Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Наим ОБЛОМУРОДОВ: Гитлер Мамадали Топиволдиевнинг боши учун 50 минг марка тиккан эди

 
1939 йил 1 сентябрда Германия Польшага бостириб кириши билан Иккинчи жаҳон уруши бошланиб кетди. Уруш ҳаракатлари ва фронт линияларида 110 миллионга яқин киши иштирок этган. 6 йил давом этган жангларда 55 миллиондан ортиқ фуқаро қурбон бўлди. Бу қирғин ҳақида таҳлиллар ҳеч қачон тугамайди…
 
Бу уруш Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмади. 1941 йилда Ўзбекистон аҳолиси 6,5 миллион эди. 1,5 миллиондан ортиқ юртдошимиз урушга сафарбар этилган. Улардан 500 мингдан зиёди ҳалок бўлган, 263 мингдан кўпи бедарак йўқолган, 659 мингга яқин ватандошимиз уйига қайтмаган, 640 мингдан зиёди ногирон бўлиб қолди.
 
Фронт ва фронт ортида ўзбекистонлик мард ўғлонлар ҳақиқий қаҳрамонлик кўрсатган. Хусусан, Сталинград мудофаасини ёриб, душман устидан муҳим ғалаба қўлга киритилишида кўрсатган жасорати учун 2 минг 733 ўзбекистонлик жангчи “Сталинград мудофааси учун” медалига сазовор бўлди. 1941 йил декабрда Москва мудофасида ҳам ўзбеклар қаҳрамонлик кўрсатган. Тошкент пиёда аскарлари ҳарбий мактабининг 180 курсанти Панфилов дивизияси олд сафларида эди. Ғулом Абдукаримов Москва яқинидаги жангларда Панфилов дивизиясининг тиббий батальон бош жарроҳи бўлган. 1941 йил 17-18 ноябрдаги оғир мудофаа жангларида у 120 аскарни операция қилиб, ҳаётини сақлаб қолди. Унга дўсти Зариф Ибрагимов ёрдам берди. Панфилов дивизияси таркибида Мамадали Мадаминов, Абдулла Тоғаев ва бошқа кўплаб ўзбеклар жанг қилган.
 
1944-1945 йилларда Беларусь, Украина, Молдова, Болтиқбўйи республикалари ва Россиянинг ғарбий вилоятларида фаолият кўрсатган ўзбек жангчилари фаолияти Иккинчи жаҳон уруши тарихи саҳифаларига битилган бўлиб, уларнинг номлариёқ душман кўнглига қўрқув солган эди. Булар орасида М.Топиболдиев, Ж.Отабоев, И.Мусаев, А.Ҳакимов, И.Қосимов ва бошқаларнинг мардлик намуналарини таъкидлаш мумкин.
 
Тарихда қайд этилишича, Мамадали Топиволдиев номини эшитса немис аскарларнинг юраги зириллаган. 1941 йил ноябрда М.Топиволдиев қуролдошлари билан фашистлар босиб олган Борисов шаҳри чеккасидаги ҳарбий лагердан 146 асирни озод қилади. Ҳар бир операциядан кейин Топиволдиев дарахтларга ўзининг “Казбек” номли лақабини ханжар билан ўйиб ёзар ва шу билан немисларни қўрқитиб, ўз изини қолдирарди.
 
М.Топиволдиев ёлғиз ўзи душман казармаларини вайрон қилган, 5 ҳарбий эшолонни портлатган, 76 фашист аскарини ва 1 немис генералини қўлга олган. Адольф Гитлер Казбекнинг боши учун 50 минг марка (ҳозирги кунда тахминан 825 минг АҚШ доллари) миқдорида мукофот ваъда қилади. Аммо Казбекни ҳеч ким қўлга ололмаган.
 
Олти йил муттасил давом этган уруш барча мамлакатларни ҳолдан тойдирди. Энг янги моделдаги ҳарбий самолётлар, танклар, ракеталар ишлаб чиқариш шошилинч ўзлаштирилди. Оқибатда аҳолининг қорни тўймас, нон, озиқ-овқат, кийим-кечак етишмасди. Ва ниҳоят, 1945 йил 1 май куни Берлин таслим бўлди. Сўнгги жанглар Прага ёнида 9 май куни юз берди. 8 майда эса Германия, 2 сентябрда Япония таслим бўлиш ҳақидаги ҳужжатни имзолади.
 
...АҚШ 1945 йил 6 августда мағлуб Япониянинг Хиросима, 9 августда Нагасаки шаҳарларига атом бомбасини ташлади. Аслида бу СССРга пўписа эди. Сабаби Германияни мағлуб этган СССР армияси Европага катта хавф соларди. Ўз навбатида СССР ҳам 1949 йили атом бомбасини, кейинроқ нейтрон бомбасини портлатиб, Ғарбни эсанкиратиб қўйди. Саксонинчи йилларда дунёдаги барча атом қуроллари бир йўла портлатилса, Ер юзи бир неча бор яксон бўлиши, куррамиз ўз ўқидан чиқиб кетиши мумкин эди.
 
Урушда шўролар енгди. Япония атом ҳужумидан хонавайрон бўлди. Шўролар Германиядаги қўлга илинадиган барча нарсаларни олиб кетди. Ўша вақтлар икки мамлакат тақдири аянчли тус олган эди. Қаранг, энди бу икки мамлакат жаҳонда энг тараққий этган мамлакатлар ичида 2-3 ўринни эгаллаб, халқининг турмуш даражасини юксакларга чиқариб қўйди.
 
Наим ОБЛОМУРОДОВ,
тарих фанлари доктори, профессор.
***
Бугун ушбу мақола муаллифи Наим Обломуродовнинг таваллуд топган куни.
Тарихчи олим бугун қутлуғ 70 ёшини қаршилади. 

Ургут туманида таваллуд топган Наим ака етмишга ёшга кириб ҳам болалик ва ёшликдаги кўплаб фазилатларини йўқотгани йўқ. Аксинча, бошқаларга бир суҳбатдаёқ ибрат кўрсата оладиган сийратга эришди.

Олим сифатида Н.Обломуродовнинг мавқеи шундаки, аввало шогирдлари у киши ёзган дарслику қўлланмалардан фойдаланмоқда. Энг нуфузли конференцияларда домланинг маърузалари кўпчилик эътиборини тортмоқда. Тажрибали ҳамкасблари олим ҳақида доимо ҳурмат билан гапиради. Айниқса, Ўзбекистон тарихига оид хулосалари кўпчилик томонидан эътироф этилмоқда.

- Наим акага қўшни қишлоқданман, халқ тилида айтганда “ангоримиз бир” - дейди вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Ҳиммат Оқбўтаев. - Мактабдалигимда у кишининг илмга чанқоқ, ўткир заковатли эканлиги ҳақида синфдошларидан кўп эшитганман. Бундан ташқари, мактаблар ўртасидаги турли тадбирлар, қишлоқлар ўртасидаги спорт мусобақаларда Наим аканинг ҳаракатларига ҳавас қилганмиз. Нафақат муаллимлар, ҳатто айрим оқсоқоллар ҳам “қуйиқишлоқлик бу йигит бир куни албатта катта одам бўлади” дерди.

Дарҳақиқат, шундай бўлди. Бугун Наим Обломуродов тарбияда ҳам, илмда ҳам ўз ўрнини топди. Салоҳиятли, зиёли, фидойи мураббий, сабрли олим, бир сўз билан айтганда, чинакам маърифатпарвар инсон сифатида шаклланди.

Биз қутлуғ ёшини нишонлаётган олимга мустаҳкам соғлиқ, тарих тилсимларини очишда ижодий парвоз тилаймиз.