Мутолаа: Самарқандия. Ҳикоя

Муртазо Қаршибой

Комилбой - илмий тадқиқотчи. Пойтахтдаги университетлардан бирида дарс беради. Тақдир тақозоси билан чет элга кетиб, бегона юртларда ишлаб, умргузаронлик қилиб юрган миллатдошларимиз ҳаёти, турмуш тарзи ҳақида докторлик диссертацияси ёзмоқчи. Биласиз, бунақа юмушнинг ғалваси кўп - жилд-жилд китобларни ўқиб хатим қилиш, энг муҳим фанлардан имтиҳон топшириш, мавзуга оид материалларни тўплаб, амалиётда синовдан ўтказиш лозим. Эҳ-ҳе, ҳаммасини санаб адоғига етолмайсиз. Бу орада ҳар ҳафта-ўн кун деганда илмий раҳбарнинг олдига югуриш, инжиқликларига чидаш зарур. Хуллас, турган-битгани азоб. Назарий томонини-ку анча пишитиб қўйган, лекин амалий жиҳатларида камчиликлар кўп. Шунинг учун ёзги таътил маҳали хорижда бир-икки ой яшаб, керакли материалларни тўплаб келишни кўнглига тугиб қўйган эди. Насиб қилмаган экан, кутилмаганда коронавирус деган бало чиқди-ю ҳаммаси остин-устун бўлиб кетди. Яхшиям, марказий телеканаллардан бирида ишлайдиган, кунда-кунора «ойнаи жаҳон»да кўриниб турадиган Жавоҳир исмли дўсти жонига оро кирди - жўяли маслаҳат берди. Нима бўлгандаям кўпни кўрган-да, барака топсин!

- Ўртоқ, - деди у бир куни кечки пайт қўнғироқ қилиб, - ана, сен истаган одамлар ўз оёғи билан юртимизга қайтиб келяпти. Бугун аэропортга бориб, Россиядан махсус рейс билан олиб келинган юртдошларимизни кутиб олиш маросимини тасвирга олдик. Бунақа тадбирлар яна кўп бўлар экан, истасанг, сени ҳам гуруҳимизга илмий эксперт сифатида ёздириб қўяман, шу мавзуда кўрсатувлар тайёрлайдиган бўлсак, фикрларинг билан қатнашасан, баҳонада керакли материалларни тўплаб оласан, нима дединг?

Комил дарҳол рози бўлди. Шанба куни Россиядан яна махсус рейсда икки юз нафардан зиёд ватандошимиз олиб келинар экан, аэропортга бирга чиқишди.

Учиш-қўниш майдонига ўтиладиган йўлак қаттиқ назоратга олинган. Ён-атрофда ҳарбий кийимдаги, юзига ниқоб таққан қўриқчилар, бошдан-оёқ ҳимоя либосига ўранган тиббиёт ходимлари хизматга шай ҳолда турибди. Кутиб олинадиганлар учун йўл хавфсизлиги назорати хизматининг махсус машинаси етовидаги автобуслар ҳамда “тез ёрдам” автомобиллари карвони ҳам тахт қилиб қў­йилган. Йўловчилар олиб ўтиладиган йўлакларга вирусни зарарсизлантирадиган махсус ускуналар ўрнатилган.

Самолёт қўнишига ҳали бирмунча фурсат борлиги учун Жавоҳир билан кутиш йўлагидаги ўриндиқларга жойлашиб, ўтган-кетгандан пича гурунг қилиб ўтиришди.

- Яхши мавзу танлагансан, - деди Жавоҳир, - асл томирларидан узилиб, муҳожиротда қийналиб юрган одамнинг бошига не савдолар тушмайди. Ўзбекларимизга қойил қоламан, мусофирчиликдаги сарсон-саргардончиликларга қарамасдан, тилини, урф-одатларини, ўзлигини йўқотмасдан келмоқда. Бирор жойда “қийналдик” деганини эшитмаганман. Сабр-тоқат, шукроналик билан ҳар қандай синовни енгиб ўтишяпти. Асли андижонлик бўлган юртдошимиз -  Жўра қори Бўтакўзнинг мўъжаз воқеаномаси - «Бўтакўзнома” китобини ўқигандирсан. ХХ асрда, октябрь тўнтаришидан кейин халқимизнинг бошига тушган фожиаларни, минглаб миллатдошларимизнинг бегона элларда кўрган азоб-уқубатларни жуда таъсирли қилиб ёзган.

- Э, нимасини айтасан, буёғини сўрасанг, айнан ўша китоб шу мавзуни танлашимга сабаб бўлган. Сен билан биз ёру диёримиздан айрилмасдан, ота-боболаримизнинг ерида маза қилиб яшаяпмиз. Алишер Навоий ҳазратлари айтганларидек, ҳар қанча гўзал ўлкалар бўлмасин, ғурбатда ғариб шодумон яшолмайди, - деди Комилбой дўстининг сўзларини қувватлаб. Сўнг бир нарса эсига тушгандек сўради: - Ҳа, айтганча, сен карантин бошланганидан буён мана шундай тадбирларда иштирок этиб келяпсан, хорижда ишлаб юрган миллатдошларимиз ҳақида фикринг қандай?

- Ўзингдан қолар гап йўқ, биз фақат бўлиб ўтган воқеани бирров тас­вирга оламизу уч-тўрт нафар иштирокчини суҳбатга тортамиз, кейин яна шошилинч студияга чопамиз, янгиликни вақтида эфирга узатмасак, шунча югур-югур қилганларимиз бекор кетади. Умуман олганда, коронавирус сабаб чет элдан олиб келинаётганларнинг кўпчилиги ёшлар, улар ўзлигини йўқотмаган, ўша оддий ва беғубор феъл-атвор, очиқкўнгиллик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат, она юрт соғинчи, озгина соддалик ва тўпорилик…

Яна нима дейиш мумкин? Албатта, кейинги йилларда давлатимиз томонидан хориждаги ватандошларимизга алоҳида эътибор қаратилаётгани уларга катта куч, умид ва ишонч бағишламоқда. Буни уларнинг бошини баланд кўтариб юришидан, гап-сўзи ва кайфиятидан сезиш қийин эмас.

- Мен мана шу илмий ишим туфайли чет элга бориб келганлар билан кўп гаплашаман, у ёқда ота-оналар учун бола тарбияси қийин муаммо экан. Нима бўлганда ҳам юрт бошқа, тил, тутум ва муҳит бегона… Табиийки, буларнинг барчаси мурғак боланинг онгига, ҳис-туйғуларига таъсир қилади.

- Мусофирчиликда яшашнинг азоби ҳам шунда-да, - деди Жавоҳир. - Ўзбек аввало нимани ўйлайди - боласининг тақдири, келажагини ўйлайди.

Шу пайт Москвадан самолёт келиб қўнгани, рухсатномаси бор шахслар белгиланган йўлакдан ўтиб, кутиш жойига боришлари зарурлиги ҳақида эълон қилинди.

Дастлаб, Ўзбекистон байроғини кўтарган, йигирма беш ёшлар чамасидаги йигит самолёт пиллапоясига қадам қўйиши билан “Ассалому алайкум, она Ватаним, азиз юртдошларим!” деб баланд овозда бақириб тушиб кела бошлади. Унинг ортидан бирин-кетин болалар, аёллар, навқирон ва ўрта ёшдаги одамлар бир сафга тизилган ҳолда, автобуслар турган майдонга қараб йўл олишарди. Санитария хизмати ходимлари ҳар бир йўловчининг ҳароратини ўлчар, бурни, томоғи, нафас йўлларини обдон текшириб кўрар эди. Касаллик аломати бор одамлар дарҳол “тез ёрдам” машинасида тиббиёт муассасасига олиб кетиларди.

Миллий гвардия аскарлари, кўнгилли йигит-қизлар юртдошларимиздан ҳол-аҳвол сўраб, нимага эҳтиёжи борлигини билиб, ҳар бирини белгиланган автобусга қараб йўналтириб туришарди. Йўловчиларнинг юз-кўзида она юртга соғ-омон етиб келганларидан мамнунлик ифодаси билан бирга, жиндак чарчоқ ва безовталик аломатлари ҳам йўқ эмасди. Жавоҳир оператор йигит билан бирга интервью олишга киришиб кетди. Комилбой эса ҳамон адоғи кўринмаётган сафдаги ҳар бир одамнинг чеҳраси, хатти-ҳаракати, гап-сўзи, ҳатто кийинишигача диққат билан кузатиб турарди.

Самолётдан чиқувчилар қатори охирлаб борарди. Ўртада бироз узилиш бўлганидан кейин жажжигина қизалоғини бағрига босган, оппоқ, лўппи юзидан майин табассум ёғилиб турган, кўринишидан ўттиз ёшларга яқинлашиб қолган жувон зинадан оҳиста тушиб кела бошлади. Туйқус у нарвон тутқичини чап қўли билан ушлаб ортига бир ўгрилиб қўйди. Афтидан, беш яшарлар нари-берисидаги ўғлини етаклаб келаётган йигит унинг хўжайини бўлса керак, улар томонга қараб-қараб қўярди. Аёл ерга қадам қўйиши билан ўрнидан жилмасдан, хўжайини ва ўғлини кутиб турди. Ҳалиги йигит яқинлашгач, қизчани унинг қўлига берди-да, дафъатан тиз чўкиб, ерга пешонасини қўйди. Бу манзарани кўриб, ҳамма бир муддат ҳайратда қолди. Жувон саждадан туриб, эрига юзланди ва қизалоғини олишга шошилди:

- Самарқандия, келақол, жоним! - деб боласини яна бағрига босди, сўнг отасининг ёнида жимгина турган ўғлига деди: - Ўзбекхон, юр болам, мана, она юртимизга етиб келдик, ҳаммамизга дийдори Ватан муборак бўлсин!

- Сизга ҳам муборак бўлсин! -  деди эркак аёлига мамнун боқиб.

Бу орада Жавоҳир ҳам ишини тугатди - керакли одамлардан интервью олиб бўлди. Мусофир ватандош­лар ўтирган автобуслар жойидан қўзғала бошлади.

- Ўрта Чирчиқдаги карантин зонасига олиб кетишар экан, - деди Жавоҳир ён дафтарига бир нарсаларни ёзиб, кейин сумкасига жойлар экан. - Қалай, биронта фойдали маълумот олдингми, ишқилиб?!

- Анави ҳаммадан кейин автобусга минган аёл бор-ку, қизчасини опичлаб, эри билан бирга ўғилчасини етаклаб кетган жувон, ғалати экан, зинадан тушасолиб, ерни тавоф қилиб ўпди-я!

- Эй, оғайни, бунақалар кўп! Оқибатли халқмиз-да, аввалги сафар ҳам бир-иккитаси шунақа қилган эди. Нима бўпти, буям ота-бобомиздан қолган удум, узоқ вақт айрилиқда юрт тупроғини соғиниб яшаган одам киндик қони томган заминга чин дилдан таъзим қилгиси келади-да! Сен билан биз бунинг қадрини унча билмаймиз, “Фузулий, ишқ завқин завқи ишқи вор ўландан сўр”, деб бежиз айтмаганлар улуғ шоир бобомиз. Ҳар қалай, шунисига эътибор берибсан-ку, ўртоқ!

- Йўқ, бу аёлнинг ўзиям, қизиям, ўғлиям бошқача. Қизини - Самарқандия, ўғлини - Ўзбекхон деб чақирди, тушуняпсанми, бунақасини илгари кўрмаганман.

- Нималар деяпсан, нега шуни аввалроқ айтақолмадинг, дарров интервью олардим. Бу аёлни топиб гаплашишим керак, - деди Жавоҳир ҳам ҳаяжонланиб. - Албатта топаман. Ҳозир ишхонага чопишим шарт, бўпти, дўстим, омон бўл!

Иш билан андармон бўлиб юрган Жавоҳир уч-тўрт кун жим бўлиб кетди. Бир куни кечаси соат ўн бирларда қўнғироқ қилиб қолди:

- Биласанми, дўстим, анави сен айтган оиланинг дарагини топдим. Карантинга олинганларидан сўнг учинчи куни онаси билан ўша қизалоқда  коронавирус борлиги аниқланибди. Она-бола ҳозир Тиббиёт академияси шифохонасида даволанаётган экан. Аёлнинг исми - Гулижаҳон, асли андижонлик, эри эса самарқандлик экан. Қара, эрига, у туғилиб-ўсган шаҳарга ҳурмати шунчалик баланд эканки, қизига Самарқандия деб исм қўйибди. Иккаласи ҳам шифокормиш. Уч йилдан буён Россияда шартнома асосида ишлаб келишаркан. Мен она-болага қараётган врачлар билан гаплашдим, аҳволи унча оғир эмас, дейишмоқда. Психологлар одатда бундай инсонларда ўзига бўлган ишонч, иммунитет, организмнинг қаршилик кўрсатиш қобилияти кучли бўлади, бегона юртда миллий руҳ ўзлигини сақлашга қандай ёрдам берган бўлса, касалликни енгишда ҳам қўл келади, деган фикрни айтишаётган экан. Кўрдингми, дўстим, биз билмаган қанча гаплар бор!

Жавоҳир Комилбойга Гулижаҳон ва унинг қизини даволаётган врачнинг телефонини берди:

- Гапинг бўлса шу кишидан сўрайверасан, жуда одамшаванда, самимий, миллатпарвар инсон экан, -  деди.

Комилбой эртасигаёқ ўша врач - Фаёз Турсуновга телефон қилди.

- Самарқандия исмли қизалоғимизнинг соғлиғи ҳозир ҳаммани қизиқтиряпти. Телевидениедан ҳар куни сўраб туришибди, аэропортда божхона хизматчилари, самолётда стюардессалар, миллий гвардиямизда хизмат қилаётган йигит-қизлар ҳам исмини билиб олишган экан, тинимсиз қўнғироқ қилишмоқда. Кузатган бўлсангиз, ижтимоий тармоқлар ҳам “Самарқандия тезроқ соғайсин!”, “Омон бўлгин, Самарқандия!” деган тилак ва даъватларга тўлиб кетган. Кўз тегмасин, аҳволи яхши, унақа мураккаб аломатлар йўқ. Онасининг ҳолатида ҳам ташвишли белгилар сезилмаяпти. Бу ердаги шифокорлар, ҳамширалар ҳам уларга алоҳида меҳр билан қарашмоқда. Икки нафар ҳомиладор бемор аёлимиз бор, улар ҳам шу исмга ҳавас қилиб, соғайиб кетсак, бўлғуси фарзандимиз қиз бўлса, албатта Самарқандия, ўғил бўлса, Самарқандбек қўямиз, деб ният қилишган.

Комилбой Гулижаҳоннинг эри ва ўғли Ўзбекхон ҳақида ҳам сўради.

- Уларга касаллик қандай юқмай қолди экан? - деди ҳайрон бўлиб.

- Биласизми, ўзини ўйламасдан, аввало оиласи, фарзандлари ҳақида жон куйдириш - аёлларимизга хос хис­лат. Бу синглимиз ҳам эрини, ўғлини қаттиқ асраб-авайлаган. Шифокор-да, аэропортда, самолётда ўзини ёмон ҳис қилаётган, соғлиғида ўзгариш сезган юртдошларимиз бўлса, эрини уринтирмасдан дарров ўзи ёрдамга шошилган. Самолётда ҳам атайлаб йўлак тарафидаги ўриндиққа ўтириб, эри ва ўғлини девор томонга ўтқазган. Шу сабабли вирусни юқтириб олган бўлса керак. Буёғи ўзингизга маълум, онага юққанидан кейин эмизикли қизалоққа ҳам ўтмасдан қолмайди.

- Нафақат оиласи, юртимиз, ватандошларимиз учун ҳам жон куйдирадиган аёл экан, - деди Комилбой бу ҳақда ҳам шифокордан имкон қадар кўпроқ нарсаларни билиб олиш умидида.

- Мен гаплашиб кўрдим, - деди Фаёз Турсунов, - бобоси инқилоб замонида чет элга қочиб, дастлаб Афғонистонда, кейин Покистон ва Туркияда яшаган экан. Ватанда яшаш қандай буюк бахт эканини ўн йиллар давомида юрак-юракдан ўтказиб, дарду изтироб билан ҳис қилган, болаларини ҳам Ўзбекистонга алоҳида меҳрли қилиб тарбиялаган экан раҳматлик. Мус­тақилликдан кейин Гулижаҳоннинг дадаси Ўзбекистонга кўчиб келибди. Ўша пайтда у кичкина қизча бўлган, ота-онасининг юрт тупроғини ўпиб, кўзига тўтиё қилганини кўрган, эслаб қолган-да! Мана энди ўзи она бўлиб фарзандларини ҳам шундай қилиб тарбиялаяпти.

Орадан икки ҳафта ўтиб, коронавирусдан соғайган беморларни кузатиш маросими бўлди. Уларнинг орасида Гулижаҳон ва қизалоғи Самарқандия ҳам бор эди. Комилбой Жавоҳир билан бирга шу тадбирда иштирок этди. Шифохона олдидаги майдон ва ундан ташқаридаги йўл бўйида тумонат одам йиғилган эди. Ҳар бир соғайган беморни шифокорлар гулдаста бериб, олқишлар билан кузатишарди.

Шифохона эшигида қизалоғини бағрига босган Гулижаҳон пайдо бўлиши билан “Ана, Самарқандия! Ана, Самарқандиямиз!” деган даъватлар янгради.

Самарқанд вилоятидан вакиллар келишган экан, улар чиройли гулдаста ва Регистон тасвири туширилган нонни қўлларида кўтарган ҳолда, она-болага пешвоз чиқишди. Гулижаҳон нонни кўзларига, кейин қизининг пешонасига суртди, тўйиб-тўйиб ҳидлади. Сўнгра уни чап қўлидаги чоғроққина елим халтага жойлади. Ўша онда нимадир эсига тушди шекилли, икки тарафда тизилиб турган одамлар орасидан кимнидир излай бошлади. Шу тобда “Ойи, ойи, биз бу ердамиз, бу ердамиз, табриклайман!” деган маъсум овоз янгради. Бу - ўғли Ўзбекхон эди. У ўнг тарафдаги сафнинг адоғида, йўл четида қаторлашиб турган автоуловларга яқин жойда, отасининг елкасида ўтирганча бақирарди. Қўлида Ватан рамзи - кичкина байроқча ҳилпираб турарди.

- Ойи, биз енгдик! - деди Ўзбекхон байроқчани боши узра баланд ҳилпиратиб.

Гулижаҳон эпчиллик ва назокат билан қизчасини чап тарафига олди-ю ўнг қўли билан кўкиш тусдаги нимчаси остидан байроқчани чиқариб, ҳавода сермади:

- Биз енгдик, Ўзбекхон болам! -  деб ўғли томон шитоб билан юра бош­лади.

Сўнг кўкрагини тимдалаб, жажжи бармоқларини байроқчага қараб узатаётган қизалоғига қаради. Байроқчани унга тутди. Самарқандия бир муддат уни “томоша” қилди-ю кейин заифгина ҳаракатлар билан силтаб-силтаб қўйди.

- Қаранглар, Самарқандия байроқни боши узра кўтарди, Самарқандия - ғолиб! - деди саф олдида турган кўнгилли қизлардан бири.

- Яшасин, Самарқандия, Самарқандия - ғолиб! - деган садолар бутун теварак-атрофга таралиб кетди.