Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Мутолаа: Ўғирланган бацилла. Ҳикоя

Герберт Уэллс

- Мана буниси, - деди бактериолог микроскоп остига шиша пластинкани қўйиб, - машҳур вабо таёқчаси – вабо қўзғатувчи микроб.

Рангпар юзли киши микроскопга қаради, у бу асбоб билан ишлашга ўргатилмаганлиги аниқ ва чап кўзини юмшоқ оқ қўли билан ёпди.

- Мен ҳеч нарсани кўрмаяпман, - деди у.

- Мана бу винтни аввал бир томонга, кейин бошқа томонга буранг, - деди бактериолог.

- Ҳа, энди кўрдим, - деди меҳмон. - Лекин бу ерда кўришга арзийдиган бирор нарса йўқ-ку. Пушти ранг чизиқчалар ва доғлар. Ваҳоланки, ана шу митти жонзотлар, шу арзимас микроблар кўпайиб, бутун бир шаҳарни вайрон қилиши мумкин. Шундай эмасми?.. Ажойиб!

У ўрнидан турди ва микроскоп остидаги пластинкани олиб, уни ёруғликка қарата кўтарди.

- Улар деярли кўринмас, - деди у ва қўшиб қўйди: бу тирик бациллаларми? Улар хавфли албатта?

- Йўқ, улар ўлдирилган ва бўялган, - жавоб берди бактериолог. – Мен коинотдаги барча шундай таёқчаларни ўлган ҳолда кўришни истардим.

- Ишонаманки, - деди рангпар киши,  - сиз бу мавжудотларни тирик ҳолатда сақлашни истамаган бўлардингиз.

- Аксинча, биз уларни албатта тирик ҳолатда сақлашимиз керак. Масалан, - у хонанинг нариги томонига ўтиб бир неча муҳрланган пробиркалардан бирини қўлига олди. – Мана бу тирик бацилла. Тирик бактериялар микроорганизми... Айтмоқчи... вабо... шишага солинган вабо.

Меҳмоннинг рангпар чеҳрасида бир лаҳза завқ белгилари чақнаб кетди.

- Сизнинг қўлингизда қирғин қуроли бор, - деди у пробиркага тикилиб.

Бактериолог меҳмон юзидаги носоғлом қувонч ифодасини пайқади. Унинг олдига эски таниши берган тавсиянома орқали келган бу одам ўзи ва меҳмони бутунлай бошқа тоифа одамлари эканлигини англаб етди. Бу нотанишнинг қора кўзлари, чўккан юзи ва асабий ҳаракатлари, таёқчаларга жиддий қизиқиши – буларнинг барчаси у мулоқот қилишга одатланган флегматик, ақлли олимларга ўхшамас эди. Бактерияларнинг ҳалокатлилиги билан қизиқаётган тингловчига биринчи навбатда ишни самарали томонидан кўрсатиш табиий ҳол эди...

- Шундай, - деди у,  - бу қамаб қўйилган вабо. Бундай пробиркани шаҳар сув таъминоти тизимини озиқлантирадиган манба устига синдириб ташлаб, майда тирик зарраларга “Олға”, “Ўсинг ва кўпайинг” деб буйруқ беришингиз билан шаҳарда сирли ва шафқатсиз, оғриқли ва тушунарсиз ўлим тушиб, ўз қурбонларини излай бошлайди. У ерга сингиб боради, дарё ва қудуқларда ва энг кутилмаган жойларда пайдо бўлади: хотинни эридан маҳрум қилади, болани онадан тортиб олади, давлат арбобини вазифасидан, оддий ишчини ташвишларидан айиради. У ҳайвонларнинг охурларига ўтириб олиб, уни ютишларини кутади, кўча фаввораларидан сув ичишни хоҳлайдиган бегуноҳ болакайларни пойлаб юради. Шу таёқчани сув ўтказкичга солиб қўйинг, биз уни жиловлаб олгунимизча у пойтахтдек катта бир шаҳарни вайрон қилади. Бу ерда эса у кўриб турганингиздек мутлақо хавфсиз.

Рангпар киши бош силкиб қўйди. Унинг кўзлари ҳамон чақнаб турарди. У йўталиб олди.

- Бемаъни анархист ахмоқлар, - деди у, - ...кўр аҳмоқлар: шундай нарса бўла туриб, улар бомбалар ташлайди. Менимча...

Шу пайт эшик оҳиста тақиллаб қолди, бактериолог эшикни очди.

- Бир дақиқа, азизим, - пичирлади унга хотини. Лабораторияга қайтиб келганида меҳмон соатга қарарди.

- Бир соат вақтингизни олганимни пайқамай қолибман, - деди у. - Ҳозир ўн бешта кам тўрт, мен уч яримда кетишим керак эди. Лекин менга кўрсатган нарсангиз жуда қизиқ экан... Ростдан ҳам, мен бир дақиқа ҳам зиёд туролмайман, соат тўртда муҳим учрашувим бор! 

Миннатдорчилик билдириб, у хонадан чиқди. Бактериолог уни эшиккача кузатиб қўйди, сўнг ўйга ботиб лабораторияга қайтди.

"Унда ғайритабиий бир нарса бор, - ўзича таъкидлади бактериолог, - унинг касал қўзғатадиган бактерияларга қараши..."

Тўсатдан унинг қалбини безовта фикр чўлғаб олди. Шоша-пиша ёзув столи олдига борди ва чўнтакларини титкилай бошлади, сўнг эшик томон югурди.

- Минни! – хириллоқ овозда қичқирди у даҳлиздан.

- Ҳа, азизим, – жавоб берди хотини орқа хонадан.

- Сен билан гаплашганимда, қўлимда бирор нарса бормиди?

- Йўқ, азизим, ҳеч нарса йўқ эди...

- Кўк бацилла йўқолиб қолди, – хитоб қилди бактериолог.

У эшик томон шошиб борди ва зинапоядан кўча томон пастга қараб югурди.

Эшик қаттиқ ёпилганини эшитган Минни хавотирга тушиб дераза томон югурди. Кўчада озғин киши кеб(отли извош)га ўтираётганини кўрди. Шляпасиз, шиппак кийган бактериолог жазава билан қўлларини силкитиб, унга қараб югурарди. Бир шиппаги оёғидан тушиб кетди, уни кўтариш учун вақтини беҳуда ўтказмасдан югуришда давом этди.

- Қандай шармандалик, – хитоб қилди Минни. - Бу жирканч илм-фан уни не кўйга солиб қўйган...

Озғин киши извошчига алланима деган эди, чарм фартук илгаги чертилди, ҳуштак чалинди, туёқлар кўприкка урилди, извош ва унинг орқасидан югуриб кетаётган бактериолог кўча муюлишида ғойиб бўлди.

Минни тезда шляпасини кийди, эрининг туфлисини олди, илгичдан ёзги пальтоси ва шляпасини ечиб олиб кўча томон югурди. Бахтига аста-секинлик билан извош ўтиб кетаётган экан, уни чақириб олди.

- Тўғрига ҳайданг,  кейин Хейвлок-кресентга бурилинг, анави шляпасиз, бахмал кўйлак кийган жанобга етиб олишга ҳаракат қиламиз.

- Бахмал кўйлакда ва шляпасиз...  Яхши, хоним, ҳаракат қиламиз. 

Бир неча дақиқадан сўнг ҳар доимгидек Хаверсток-хилл тепалигида йиғиладиган бир гуруҳ извошчилар телбаларча югураётган извошли учта отни кўриб ҳайратда қолишди.

Минни эрини кийинтиришдан бошқа нияти йўқлиги ва у ўз бурчини бажариши кераклигини биларди ва маълум сабабларга кўра Хаверсток тепалиги бўйлаб  қочоқ эрини олиб кетаётган извошга тикиларди.

Муштида қудратли ҳалокат воситаси пробиркасини маҳкам ушлаган биринчи извошдаги киши қўлларини кўкрагига қўйиб бир бурчакка сиқилиб ўтирарди. У режасини амалга оширишга улгурмай қўлга тушишдан қўрқарди. Бироқ, қувончи қўрқувини енгди. У фақат шаҳар сув чиқарадиган насос станциясига етиб бориши ва бак устида пробиркани синдириши керак эди. Ҳамма нарсани қойилмақом тарзда тайёрлаганидан, сохта тавсиянома тайёрлаб лабораторияга киргани ва ажойиб тарзда имкониятдан фойдаланганидан ғурурланиб кетди. Ниҳоят, дунё у  ҳақида эшитади! Ниҳоят, унинг устидан кулган, уни эътиборсиз қолдирган, у билан мулоқот қилишдан қочган одамлар у билан ҳисоблашишга мажбур бўлади. Эътиборга лойиқ бўлмаган инсон сифатида у қанчалар хўрланган эди... Ҳаммасига чидади. Энди одамни писанд қилмаслик нималигини уларга кўрсатиб қўяди! У орқага қаради. У билан бактериологнинг ораси эллик метрдан ошмасди. Жуда ёмон! Улар ҳали ҳам унга етиб олиб, уни тўхтатишлари мумкин. У чўнтагини титкилай бошлади ва топган ярим соверен тангани олиб, извош деразасидан извошчига узатди.

- Яна бераман, - бақирди у, агар улардан қочиб қутулсак! Пул бир зумда унинг қўлидан тортиб олинди. Дераза тарақлаб ёпилди, қамчи отнинг ялтироқ терисига урилди. Извош силтаниб кетди, ҳали ўтиришга улгурмаган анархист йиқилиб тушди ва қўлидаги пробиркани фартукка уриб, синдириб қўйганини сезди. Синган пробирка извошнинг пастига тушиб кетди. У ўриндиққа суяниб, сўкиниб, пастга тушган суюқлик томчиларига маъюс тикилди. Сўнг сапчиб тушди.

- Шунақами ҳали, бўлмаса, мен биринчи бўлишим керак. Ҳеч бўлмаганда шаҳид бўламан. Шунинг ўзи катта гап! Даҳшатли ўлим... У шунчалик оғриқлимикан? Кўрамиз...

У оёғи остидаги синган пробиркани олиб унда қолган бир оз суюқликни ичди. Қандай бўлмасин, у аниқ ҳаракат қилади, муваффақиятсизликка учрамайди!

Кейин у энди бактериологдан қочишга ҳожат йўқлигини билиб, извошни тўхатиб, пастга тушди. Боши бироз айланиб кетди. Ўлгур вабо ўз таъсирини кўрсатяпти. Йўлакда бактериологни мазах кулги билан кутиб олди:

- Vive l'Anarchie! Кечикдингиз дўстим! Дорингизни ичиб қўйдим. Вабо занжирдан чиқиб кетди.

Бактериолог извошдан чиқмай туриб, унга кўзойнак тагидан қувноқ қизиқиш билан қаради:

- Ичиб қўйдингиз? Анархист? Энди тушунарли!

У яна нимадир қўшмоқчи эди, бироқ оғзининг бурчакларида яширинган табассуми билан ўзини қўлга олди. Анархист ишора билан қўлини силкитиб, танаси билан имкон қадар кўпроқ одамни заҳарлаш мақсадида кўприк томон йўл олди. Бактериолог уни шу қадар қизиқиш билан кузатардики,  ҳатто пиёдалар йўлагида  шляпа, пальто ва оёқ кийими билан пайдо бўлган Миннига ҳайрон бўлмади. 

- Нарсаларимни олиб келиб, яхши қилибсан, - деди у жимгина ҳамон анархистнинг чекинаётган жуссасига қараб. Кел, ўтир. Уйга кетамиз.

Тўсатдан у кулиб юборди ва хотинига қараб деди:

- Тушунасанми Минни, бу ўта жиддий масала. Бу одам бугун олдимга келди, у анархист... Ўзингни қўлга олмасанг, ҳаммасини айтиб бера олмайман. Мен уни анархист эканлигини билмасдим, уни ажаблантирмоқчи бўлдим ва турли зотдаги маймунларда кўк доғлар пайдо бўлишига олиб келган янги бактерияни кўрсатдим. Ишончимнинг уйғонмаганлигига сабаб, мен уни ахмоқ қилмоқчи бўлдим ва пробиркада Осиё вабоси таёқчаси борлигини айтдим. У эса Лондондаги сувни заҳарлаш мақсадида уни ўғирлаб қочди. Энди эса унинг ўзи бациллани ютиб юборибди. Албатта, унга нима бўлишини айта олмайман, лекин ундан мушук ва учта кучукча кўк доғлар билан қоплангангани ва чумчуқ ёрқин кўк рангга айланиб қолгани эсингдадир. Энг ёмони, энди мен яна овора бўлиб, пул сарфлаб янги дори тайёрлашим керак.

Нима? Пальто кийишим керак? Шундай иссиқда-я? Чунки олдимиздан Жеббер хоним чиқиб қолиши мумкин? Нега мен шундай жазирамада Жеббер хоним учун пальто кийишим керак? Ахир у елвизак эмаску? Ҳа, майли, майли!

 Баҳора Муҳаммадиева таржимаси.