачон пулни сўраркан, деб, юрагим ўйнаб, жон ҳовучлайман. У ҳам гўё ҳеч нарса билмагандек, ўзини сипо тутади, кўзининг остидан менга қараб-қараб қўяди, лекин индамайди.
Бир куни яна меҳрибонлик уйларига ҳомийлик қилиш масаласи бўйича йиғилиш бўлди. Штат прокурори биринчи бўлиб менга юзланди.
– Манга қаранг, қачонгача латтага ўхшаб чайналиб юрасиз? Олти ойдан буён ҳомий топаман, дейсиз, бир иш қилмайсиз.
Меҳрибонлик уйи лўлининг чайласи эмас, у ёқ бу ёғини тузатиб яшайверадиган! Бўлди, шу бугун ишни бажармасангиз, бўшсиз, ўзингизга бошқа иш топинг, тушунарлими?!
– Тушунарли, – дедим ва унинг олдига меҳрибонлик уйига жуда катта миқдорда пул ўтказилганини тасдиқловчи шартнома нусхасини қўйдим.
Штат прокурори меҳрибонлик уйига ўтказилган пул миқдорини кўриб аввал оқарди, кейин қизарди, анча жим қолди. Кейин тилга кирди:
– Мана, бўларкан-ку. Раҳмат сизга, бунча пулни қаердан топдингиз, бирор банк-манкни ўмардингизми дейман-а? – дея яйраб кулди. Йиғилганлар унга қўшилиб кулди.
– Йўқ, банкни ўмармадим, биттаси пора олиб келган экан, – деб тўғрисини айтдим жиддий.
Яна кулги кўтарилди. Штат прокурори йиғилганларни мендан ўрнак олишга даъват қилиб, шартнома нусхасини қайтарди, пулнинг нималарга сарфланишини назорат қилишни буюрди.
Орадан кўп ўтмай штат прокурори бошқа вазифага ўтди. Хайрлашув кечасида бўйнимда қарз бўлиб қолган гапни унга айтмасам бўлмасди.
– Бахтиёрбей, сиз жуда маданиятли, билимли одамсиз. Сизни ҳурмат қиламан. Мана энди бошқа ишга ўтиб кетяпсиз, бир гапни айтиб, орани очиқ қилиб олмасам бўлмайди…
– Гапиринг, қулоғим сизда.
– Эсингизда борми, меҳрибонлик уйига ҳомийлик пули ўтказгандим.
– Эсимда, жуда савоб иш қилдингиз ўшанда.
– Савобликка савоб, лекин пул меники эмасди.
– Ие, кимники эди?
– Сизники эди.
– Сизники эди?!. Қандай меники? Менинг пулим чўнтагимда, оғайни, сиз янглишяпсиз!
– Тўғри, пул сизники эмас. Лекин ўшанда Жомжом штати дон маҳсулотлари компанияси бош менежери Салимбей сизга дея бериб кетган пул эди.
– Ким дедингиз?
– Салимбей…
– Танимайман унақа одамни.
У шундай дея хайр-маъзурни насия қилиб ташқарига қараб йўналди. Лекин унинг юриши алпанг-талпанг, юк босган қирчанғини эслатарди.