“Нимага бу пуллар давлатга эмас, кимларнингдир чўнтагига тушмоқда?”: Президент Тошкентда 3,5 млн. долларга ер сотилганига эътибор қаратди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида давлат мулки объектларини хусусийлаштириш борасида 2022 йилда амалга ошириладиган устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилмоқда.

Йиғилишда давлат раҳбари ерларнинг тадбиркорларга аукцион орқали сотиш қониқарсиз экани ва аукционлар орқали давлатга тушиши лозим бўлган кам бўлгани ҳолда миллионлаб долларга ноқонуний ер сотилганига тўхталиб ўтган.

"Жойларда ерларни аукционга чиқариш орқали жорий йилда бор-йўғи 400 миллиард сўм тушумни таъминлаш режаси мутлақо қониқарсиз.

Биргина мисол: Тошкент вилоятида 14 гектар ер участкаси 3,5 миллион долларга ноқонуний йўллар билан сотилгани ҳамма раҳбарларни ўйлантириши керак. Нимага бу пуллар давлатга эмас, кимларнингдир чўнтагига тушмоқда?

Тасаввур қилинг, давлат қанчадан-қанча пулларни йўқотмоқда! Бу пулга қанча мактаб, қанча боғча ва йўл қуриш мумкин эди. Нега шуни ҳокимлар ўйламайди?

Ваҳоланки, ушбу вилоятда ўтган йил давомида ер участкаларини сотишдан атиги 18 миллиард сўм маблағ тушган. Бу бозор нархида нари борса 5-10 гектар ернинг нархи", деган Президент йиғилишда.

Йиғилишда Сирдарё вилояти ҳокими Ғ.Мирзаев ва Хоразм вилояти ҳокими Ф.Эрмановга хусусийлаштириш ишларини суст ташкил этгани учун ҳайфсан эълон қилинди.

Шунингдек, Давлат активлари агентлигининг Сирдарё, Хоразм ва Бухоро вилоятлари бошқарма бошлиқлари, трансформация ва хусусийлаштириш ишларини ўз ҳолига ташлаб қўйгани учун “Ўзагросервис” жамияти раиси Р.Ҳайитов эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди.