Сурия яна нотинч
“Ёғочнинг бўшини қурт ейди доим, тарихда мисоллар жуда кўп бунга” дея ёзган эди атоқли рус масалчиси Иван Крилов.
Аслида, бу кўҳна дунёнинг эски гапларидан бири. Яна шуниси ҳам аниқки, бўри билан қўзичоқ ҳақида Эзоп ва Лефонтан ҳам масаллар ёзишган. Аммо уларнинг ҳеч бирида дарахтнинг бўшини қурт ейиши ҳақидаги сатрларни тополмайсиз. Чунки бу доно ўзбек халқининг асрлардан асрларга ўтиб келаётган ҳикматли сўзидир. Таниқли ўзбек шоири Шукур Саъдулланинг қойилмақом таржимаси шарофати билан ушбу ҳикматли мақол Крилов бобонинг масалига узукка қўйилган кўздек ёпишди қўйди.
Ёғочнинг бўшини қурт ейиши бугун жаҳон айвонида содир бўлаётган воқеалар мисолида ҳам ўзининг ёрқин исботини топмоқда. Дунёнинг қайси бир мамлакатида ҳақиқат ва адолат мезонлари бузилиб, бошқарув заифлашган бўлса, ўша жой бўрилар маконига айланиб бораётир.
Сурияда ҳам ана шу ҳолат содир бўлди. Қарийб олтмиш йилдан буён ҳокимиятни қўлдан бермай келаётган асадлар сулоласининг тахтда узоқ ўтириб қолиши мамлакат халқлари бошига балолар ёғдирмоқда. 2011 йилда “араб баҳори”дан илҳомланган сурияликлар эркин сайловлар ўтказилишини, янги демократик конституция қабул қилинишини, ҳуқуқлари камситилаётган сунний мазҳабидаги мусулмонларга ҳам ҳокимият бошқарувидан ўринлар берилишини талаб қилиб чиқишди. Чунки сурияликларнинг аксарияти сунний мазҳабдаги аҳолидан иборат. Шиа мазҳабидаги алавийлар озчилик бўлишига қарамасдан, тарих тақозоси билан асосий бошқарув дастакларини қўлга олишга муваффақ бўлишган. Бунинг тарихи ҳақида муқаддам ёзилган мақолаларимизда тўхталиб ўтганимиз боис такрорлаб ўтириш ўринсиз.
Ўшанда Дамашқ ҳукумати норози оломон билан тил топишиш ўрнига, халққа қарши дастлаб полиция кучларини ташлади. Полиция тинчитишнинг уддасидан чиқолмагач, ҳарбийлар ишга солинди. Бундан дарғазаб бўлган исёнчилар асадлар сулоласининг аччиқ ичакдай чўзилиб бораётган ҳукмронлигига чек қўйишга қарор қилишди ва оммавий намойишлар ҳукуматга қарши қўзғолонга айланиб кетди. Ниҳоят Башир Асаднинг ҳоли танг бўлгач, Эрон ва Россиядан ёрдам сўрашга мажбур бўлди. “Шиа дунёси”ни кенгайтириш йўлида шундоқ ҳам ичикиб юрган эронлик муллалар ислом муҳофазаси лашкарларини Сурияга жон-жон деб жўнатишди. Улар Асад режимини қуруқликда ҳимоя қила бошлади. Бироқ мухолифотнинг қўли яна баланд кела бошлагач, Башир Асад ўзини осмондан ҳимоя қилишни илтимос қилиб, Москвага мурожаат қилди. “Рус дунёси”ни кенгайтириш пайида юрган кремлдаги оғалар эса Сурияга бир йўла ажал қузғунлари уясини ҳадя этишди. Энди исёнчилар бошига ракета ва бомбалар дўлдай ёғила бошлади. Суриянинг суннийлар истиқомат қиладиган қадимий шаҳарлари ва қишлоқлар култепага айлантирилди. Қирғиндан қочган оломон Туркия ҳамда Европа мамлакатлари сари интилди. Бу ўз навбатида, Европада кечаётган сокин ҳаётни издан чиқара бошлади.
Воқеаларнинг бундай тус олиши Москва билан Теҳрон учун айни муддао бўлди. Чунки Яқин Шарқдаги нотинчлик Эрон ва Россиянинг асосий экспорт маҳсулотлари бўлмиш нефть-газнинг нархини қимматлаштириб юборди. Бу эса бир ўқ билан иккита эмас, биратўла бир нечта қуённи уриш билан баробар эди. Бунақа мададдан илҳомланган Асад ҳукумати терроризмга қарши кураш баҳонасида мамлакатни суннийлардан тамоман тозалашга қарор қилди чоғи. Уларнинг маданий ҳамда савдо маркази Ҳалаб (Алеппо) шаҳри бочка бомбалари билан тамоман вайрон этилди. Қолган катта-кичик шаҳар ва қишлоқлар ҳам ер билан яксон бўлди. Тирик қолган аҳолининг қолган-қутган қисми Туркия давлати билан чегарадош Идлиб шаҳри теварагида тўпланди. Шундоқ ҳам миллионлаб қочқинларни бағрига олган Туркия суннийларни ўз ҳимоясига олишга қарор қилди. Анқара Путин ҳукумати билан келишиб, Остона ва Сочи шартномалари асосида Сурия ҳудудида ўзининг кузатув постларини ўрнаштирди. Келишув бўйича, қочқинчиларни кўпайтирмаслик мақсадида Сурия қуролли кучлари бу ҳудудга кирмаслиги лозим эди. Бироқ кейинги пайтда Дамашқ ва унинг иттифоқчилари келишувга хиёнат қилиб, Туркия ўрнатган постлардан ичкарида ҳарбий ҳаракатларни бошлаб юборишди.
Афтидан, улар бунга Туркия ва жаҳон ҳамжамиятининг муносабатини синаб кўрмоқчи бўлишди, шекилли. Натижада, ўттиздан зиёд турк ҳарбий хизматчилари ҳалок бўлди. Асад режимининг қалтис хатти-ҳаракати БМТ ҳамда Ғарб мамлакатлари раҳбарлари томонидан қаттиқ қораланди.
Шубҳасиз, бунга Туркия томонининг жавоби тезкор ва даҳшатли бўлди. Қисқа вақт ичида асаднинг ва унинг минглаб иттифоқчи аскарлари жон таслим қилди ёки майиб-мажруҳ бўлди. Аниқ урадиган замонавий қуроллар воситасида Сурия ҳукуматининг Россия, Эрон, Шимолий Кореядан олган юзлаб ҳарбий техникалари яксон этилди. Бунда биз чама сонлардан фойдаланаётганимизнинг сабаби, талафотлар ҳақида ҳали аниқ рақамлар эълон қилинмаяпти.
Содир бўлган ушбу воқеалардан сўнг Москва туркияликларни жанжални дипломатик усуллар билан тинчитишга чақирган бўлса, эронлик муллалар муаммони Москвани аралаштирмасдан икки томонлама ҳал қилишга даъват этишмоқда.
Адолат ва ҳақиқат юзасидан шуни ҳам қайд этиб ўтиш керакки, Сурия кейинги даврда турли-туман ғоялар соясида жанг қилаётган турфа хил жангарилар маконига айланиб улгурди. Бу мамлакатдаги чигал тугунларни беозор усулда ечиш учун икки томонлама эмас, балки жаҳон ҳамжамиятининг кўмаги зарур.
Кейинги маълумотларга қараганда, Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Идлибдаги можароларни тинч йўл билан ҳал қилиш мақсадида 5 март куни Россия Президенти Владимир Путин билан яна бир марта учрашиб, келишиб олишга қарор қилган. Кишини ажаблантирадиган жойи шундаки, Эрдўғон Суриядаги воқеалар масаласини Сурия Президенти билан эмас, балки ушбу мамлакатдан анча йироқда жойлашган ўзга бир давлат раҳбари билан ҳал қилишга мажбур. Шу ҳолатнинг ўзи бу борада излаб топилмаган кўпгина саволларга жавоб бўла олади.
Худойберди КОМИЛОВ,
сиёсий шарҳловчи.