Музей ашёларини рақамлаштириш хорижда қандай? Бизда-чи?
Жараённинг қулайлиги, камчиликлари ва ечими хусусида
Музейлар мамлакатнинг маданий меросини сақлайди. Рақамлаштириш ушбу меросни кенг жамоатчиликка янада қулайроқ етказади ва музей ходимларининг ишини осонлаштиради. Дунёда музейларни рақамлаштиришдан асосий мақсад кўпроқ томошабинларни жалб этиш, тадқиқотчилар учун қулайликлар яратиш ҳамда экспонатларни ўз ҳолича сақлаб қолиш. Яқинда Буюк Британиядаги учта катта музей фаолияти билан танишиб, бунга амин бўлдим. Қуйида мазкур музейларда рақамлаштириш жараёни ва мамлакатимиз музейларида бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталамиз.
Британия музейида экспонатлар ўғирлаб кетилмаслиги учун рақамлаштирилмоқда
Британия музейи дунёда ташкил этилган биринчи музей бўлиб, 1759 йилдан фаолият юритиб келади. Экспонатларининг ноёблиги жиҳатидан дунёда етакчи.
Британия музейи хавфсизликни яхшилаш, тадқиқотчилар ва жамоатчиликка ахборот олишни осонлаштириш ва буюмларни ватанига қайтариш чақирувларининг олдини олиш мақсадида бутун коллекциясини рақамлаштиришни мақсад қилган. Бу жараён музейда 2021 йилда юз берган ўғирликдан кейин жадаллашган. Ўшанда музей ходими томонидан 2 мингта ашё ўғирланган ва уларнинг 350 донаси музейга қайтарилган.
Бирлашган қиролликнинг барча музейларида экспонатларнинг рақамлаштирилиши марказлаштирилмасдан, музейларнинг ўзи томонидан мустақил ҳал этилади. Британия музейи коллекцияларини рақамлаштириш музей вакиллари томонидан тахминан 10 миллион фунт-стерлинг (12,2 миллион АҚШ доллари) деб баҳоланган. Музей бу лойиҳани амалга ошириш учун хусусий хайр-эҳсонлар ва инвестицияларни жалб қилишни режалаштирган.
Британия музейида юз берган ўғирликлар муносабати билан ЮНEСКО ўғирланган маданий объектларнинг виртуал музейини яратиш режасини эълон қилган ва бу лойиҳа учун 2,5 миллион доллар сарфлашни режалаштирган. Молиялаштиришнинг биринчи босқичи Саудия Арабистони томонидан тақдим этилган. Ушбу рақамли музейни яратиш режалари биринчи марта 2022 йил сентябрь ойида эълон қилинган эди. Айни пайтда ишлар давом этмоқда ва 2025 йилда якунланиши режалаштирилган.
Виктория ва Алберт музейида рақамлаштириш коллекцияларни тадқиқ қилиш билан тенг
Виктория ва Алберт музейи 1852 йилда қиролича Виктория ва шаҳзода Алберт шарафига дастлаб амалий санъат ашёлари кўргазмаси сифатида ташкил этилган. Унинг тўплами қадимги даврдан ҳозирги кунгача бўлган Европа, Шимолий Америка, Осиё ва Шимолий Африка халқлари маданиятига оид 5000 йиллик тарихни ўз ичига олган амалий санъат намуналарини қамраб олади.
Музей дастлаб 2009 йилда ўз коллекцияларининг онлайн каталогини яратган. 2021 йилда янги рақамли платформани ишга туширган. Натижада ўтган даврда Европадаги энг қадимги ва дунёдаги энг йирик декоратив-амалий санъат музейи коллекциясидан 1,2 миллиондан ортиқ экспонатлар рақамлаштирилган.
Музейнинг электрон маълумотлар базасидан экспонатларнинг техник маълумотлари, замонавий ва архив фотосуратлари, шунингдек, музейнинг ўз видео ёзувлари ва шарҳларини юклаб олиш мумкин. Уларнинг бир қисми бепул, бир қисми пуллик тарзда тақдим этилади. Музей олимлари экспонатларни рақамлаштириш жараёнини “коллекцияларни тадқиқ қилиш” (Explore The Collections) деб номлашган.
Британия табиий тарих музейи глобал иқтисодиётни ривожлантиришга хизмат қилмоқда
Ушбу музей 1963 йилда Британия музейидан ажралиб чиққан ва 1992 йилгача “Британия (табиат) музейи” деб номланган. Музей олимларининг фикрига кўра, музей коллекцияларини рақамлаштириш глобал иқтисодиётни рағбатлантиришга ёрдам беради. Буюк Британиянинг табиий тарих музейи коллекцияларида юзлаб йиллар давомида тўпланган 130 миллиондан ортиқ буюмлар мавжуд. Ушбу коллекциялар ернинг иқлими ва биологик хилма-хиллиги турли даврларда қандай бўлганлиги ҳақида қимматли маълумот манбаидир.
Музей коллекцияларининг рақамлаштирилиши олим ва тадқиқотчилар учун енгиллик беради. Бироқ ҳозирги вақтда Буюк Британиянинг табиий тарих музейи коллекцияларининг атиги 6 фоизи глобал биохилма-хиллик ахборот жамғармаси (GBIF) маълумотлар базасига киритилган. Бу тадқиқотчилар имкониятини чеклайди, уларни музейга келиб ишлашга мажбур қилади. Экспонатларнинг барчаси рақамлаштирилса, уларни ҳар ким, исталган жойида ва исталган вақтида кўриши ва ўрганиши мумкин. Ҳисоб-китобларга кўра, фақат британиялик тадқиқотчиларнинг ўзи ҳозирда мамлакат музейларида мавжуд бўлган рақамли намуналардан фойдаланган ҳолда вақт ва саёҳат харажатларидан 1,4 миллион фунт-стерлингдан кўпроқ тежашган.
Музейда тадқиқотчилар учун қулай бўлишини таъминлаш учун коллекцияларни оммавий рақамлаштириш 10 йил олдин бошланган. Музей рақамлаштиришда экспонат ҳақидаги илмий маълумотларни ва фотосуратларни оммавий маълумотлар порталига юклайди. Ҳозиргача табиий тарих музейида 5,6 миллиондан ортиқ экспонатлар рақамлаштирилган, бу бутун коллекциянинг тахминан 7 фоизини ташкил қилади.
Ўзбекистон музейларида рақамлаштириш жараёни қандай кетяпти?
Юқорида дунёдаги учта машҳур музейда рақамлаштириш ҳақида тўхталдик. Хўш, юртимиз музейларида бу жараён қандай олиб бориляпти?
Мамлакатимизда музей ашёларини рақамлаштириш 2011 йилда марказлашган ҳолда бошланган. Дастлаб маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан музей ашёлари ва жамланмаларининг “SKM-MUZEY” электрон база дастури ишга туширилди. Бироқ ушбу дастурнинг дастурий таъминотида камчиликлар бўлганлиги боис кутилган натижани бермади. Хусусан, дастур маҳаллий тармоқ учун мўлжалланган бўлиб, уни глобал тармоққа улашнинг техник имкониятлари ишлаб чиқилмади. Шунингдек, дастурга киритилган музей ашёлари ҳақидаги маълумотларни излаш тизими ишламади. Мазкур камчиликлар боис “SKM-MUZEY” электрон база дастури 2015 йилга келиб муомаладан чиқарилди. Ўзбекистон музейлари томонидан бир неча минг ашёлар ҳақидаги маълумотлар “SKM-MUZEY” электрон базасига киритилган эди. Жумладан, Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси ходимлари томонидан ҳам мазкур давргача жами 29 мингта ашё “ SKM-MUZEY” электрон базасига киритилганди. Бироқ излаш тизими ишламаганлиги туфайли киритилган ашёлар ҳақидаги маълумотлар сақланиб қолмади.
Бу борада кейинги йилларда давлат томонидан музей ашёлари ва коллекцияларини рақамлаштиришга жиддий эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2019 йилда Маданият вазирлиги томонидан goskatalog.uz платформаси ишга туширилди. Мазкур электрон базага oksgoskatalog.uz сайти орқали ашёлар киритилади. Киритилган ашёларни goskatalog.uz сайти орқали кузатиш, излаб топиш мумкин.
Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги фаолиятини ташкил этиш ҳамда соҳани инновацион ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори 7-иловасида “2021-2023 йилларда давлат музейларидаги музей ашёлари ва музей коллекцияларини электрон идентификация қилиш мақсадли кўрсаткичлари” келтирилган. Унга кўра, 2023 йилгача Ўзбекистондаги барча музейларда экспонатлар рақамлаштирилиши ва электрон базага киритиш тугалланиши лозим эди. Бироқ 2021-2023 йиллар давомида музейлар Маданият вазирлигидан Туризм ва спорт вазирлиги тизимига ўтказилиши, кейин эса алоҳида Маданий мерос агентлиги ташкил этилиб, унинг тасарруфига ўтиши муносабати билан дастурнинг серверини кўчириш ишлари олиб борилди. Ушбу жараёнда дастур ишламади. Айни пайтда ҳам дастурнинг ишлашида узилишлар кузатилмоқда.
Ҳозирда республика музейлари ходимлари томонидан экспонатлар ҳақидаги асосий маълумотлар ва уларнинг фотосуратлари базага киритилмоқда. Бироқ баъзи ҳолларда ашёлар ҳақидаги маълумотлар хато киритилиши ҳоллари кузатиляпти. Бу айрим музейларда малакали мутахассисларнинг етишмаслиги билан боғлиқ. Шу билан бирга, электрон базага сифатсиз фотосуратлар юкланмоқда. Бунинг сабаби Ўзбекистон музейларида ашёларнинг фотосурати музей илмий ходимлари томонидан олинади. Музейларда фотограф штати йўқ. Аксарият ҳолларда ашёларнинг фотосурати фотоаппаратлар етишмаслиги оқибатида ходимларнинг қўл телефонида олинмоқда. Буни goskatalog.uz электрон базасига дунёнинг истаган жойидан туриб, хоҳлаган киши кириб кўриши мумкин. Кенг омма учун мўлжалланган барча сайтларда муҳаррир бўлгани каби мазкур базадаги маълумотларнинг тўғрилиги ва юкланаётган фотосуратларнинг сифати ҳам назорат қилиниши керак.
Музей ашёларини рақамлаштиришда давлат томонидан режалар ишлаб чиқилиши, муддатлар белгиланиши ва назорат қилиниши табиий ҳол. Аммо музей ашёларини рақамлаштириш ҳар бир музей томонидан мустақил тарзда, алоҳида лойиҳа сифатида олиб борилиши мақсадга мувофиқ. Ҳозирда goskatalog.uz электрон базасига кириб, айтайлик, Хоразм амалий санъатига оид ашёлар ҳақидаги маълумотларни олмоқчи бўлсангиз, соҳага оид барча ашёларни қараб чиқишингизга тўғри келади ва ашёлар ҳақидаги маълумотлар жуда қисқа. Бу эса келажакда музей ходимларини экспонат ҳақидаги маълумотларни қайта таҳрир қилишга мажбур бўлишини билдиради. Ашёларнинг фотосуратлари ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин.
Маҳмудхон Юнусов,
музейшунос, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори.