Ном ўзгаргани ташкилотни жиноят иши қўзғатилишидан озод қилмайди
Ижтимоий тармоқларда “Ҳудудгазтаъминот” мансабдор шахслари Самарқандда газдан нореал дебиторлик қарзларни шакллантиришда иштирок этганини рад этди” номли хабарлар тарқалди.
Жорий йилнинг 7 январь куни Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилояти бошқармаси Zarnews.uz сайтида “Ҳудудгаз Самарқанд” МЧЖ мансабдор шахсларига жиноят иши қўзғатилди” номли мақола эълон қилган эди. Ушбу мақола бўйича хабарлар бошқа сайтларда ҳам ёритилди.
Мазкур хабарда «Ҳудудгаз Самарқанд» маъсулияти чекланган жамияти мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди (ўзганинг мулкини ўзлаштириш йўли билан жуда кўп миқдорда талон-торож қилиш) ва 205-моддаси 2-қисми “а” банди (мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш йўли билан жуда кўп миқдорда зарар етказиш) билан жиноят иши кўзғатилиб, тегишлилиги бўйича Самарқанд вилояти прокуратурасига тергов ҳаракатларини ўтказиш учун юборилгани маълум қилинган.
“Ҳудудгазтаъминот” акционерлик жамияти ушбу хабар бўйича -“Ҳудудгазтаъминот” мансабдор шахсларига тегишли эканини рад этган.
Асосий важ сифатида эса “Ҳудудгаз Самарқанд» МЧЖнинг 2019 йил 5 сентябрь куни ташкил этилган бўлиб, асосий вазифаси газ тақсимлаш тармоқлари ва тегишли жиҳозлардан фойдаланиш ҳисобланишини, хабардаги ҳолатлар ўтган йилнинг январь ойидан октябрь ойигача бўлган даврни ўз ичига олганлигини баён этишган.
Айтиш керакки, Бюронинг Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан 2019 йилнинг январь ойидан то октябрга қадар газ лимитидан ортиқча олинган ҳар бир метр куб табиий газ учун белгиланган коэффициентлар қўлланилмаганлиги оқибатида жами 8 миллиард 651 миллион 258 минг 820 сўм миқдорида тўловлар кам ҳисобланиши, шунингдек, жами 46 та автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (АГТКШ) умумий ҳисобда 2.497.608 метр куб ҳажмдаги табиий газ билан ноқонуний равишда таъминланиб, ўзганинг 842 миллион 854 минг 500 сўмлик жуда кўп миқдордаги мулки растрата йўли билан талон-торож қилиниши, шунингдек, 2019 йилнинг 1 ноябрь ҳолатига истеъмолчиси аниқланмаган нореал қарздорликни 363 миллиард 155 миллион 500 минг сўм бўлишига ва давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказилиши ҳолати аниқланган.
Ишдаги мавжуд ҳужжатларга кўра, ушбу жиноий қилмишнинг содир этилиши январь ойидан то октябрь ойига қадар давом этиб келган бўлиб, муқаддам фаолият кўрсатган Самарқанд вилояти газ таъминоти давридан ва ҳозирда фаолият кўрсатаётган “Ҳудудгаз Самарқанд” МЧЖ даврида ҳам кузатилган.
Мазкур газ таъминоти идорасининг номи, мақоми ва вазифалар функцияси ўзгарган тақдирда ҳам содир этилган қилмиш учун жавобгарликни истисно қилмайди.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 13-моддаси бўйича қилмишнинг жиноийлиги ва жазога сазоворлиги ана шу қилмиш содир этилган вақтда амалда бўлган қонун билан белгиланиши кўрсатилган.
Президентимизнинг 2017 йил 29 майдаги ПФ-5059-сонли Фармонига асосан, Самарқанд вилояти бўйича газ таъминоти филиали ўз ваколатига кўра, тузилган шартномаларга мувофиқ истеъмолчиларни энергия ресурслари билан таъминлаш, сотилган энергия ресурслари ҳажми ҳақидаги ҳисобот ва ахборотлар, дебитор ва кредитор қарздорлик ҳақидаги маълумотларнинг ҳаққонийлиги, газ тақсимлаш тармоқларини бевосита истеъмолчиларга бўлиниш чегарасига қадар етказиб бериш билан боғлиқ бўлган бошқа инфратузилмалар эксплуатацияси ва таъмирлаш хизматларини амалга ошириш, истеъмолчиларга ўрнатилган энергия ресурслари истеъмолини ҳисобга олиш ускуналарини алмаштириш, ўрнатиш ва эксплуатация хизмати кўрсатиш, шунингдек, Бюро билан ҳамкорликда уларни пломбалаш, белгиланган тартибда техник шартларни бериш, газ тармоқларига янги истеъмолчиларни улаш ишларини амалга оширишга жавобгарлиги белгилаб қўйилган.
Шунингдек, ҳар ойда бевосита истеъмолчилар томонидан фойдаланилган энергия ресурслари ҳажми ва тегишли ҳудудлар чегарасидаги тармоқларга етказиб берилган ҳажм ўртасида тафовут мавжудлиги ҳақидаги маълумотларни Бюрога тақдим этиш, улар асосида Бюро газ таъминоти корхоналари билан биргаликда тафовутнинг вужудга келиш сабабларини аниқлаш бўйича белгиланган тартибда чоралар кўриш вазифалари юклатилган.
Кейинчалик, Президентимизнинг “Аҳоли ва иқтисодиётни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, нефть-газ тармоғини молиявий соғломлаштириш ва унинг бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори асосида Самарқанд вилояти бўйича газ таъминоти ҳудудий филиали негизида 2019 йил 5 сентябрда «Ҳудудгаз Самарқанд» масъулияти чекланган жамияти ташкил этилиб, асосий вазифаси газ тақсимлаш тармоқлари ва тегишли жиҳозлардан фойдаланиш каби вазифаларни ўз ичига олган.
Унутмаслик керакки, Мажбурий ижро бюросининг Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан юқорида аниқланган ҳолатлар бўйича жиноят иши қўзғатилишига сабабчи бўлган Самарқанд вилояти газ таъминоти корхонасининг мансабдор шахслари ва бошқа барча ходимлари ҳозирда «Ҳудудгаз Самарқанд» МЧЖда фаолият кўрсатмоқда ва улар ўз ваколатига кўра, муқаддам содир этилган қонунбузарликлар учун бевосита масъул ҳисобланади.
Мажбурий ижро бюросининг Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан қўзғатилган жиноят ишида айнан бир шахс ёки мансабдор шахсларнинг номлари кўрсатилмаган.
Жиноят иши бўйича собиқ Самарқанд вилояти газ таъминоти корхонасининг ёки бўлмаса, «Ҳудудгаз Самарқанд» МЧЖ мансабдор шахслари, уларнинг хатти-ҳаракатлари айнан қайси даврда содир этилганлиги олиб борилаётган тергов ҳаракатлари даврида аниқлаштирилади. Натижаси бўйича жиноят тафсилотлари батафсил маълум қилинади.
“Ҳудудгазтаъминот” АЖнинг расмий сайтлар орқали ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилаётган жиноят ишини рад этиши эса ушбу жиноят иши ҳужжатлари билан тўлиқ таниш эмаслиги ёхуд жиноят ва Жиноят-процессуал кодексининг талабларидан хабардор бўлиши лозимлигини англатади.
Мазкур жиноят иши тафсилотлари ҳамда айбдорларга нисбатан қўлланилган чоралар ҳақида қўшимча маълум қилинади.
Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилояти бошқармаси.