Ноқонуний ва қиммат нархларда картошка сотаётган “тадбиркор”лар фаолиятига чек қўйилди

Мамлакатимизда карантин эълон қилингач, зарурий маҳсулотларнинг нархи ошиб кетиши барчани хавотирга солди. Вилоят ҳокимлиги, вилоят давлат солиқ бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг вилоят бошқармаси ҳамкорлигида нархларнинг барқарорлигига эришиб келинмоқда.

Аммо вилоят давлат солиқ бошқармасининг “Ишонч телефони”га бозорларда баъзи маҳсулотларнинг, жумладан, картошканинг қиммат нархларда сотилаётгани ҳақида мурожаатлар келиб тушмоқда.

Таъкидлаш лозимки, ўтган йилда Тошкент шаҳридаги деҳқон бозорларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркорлар бир ойда 400 минг сўм қатъий белгиланган солиқ тўлаган бўлса, жорий йилда 250 минг сўм, вилоятлар марказидаги шаҳарларда 200 минг сўм тўлаган. Жорий йилда 150 минг сўм, базавий ҳисоблаш миқдори, яъни 223 минг сўм тўлайди. Шунингдек, бошқа шаҳарларда 100 минг сўм, бошқа аҳоли пунктларида 50 минг сўм қатъий белгиланган солиқ тўлайди.

Дарвоқе, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан бир қатор солиқ имтиёзлари жорий қилинди. Жумладан, 2020 йил 1 апрелдан 1 октябргача якка тартибдаги тадбиркорлар учун ижтимоий солиқнинг минимал базавий суммаси (223000 сўм) 50 фоизгача камайтирилиб, 111,5 минг сўмга туширилди.

Афсуски, берилган енгилликларга қарамасдан, бугунги кундаги вазиятдан фойдаланмоқчи бўлган “учарлар” учраб турибди. Самарқанд шаҳар давлат солиқ инспекциясининг тегишли буйруқларига асосан Самарқанд шаҳридаги деҳқон бозорларида шаҳар давлат солиқ инспекцияси ходимлари ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг шаҳар бўлими ходимлари ҳамкорликда назорат тадбирлари ўтказилди.

“Мусо Хонкелди” савдо мажмуаси ҳудудида ўтказилган назорат тадбирида фуқаро А.Г. тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмасдан қишлоқ хўжалик маҳсулоти савдоси билан шуғулланаётганлиги аниқланиб, ундан 260,0 минг сўмлик 52 килограмм картошка маҳсулоти вақтинчалик сақлаш учун далилий ашё сифатида олиб қўйилди.

“Сиёб деҳқон бозори”га қарашли “Улгуржи бозор” филиали ҳудудида ўтказилган назорат тадбирларида тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмасдан, қишлоқ хўжалик маҳсулоти савдоси билан шуғулланаётган фуқаро А.А.дан 854,0 минг сўмлик 244 килограмм, фуқаро Ҳ.И.дан 1302,0 минг сўмлик 372 килограмм, фуқаро Х.И.дан 1449,0 минг сўмлик 414 килограмм, фуқаро М.Н.дан 23999,5 минг сўмлик 6857 килограмм картошка маҳсулоти вақтинчалик сақлаш учун далилий ашё сифатида олиб қўйилди.

Шу ўринда бу каби “тадбиркорлар”га мурожаат қилмоқчимиз. Ушбу синовли кунларда сахий тадбиркорлар нафақат нархларнинг ошишига йўл қўймаяпти, балки муҳтожларга бепул озиқ-овқат маҳсулотларини етказишга ҳаракат қилишмоқда. Сиз ҳам фаолиятингизни қонунийлаштириб, тўлаётган солиқларингиз билан мамлакат иқтисодиётига ҳисса қўшинг. Нархларнинг ошиб кетишига йўл қўйманг!

Вилоят давлат солиқ бошқармаси матбуот хизмати.