Ногиронлик нафақасига чиқишнинг нархи қанча?

Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида ҳамшира Нафиса Қуллиева (исм-шарифлар ўзгартирилди) тумандаги А.Навоий номли маҳаллада яшайдиган Ботир Жасуровдан унинг онасини иккинчи гуруҳ ногиронлик нафақасига чиқариб беришни қуюқ ваъда қилиб, 1 миллион 300 минг сўм пул олаётганида қўлга тушди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаментининг Сурхондарё вилояти бошқармаси, вилоят прокуратураси, вилоят ички ишлар бошқармаси ва ДХХ вилоят бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда ҳамшира Н.Қуллиевадан ушбу пулни таниши, туманнинг Янги усул маҳалласида яшовчи, ишсиз Тўра Қувонов олганида ашёвий далил билан ушланди. Шундан сўнг Т.Қувонов тиббий меҳнат экспертиза комиссиясида услубчи лавозимида ишловчи таниши Қойилбек Лолаевга мазкур пулнинг бир миллионини бераётганида қўлга тушди.

Мазкур ҳолат бўйича Н.Қуллиева, Б.Жасуров ва Қ.Лолаевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 1-қисми ҳамда 28,211-моддаси 1-қисми билан жиноят иш қўзғатилди.