Нега топганимизда барака йўқ, бозорларда савдо суст, қимматчилик?

Уйда қурилишни бошлаб, бозорга бордим. Тахта бозори. Усталар "5х3 ўлчамдаги река керак", деди. Бозордан река қарадим. Бир метрининг нархи 5500 сўм экан. Бир сотувчи айтди: "Ака, сизга 5х3  керакми? Булар 5х3 дегани билан шунча чиқмайди. Мана...", деб ўлчаб берди.

Ҳақиқатда унинг ўлчами 4х2 экан. 5х3 олиш учун 6х4 деганидан олиш керак экан. Рози бўлиб, 6х4 ўлчамдагисини олдим. Усталар бўйини 6 метрлик бўлсин, деган эди. 6 метрлик сўрадим. "Мана", деб дарров юклашни бошлади. Бирдан калламга фикр келиб қолди.

- Ука, метрни олинг, - дедим-да, ўлчадим. 6 метр деб сотилган река 5 метр-у 70 сантиметр чиқди. Ҳам энидан, ҳам бўйидан....

Юртда барака йўқ. Савдо йўқ. Қимматчилик...

Усталар билан ғишт уришга шартнома қилдим. Ғиштни урганидан эмас, машинада келганидан санар экан. Зилда келган ғиштни эринмай доналаб санадим. 5000 та дейилган ғиштдан инсофлиги 300 та, стандарти 500 та кам келар экан. Уста шуни билгани учун урганидан эмас, келганида ҳисоб олар экан. Ҳам машинада келганидан, ҳам устадан олиб ейсиз.

Юртда барака йўқ. Савдо йўқ. Қимматчилик...

Усталар ҳаммаси "дом строй" (қурилиш материаллари сотадиган катта дўкон) га етаклайди. Усталар у ердан карта очиб олган. Пластикка ўхшаган. Уйни эгаси бориб савдо қилади. Устанинг картасига қилинган савдонинг 10 фоиз пули келиб тушади.

Юртда барака йўқ. Қимматчилик...

Бир ака антифриз чиқардилар. Антифриз қоғозда ёзилгани каби -20 даража ва -40 даражалик чиқди. Бозордаги ҳамма маҳаллий антифриздан қиммат. Сабабини тушунмай, ҳамма антифризларни олиб келиб, -5 градус холодильникка қўйилган. Уч соатда ҳамма антифриз тахта бўлиб қолган. Ишлаб чиқарувчиларга бу ҳолат видеога олиб, юборилган. "Ҳожи ака"лар парвойига ҳам олмаган.

Юртда барака йўқ. Қимматчилик...

Ўртоғим бензин заправкада ишлайди. Энг инсофлик заправка ўнига бир литр, қолганлари икки литр урар экан. "Мени билганим урмайдигани йўқ", дейди. Ҳамма билар экан шундайлигини.

Юртда барака йўқ, ҳаммаёқ қимматчилик эмиш...

Бошқа бир танишимнинг иши порасиз, откатсиз битмас эмиш. Пора бермаса, давлат ташкилотлари олмас эмиш. Айтишича, Юртда барака йўқ. Аввалгидай савдо йўқ эмиш.

Уйфурушларга уйингизни сотмоқчи эканлигингизни айтасиз. Бўлди, нақдга ўзимиз оламиз, деб баҳолайди. Табиийки, сиз қимматроқ нарх хоҳлайсиз. У ёғига тузоғига тушганингиз шу. Каналида эълон беради уйингиз сотилиши ҳақида. Сиз мижоз кутасиз. Уйингизни олмоқчи бўлган харидор уйфурушга телефон қилади. Уйфуруш у уй сотилганини, истаса, бошқа уй борлигини айтади. Сизга эса ҳамтовоғини жўнатади. Ҳамтовоқ уйингизни кўриб, дастлабки уйфуруш айтган нархдан анча паст баҳо айтади. Шу тариқа учинчиси, тўртинчиси келиб арзон нарх айтаверади. Тоқатингиз тоқ бўлиб, биринчи айтган нархингизга ўзингиз олиб қўя қолинг, дейсиз. Хўп, дейди деб ўйлайсизми? Содда бўлманг. Энди уйингизни биров олмаётганини, бошида берганда, майли, деб олишини, ҳозир эса яна 500 ёки 1000 доллар арзонга олиб қолишини айтади. Пул зарурлигидан рози бўлиб юборасиз. Бу "приём"ни ҳаммага ҳам қилмайди. Пул зарур, "пожар" деган одамлар "жирний" мижоз.

Бозорда кабелчилар бор. Давлат муассасаларига, қурилиш объектларига сим сотишади. Улгуржи. Заводдан кабелни олиб, чўзишади. Хато эшитмадингиз. Эшилади. 2х2.5 кабель, 2х2 ёки ундан ҳам камроққа, метри кўпроққа айланади. Заводнинг қадоғини қайтадан қилиб, сизга беришади. Бутун бошли катта заводлар қуриб, кабель сотиб ётишибди. Цехда қилинган, бирортаси айтилган талабга жавоб бермайдиган кабеллар. Лекин тонналаб, навбатга қўйиб сотишади. Откат бор экан, кабель сотилаверади.

Лекин аввалгидай савдо йўқ. Барака йўқ...

Бу каби ишларнинг саноғи йўқ. Оддий сода бор. Совет давридан бери 500 граммлик қадоқда бўлар эди. Грамми камайиб, камайиб, 250 граммга тушган. Билмаган "Ҳақиқийси фалончида қиммат экан, мана бу арзон сотади", деб олаверади. Ичи тўла бўладиган гугурт ярим бўлиб қолган. Сантиметрлаб, миллиграммлаб урилаверади. Камаяверади.

Дарвоқе, цементга қум қўшаётганлар, сутга сув қўшаётганлар ҳеч кимга сир бўлмай қолган. Шунинг учун топганимизда барака йўқ, савдо суст, қимматчилик...

Манба

***

P/s: Ушбу мақолани жойлаштираётганимизда бундан аввалроқ телеграм каналимизга буюк савдогар Абдулла ибн Муборакнинг савдо ишидаги ҳалоллиги ва бу ҳалоллик натижасида барака келиши, бунга амал қилгани боис бойлиги ҳаддан зиёд ортгани ҳақидаги гапларини берганимизни эсладик.

Дарҳақиқат, тарихда савдогарлар ҳалоллик орқали бой-бадавлат ва сахий бўлганини ўқиганмиз. Бугунги тадбиркор ва савдо иши билан шуғулланувчилар улардан ибрат олса яхши бўларди.