Нега Осиёдаги Падаунг аёллари бўйинларини узайтиради?

Заррин ҳалқалар билан ўралган узун бўйинлар Мьянмада яшовчи Падаунг халқининг ўзига хос белгисидир. Маҳаллий аёллар металл ёқани беш ёшидан бошлаб кия бошлашади. 16 ёшга келиб, баландлиги 20 та ҳалқагача етган 5-6 кило оғирликдаги безак улар елкаларини босиб туради.

Бу анъана Осиёда қандай пайдо бўлган? Халқалар кундалик ҳаётга халақит бермасмикан ва қайси ҳолларда аёлларга уларни олиб ташлашга рухсат берилади?

Гўзаллик қурбонликни талаб қилади

Мьянманинг учта шимолий штатлари ҳудудини эгаллаган 50 000 кишидан иборат “каренлар” қариндош халқлари гуруҳига кирадиган Падаунг кўпинча шаҳарлардан узоқроқда жойлашган қишлоқларда шоли етиштириш, сигир ва эчки кўпайтириш ва ўрмондаги ёввойи ҳайвонларни овлаб яшашни афзал кўришади.  

Машҳур бўйин чўзиш одатини барча 7 миллионлик каренлар Ўрта асрлардан бери қўллаб келган. Бироқ, бошқа давлатларнинг таъсири ва қизларнинг дунёвий ҳаётга интилиши туфайли бу анъана аста-секинлик билан йўқолиб бормоқда.

“Ёқа” битта металл спиралдан иборат бўлиб, у 4-5 ёшида ота-онаси томонидан қарор қабул қилингач, қишлоқ шомони ёки тажрибали табиб томонидан оиладаги қиз боланинг бўйнига ўралади. Бугунги кунда анъана ихтиёрий, бироқ агар оила қизига ҳалқаларни қўйдиришга журъат этса, у бутун умри давомида уларни тақиб юришга мажбур бўлади.

Ҳар йил ҳалқалар сони ортиб бораверади. Қиз одатда 15-16 ёшида турмушга чиққач, ўрамлар қўшиш тўхтатилади. Шу тариқа никоҳдан кейин ёқа тугаган кўринишга эга бўлади.

Тарқалган фикрлардан фарқли ўлароқ, бу ҳалқаларнинг кийилишидан аёл бўйни чўзилмайди. Бу елкаларнинг чўкиши ва қовурғаларнинг сиқилишидан келиб чиқадиган визуал эффект натижасидир. Симлар бўйинга жисплашмаган ҳолда жойлаштирилади, бу эса аёлга халқалар остида бошни буриш ва танани ювиш имконини қолдиради.

Карен аёллари нега металл ёқаларни кийишади?

Сайёрадаги барча аёллар сингари улар буни эркаклар учун қилишади. Илгари маҳаллий маданиятларда узун бўйин тананинг энг жозибали қисми ҳисобланиб, калта бўйинли аёл гўзал ҳисобланмаган. Бугунги кунда Падаунг халқи ўзини бошқа халқлардан ажратиб турадиган анъанага ҳурмат сифатида “ёқа”ни сақлаб қолган.

Бундан ташқари, янада амалийроқ мантиқ бор: ўрама симлар асосан бўйинга ёпишиб оладиган йиртқичларнинг ҳужумидан ҳимоя қилиши ёки эрларидан қочиб кетмасликлари учун аёлларнинг ҳаракатларини атайлаб чеклаб қўйиши мумкин.

Халқалар кийилишда давом этишининг яна бир сабаби у сайёҳларни жалб қилади. Ғайриоддий кўриниш оилаларга чет элликларга фотосуратлар ва қўлда тайёрланган майда-чуйда буюмлар сотишдан қўшимча даромад келтиради.

Истисно ҳолатида ҳалқалар тиббий сабабларга кўра - туғруқ, операциялар ва турли касалликлар муолажаси пайтида олиб ташланади.

Ғаройиб африкаликлар

Осиё аҳолисидан ташқари узун бўйин Африканинг Ндебеле қабиласида ҳам иззат-икромда. Бу архаик халқ ҳалқаларни нафақат бўйнига, балки қўл ва оёқларига турли хил рангларга бўялган, мунчоқлар билан безатилган ҳолда тақиб юради. Шунингдек, бу ерда халқалар тананинг озғин қисмларидаги ёғ қатламларини бўрттириб кўрсатиш вазифасини бажаради. Негаки, Африка меъёрларига кўра семиз аёллар чиройли ва бой деб тан олинган. Бу эса унинг яхши овқатланишини англатади.

Хўш, бу одат эски сарқит ёки ёввойиликнинг бошқа бир кўринишими? Савол мунозарали, негаки европалик қизлар ҳам бошқаларга гўзалроқ бўлиб кўриниш учун катта қурбонликлар қилишади – улар ташқи кўринишини ўзгартириб, лабларини, ёноқларини катталаштиради ва яна юзлаб косметик муолажаларни бошдан ўтказишади. Бошқа томондан, табиий гўзаллик ҳар доим, ҳар қандай “малҳам”лардан устун туриши аниқ. 

Б.Муҳаммадиева тайёрлади.