Самарқандни «Минг бир кеча» эртаклари машҳур қилганми?
Музейлар хорижий сайёҳларни жалб этиш, жаҳон ҳамжамиятида давлатнинг ижобий имиджининг яратиш мақсадида халқаро кўргазмаларда қатнашади. Албатта, ҳар қандай музей ҳам халқаро кўргазмаларда қатнаша олмайди. Бунинг учун музей фонди бой ва ноёб экспонатларга эга бўлиши талаб этилади. Халқаро кўргазманинг муваффақиятли чиқиши музей жойлашган шаҳар ёки ҳудуд тарихига ҳалқаро миқёсда оз бўлса-да қизиқиш бўлиши, камида ўша шаҳар ҳақида жаҳон ҳалқлари аввал эшитган бўлишига ҳам боғлиқ.
Мустақиллик йилларида хорижий мамлакатларда Ўзбекистон маданий мероси бир неча марта намойиш этилган. Ўтган давр мобайнида Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси ашёлари иштирокида Франциянинг Париж (1992-1993, 2022) ва Лион (1998), Швейцариянинг Альтендорф (1995), АҚШнинг Филадельфия (1999) ва Вашингтон (2003), Германиянинг Штутгарт (1998) ва Ганновер (2000), Австралиянинг Сидней (2004), Япониянинг Нара (2005), Жанубий Кореянинг Сеул (2009), Нидерландия қироллигининг Гронинген (2010), Буюк Британиянинг Лондон (2013), Саудия қироллигининг Жидда шаҳарларида 16 марта халқаро кўргазма ташкил этилган. Уларда Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси фондларидан олиб борилган 800 га яқин ноёб ашёлар намойиш этилган бўлса, кўргазмаларнинг 5 таси Самарқанд шаҳрига бағишланганлиги эътиборни тортади. Яъни, Самарқанд шаҳри дунё ҳалқлари орасида аввалдан машҳур эди. Бу эса ташкил этиладиган ҳалқаро кўргазмалар муваффақиятининг асосий омилидир.
Кўргазмаларнинг Самарқанд билан боғлиқ бўлганлари «Афросиёб хазинаси», «Самарқанд кулоллари» (Париж), «Қадимги Самарқандда бўлган афсоналар» (Лион), «Самарқанднинг қадимги тарихи» (Сеул), «Самарқандга йўл. Ипак ва олтин мўъжизалари» (Париж) кўргазмаларидир.
Охирги кўргазма Париждаги Араб дунёси институтида ўтган йилнинг ноябр ойида иш бошлади. Кўргазмада Ўзбекистондаги турли музейлардан 300 дан ортиқ осори-атиқалар намойиш этилаётган бўлса-да, у «Самарқандга йўл» деб номланди.
Хўш, Самарқандни дунёга машҳур қилган нарса нима? Умуман, дунё жамоатчилиги Самарқанд ҳақида қачондан бошлаб ва қайси манбадан маълумот олишган?
Кўпчилик тарихчи олимлар Европа аҳолиси шарқ ҳалқлари ҳақидаги асосий билимларни XI-XIII асрларда юз берган салиб юришлари натижасида олишган, деб ҳисоблашади. Ўз навбатида салиб юришларидан кейин шарқ ҳалқларининг ҳам Европа ҳақидаги билимлари бойиган. Ҳақиқатан ҳам салиб юришларидан кейин Европа аҳолиси маиший турмушида кескин ўзгаришлар юз бергани бор гап. Балки ушбу юришлардан кейин европаликларда табиати ва ноз-неъматлари билан шарқда машҳур бўлган Самарқандга қизиқиш бошлангандир.
География ҳақидаги билимларнинг дунё аҳолиси орасида ёйилишига хизмат қилган манбалардан яна бири бу сўзсиз «Минг бир кеча» эртакларидир. Илк ўрта асрлардаёқ, шимолий европалик викинглардан бир неча аср илгари Қизил денгиз бўйида яшовчи араб халқлари денгиз ва океанларга саёҳатга чиқишган. Араб савдогарлари Африка, Ҳиндистон, Хитойгача бориб мол олиб-мол сотишган. Улар саёҳатлари давомида кўрган ва эшитганларини бир-бирига сўзлаб беришган. Оқибатда дунё ҳалқлари мероси - «Минг бир кеча» яратилган эди. Ушбу манбада Самарқанд икки жойда тилга олинган. Биринчидан, манба Шоҳ Шаҳриёр ва унинг укаси –Самарқанд ҳукмдори Шоҳзамон ҳақидаги эртак билан бошланади. Иккинчидан, олти юз етмиш тўққизинчи кечада айтилган ҳикояда ҳам Форс шоҳи Фахртожнинг ўғли Муродшоҳнинг юришлари даврида унинг Самарқандни эгаллагани ҳақида сўз боради. Мард ва жасур Шоҳзамоннинг акаси Шаҳриёр билан бирга бошидан ўтказганлари ҳақидаги ҳикоя Самарқандни шунчалик машҳур қилганми?!
Эрамиздан аввалги II-I асрларда юзага келган Буюк ипак йўли ҳам халқлар ўртасида маданият алмашинувида муҳим ўрин тутган. Самарқанд эса ушбу қадим йўлнинг марказида жойлашган эди. Хитойдан Ўрта денгизга қадар давом этадиган бу қадим йўлда неча минг йиллар давомида Сўғд савдогарлари ҳақиқий сарбон эди. Самарқанд эса бир неча минг чақиримга чўзилган «буюк йўл» бўйлаб жойлашган халқлардаги энг яхши маданият намуналарини қабул қилган ва ўзига сингдирган эди.
Дунё халқлари маданиятлари кесишган чорраҳада жойлашган Самарқанд савдогарлари савдо ишлари билан борган жойларида яшовчи ҳалқлар орасида олиб борган бир-биридан нафис моллари туфайли маълум ва машҳур бўлишгандир…
XIV асрда Европа ва Осиё халқларини мўғулларнинг 200 йиллик зуғумидан қутқарган Амир Темур ҳам Самарқандни ўз давлатига пойтахт қилиб танлаган эди. Мўғуллар зулмидан озод бўлган халқлар Амир Темурни ҳақиқий қаҳрамон санашган, у ҳақда турли ҳикоялар тўқишган. Амир Темурнинг ана шундай буюклиги Самарқандни машҳур қилгандир. Ёки Соҳибқирон томонидан бунёд қилинган боғлар, улкан бунёдкорлик ишларини ўз кўзи билан кўрган Испаниялик элчи Руи Гонзалес де Клавихонинг «Кундалиги» машҳур қилиб юбордими Самарқандни?!
Юқорида келтирилганларнинг ҳар бири маълум даражада Самарқанднинг номини дунёга таратган, албатта. Самарқанд давлат музей-қўриқхонасида сақланаётган Самарқанд тупроғидан топиб ўрганилган ва халқаро кўргазмаларда асосий жойни эгаллаётган ноёб ашёлар фикрларимизни қувватлайди.
Маҳмудхон Юнусов,
Самарқанд давлат
музей-қўриқхонаси
бош муҳофизи.