Нарпайлик масъулиятсиз ота 15 суткага қамалди

Фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судининг ижро ҳужжатига асосан қарздор Ғайрат Сулаймоновдан ундирувчи Шаҳноза Сулаймонованинг фойдасига бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадларнинг тўртдан бир қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган.

Мазкур ижро ҳужжати бўлим иш юритувига келиб тушган ва ижро иши юритиш қўзғатилган.

Ижро ҳаракатлари давомида Ғ.Сулаймонов бир неча марта огоҳлантиришларга қарамасдан, 2017 йилнинг февраль ойидан буён алимент пулини тўламай келаётганлиги аниқланди. Ҳисоб-китобларга кўра, унинг бугунги кун ҳолатига 27 миллион 381 минг сўм қарздорлиги бўлган.

Тўланмай келинаётган суммани қарздорнинг мол-мулкига қаратиш мақсадида Ғ.Сулаймоновнинг мол-мулкини аниқлаш учун тегишли давлат идораларига сўров хатлари юборилган. Бироқ унинг номига расмийлаштирилган мол-мулклар аниқланмаган. Яъни, Ғ.Сулаймоновдан алимент қарздорлигини ундиришнинг имкони бўлмаган.

Шу сабабли унга нисбатан тўпланган ҳужжатлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-4-моддаси 1-қисмига асосан жавобгарлик масаласини кўриб чиқиш учун Нарпай тумани маъмурий судига юборилган.

Суднинг қарори билан қарздор Ғ.Сулаймоновга нисбатан 15 сутка қамоқ жазоси тайинланган.