Нурга тўлсин, боғларинг, Ургут!
Ватан - остонадан бошланади.
Остона - бу ёруғ оламга келиб, биринчи қадаминг теккан замин.
Одам боласи учун жумлаи жаҳонда бундан азиз, бундан мўътабар, бундан муқаддас маскан йўқ. Ургут мен учун ана шундай қутлуғ, қадрли, бебаҳо.
Самарқанднинг кунчиқар бетини яримта ой сингари ўраб турган Зарафшон тоғ тизмалари этакларида товланиб ётган бу манзилда эрамиздан авалги юз минг йилликларда ҳам аждодларимиз умргузаронлик қилганлар. Бу тупроқда тош ва бронза даврларига оид бебаҳо тарихий ёдгорликлар мавжудлиги, Ҳазрат Ғавсул Аъзам, Хўжа Закариё авлиёи Варрак, Хўжа Омон, Хўжа Толиби Сармаст, Хўжа Абдол, Ширвоқ ота, Хўжа Иброҳим Кадут каби улуғ сиймоларнинг мақбара-ю қабрлари борлиги, Хўжа Аҳрор Валий ҳазратлари ҳам бир қанча муддат Камонгарон қишлоғида яшаганлари юртдошларим қатори менинг кўксимни ҳам фахру ифтихорга тўлдиради. Мирзо Бобур ҳазратларининг Ургут - жаҳонда камдан-кам учрайдиган гўзал маскан экани ҳақида тўлқинланиб ёзганларини; XV асрда юртимизда бўлган араб сайёҳи Ибн Ҳовқалнинг: «Самарқанднинг жанубида Шовдор тоғлари жойлашган. Атрофда бу вилоятчалик киши саломатлиги учун тоза ҳаволи маскан, серҳосил экинзор, энг яхши мевазор боғлар йўқ. Кишиларининг қадди келишган, юзлари ёруғ...» деганларини ўқиганда эса ғурурдан қуш бўлиб учгиларим келиб кетади.
Бироқ.... Минг таассуфлар бўлсинки, шундай мўътабар ва муаззам маскан рус империяси, шўро босқинлари замонида оёқости бўлди, топталди, таланди, хўрланди. «Қадди келишган» кишиларининг қомати букилди, «ёруғ юз»ларидан нур кетди. Улар амал-тақал қилиб кун кўриш, бола-чақа боқиш учун саҳардан шомгача қора терга ботиб ишладилар, аммо чегаланган эски коса оқармади. Оналаримиз, опа-сингилларимиз 40-45 даражали қуёш тиғи остида тамаки ўтаб, тамаки чопиб, тамаки тизганда, эмизикли чақалоқлари пайкал бошидаги уч оёқли «болалар боғчаси»да «роҳат» қилиб “ором” олди, энди-энди атак-чечак қила бошлаган гўдаклари эса чанг-тупроққа беланиб, оналари орқасидан эргашиб бориб, жўяклар орасида ухлаб қолдилар. Биз, мактаб ўқувчилари қишда пол-патологсиз, пахса деворли синфхоналарда совуқдан қалт-қалт титраб китоб ўқидик, дарс қилдик, шу алпозда мактабни битирдик. Фақат бизникимас, Ургутдаги мактабу боғчаларнинг ҳаммаси шундай абгор, ҳатто бизникидан беш баттарлари бисёр эди. Яъники, тумандаги мактабларнинг ярми мослаштирилган, авария ҳолатидаги биноларда жойлашган, боғча ёшидагиларнинг бор-йўғи 13 фоизи боғчаларга қамраб олинган эди, холос.
Аммо бир-биридан эзғин ва хомуш хотиралар қолганига қарамай, ҳадеб Ургутимга боргим, болалигим ўтган чангу тор кўчаларни кезгим келаверади.
Шу йил 15 апрель куни мамлакатимиз раҳбарининг Ургутга борганини кўриб, Ургут ва ургутликлар меҳнатига берган юксак баҳоларини эшитиб, яқингинада бориб келганимга қарамай, яна ичимга чўғ тушди, сиғмай қолдим Тошкентнинг сершовқин кўчаларига. Омонқўтон арчазорларида кезгим, Чорчинор чашмаларида самовий қушлар сингари ўйноқлаб сузиб юрган султон балиқларнинг рақсларини томоша қилиб, Қоратепа денгизи бўйларида хаёлларга ғарқ бўлиб ўтиргим, ҳиндулар ҳақида дунёга машҳур кинофильмлар тасвирга туширилган Тошбургут ёнида жўраларим билан гурунглашгим келиб кетаверди.
Давлатимиз раҳбарининг Ургутга бўлган эътибори, меҳру муҳаббати қанчалар чексиз ва самимий эканидан хабарим бор. У киши вилоят ҳокими бўлган йилларда Чорчинор, Ғавсул Аъзам зиёратгоҳлари ва қанчалаб азиз қадамжоларни обод қилиш ишларига шахсан бош-қош бўлгани ва яна, ҳамиша “Мен ургутликларнинг кўзларида шиддат кўраман, шижоат кўраман”, дея ифтихор қилганларини ҳам яхши биламан. Бу галги сафарларида “Ургут” эркин иқтисодий зонаси бунёдкорлари ҳақида айтган сўзлари, худдики менга қараб айтилгандек, руҳи равонимни баҳорий насимлар сингари яйратиб, тебратиб, тўлқинлантириб юборди. Эҳтимол, шудир: Ватан – остонадан бошланади, деганлари.
Ёшдирсан, қаридирсан, жаҳоннинг у ёғидан кириб, бу ёғидан чиққан аллома-ю замондирсан, барибир, ҳар гал кўз очиб кўрган мўътабар остонага қадам қўйганда юрагинг кўксингга сиғмай ҳаприқади, ичинг ҳаяжондан капалак қанотлари каби титрайди. Самарқандга яқинлашиб, Зарафшон кўпригидан ўтаётганда бошланади менинг вужудимда ана шундай инжа титроқ. Ҳар гиёҳу ҳар дарахт аллақандай сирли-сеҳрли жилвалана бошлайди. Дарғомдан ошиб, Ургут тупроғига қадам қўйган лаҳзаларда эса булоқ сувларидек тиниқ ҳаволарида кийик ўти, ялпиз, зира ҳиди гуркираб анқиб тургандек яйраб кетади дунёю дуним. Тошкент-Термиз шоҳкўчасининг икки тарафида яшнаб ётган навқирон олмазор боғлар, узумзорларга боқиб тўймайман. Бу жойлар беш-олти йил аввал офтобда ҳарсиллаб ётган қип-яланғоч дашт бўлганини эсласам қувончимга қувонч қўшилади. Бир учи Оҳалиқ тепаликларига, бир учи Чақиликалон ва Қоратепа тоғларига туташиб кетган боғ-роғлар орасидан ўтган Катта Ўзбекистон тракти Қоратепа, Омонқўтон қишлоқларини кесиб ўтиб, Тахтақорача довони оша Қашқадарё воҳасига эниб кетади. Ургут тумани марказига бориш учун Еттиуйлига етмай, катта йўлдан чапга - Кенагас томонга бурилиш керак. Кенагасдан Ургутгача 18 километр. Кенагасдан кейинги қишлоқ, бизники. Қишлоғимиз билан Ургут орасидаги 16 километрлик йўлнинг ҳар қаричи менга беш қўлдай таниш. 5-6-синфда ўқиб юрган пайтимдан бошлаб то ўнинчини битиргунча ҳафтада икки марта акам билан гоҳ эшакда, гоҳ эшак аравада шу йўлдан қатнаб сомон сотганмиз.
Чоршанба ва якшанба кунлари сомон бозори бўларди Ургутда. Оиламиз йиртиғига ямоқ бўлсин деб 8-синфда ўқийдиган акам билан бозорга қатнардик. Комбайн ўроғига илинмай қолган буғдойпоя - соворани йиғиб, хирмон қилиб уярдик-да, эшакларни бир-бирига моташтириб офтоб тиғида савора янчардик. Савора эшаклар туёқлари остида майда-майда бўлиб кетгандан кейин, сомонхонани тўлдириб, қиш бўйи сомон сотардик. Бир қоп сомон 2,5-3 сўм эди. Бозор эрта тонгда бошланиб, кун чиқар-чиқмас тугаб кетар, кеч қолмаслик учун ярим оқшом йўлга чиқиш шарт эди. Ҳар хил тасодифлар бўларди йўлда. Бир гал қишнинг аёзли тунида бир гала бўриларга дуч келиб қолдик. Бўрилар пастки Бешкападан чиқиб, тоғ томонга ўрлаб борарди. Устига тўққиз қанор сомон ортилган аравани жимгина тортиб бораётган эшак қашқирларни кўрибоқ таққа тўхтади. Шалпанг қулоқлари карнайдай диккайиб кетди, тўрт оёғини олдинга тираб, орқага тисарила бошлади. Халачўп билан урамиз, сўкамиз - қулоқ солмайди! Ўзимиз ҳам қўрқувдан қалт-қалт титраймиз. Менинг тилим танглайимга ёпишиб қолгандай эди. «Ўлдик!!» дейман кўзларимни чирт юмиб ичимда. Бир маҳал акам қўлидаги ўроқнинг орқаси билан арава чархининг темирига тарс-тарс уриб, овозининг борича бақириб аллақайси ашулани айтиб юборди, денг! Ашула, ашуладан кўра, кўпроқ йиғига ўхшаб кетарди. Худо бир асради - бўрилар, қорни тўқ экан шекилли, биз томонга қараб-қараб, тоққа ўрлаб кетди. Аравамиз йўл четидаги чуқурга ағнаб тушай деганда, эшагимиз тисарилишни тўхтатди...
Яна бир сафар, бир ўзим эдим, Мерганча қишлоғига етай деганимда илиққан итлар эшагимни ҳуркитиб юборди. Икки қоп сомонга қўшилиб ерга ағнаб тушдим. Эшагим ўзимга ўрганган, қочиб кетмади. Аммо қопларни ортишга кучим етмай, биронта йўловчи келиб қолишини кута-кута бозордан қолиб кетдим.
Ҳозирги манзаралар қаёқда дейсиз, у замонларда? Уйимиз билан Мерганча орасидаги салкам 15 километрлик масофада бир туп қайрағочдан бўлак, уй тугул, чайла ҳам йўқ! Жизилловуқлар жизиллаб ётган қип-қизил дашт. Ёмғирда лойга, иссиқда чангга беланиб ётувчи кимсасиз кўчада онда-сонда ўтиб қоладиган тележкали трактор ёки ёнбошига “Молоко” деб ёзилган сут ташувчи эски машина, яккам-дуккам от-эшакли бозорчилардан бошқани учратиш амримаҳол эди кундуз кунлариям. Бугун эса...
Бугун ҳақида гап бошлашдан аввал яна бир ўта жиддий муаммони айтмасам бўлмас... Эътибор беринг, 1978 йили Ургут туманида 140 мингдан зиёдроқ аҳоли истиқомат қилган. Бу рақам 2005 йилда 350 мингга етди. Ҳозир эса 550 мингдан ортиқ. Агар 1970 йилда аҳоли зичлиги бир квадрат километрга ўртача 117 кишига тўғри келган бўлса, 2002 йилга келиб 300 кишига етди. Бу зичлик шу кунларда қай даражада эканини энди ўзингиз ҳисоблаб кўраверинг. Ер – ўша, сув – ўша, туман ҳудуди ҳам ўша-ўша – бир қадам кенгайган эмас. Янги оилаларга томорқалар ажратиш, уй-жойлар, йўллар, корхоналар қуриш оқибатида фойдаланиладиган, экин экиладиган майдонлар кунма-кун озайиб боряпти. Шу кетишда яна 20-30 йилдан кейин нима бўлади? 50, 80, 100 йилдан кейин-чи? Яна, Худога шукур, ҳамма ўзбеклар сингари, ургутликлар ҳам болажон – ҳар йили 15 мингдан 20 минг нафаргача фарзандлар дунёга келяпти! Ургут бунча аҳолини қандай қилиб бағрига сиғдиради? Улар қандай яшаб, қандай ишлаб, қандай ҳаёт кечиради? Энг оғир, энг қийин ва жавоби мавҳум саволлар эди яқин-яқингача бундай муаммолар.
Бугун-чи? Мана, энди бугун ҳақида сўзлаш мавриди келди.
Очиғи, бугунги эврилишларни кечаги кунлар билан солиштириш... эртак!
Ҳа, нақ эртакнинг ўзи! Тасаввур қилинг-а? Яқингинада пасту патак чолдевор сифат уйда кун кечирган кампир энди 12 қаватли ҳайбатли иморатда яшамоқда! Худдики, “Маҳаллада дув-дув гап” фильмидаги Меҳрихон аядек осмонўпар бино айвонидан пастга қараб “Вой тинчимагур одамлар-эй, нималарни ўйлаб топишмайди-я!” деб ҳайратланиб тургандай... Ҳалигина айтувдим, қишлоғимиздан Мерганча овулигача битта қайрағочдан бўлак чайлаям йўқ эди, деб. Ҳозир-чи, ҳозир бир одим бўш жой топиш азоб – ҳаммаси эгалланган, ҳаммаёқда ўзгариш, қурилиш, гир-теварак янги русумдаги боғ-роғлар. Кафтдай текис асфальт кўчага сиғмай кетаётган турнақатор машиналарга, икки ёнда маржондай тизилган кўркам ва шинам уйларга қараб кўнглинг мунаввар тортади: дўконлар, ошхоналар, аҳолига маданий-маиший, автоуловларга техник хизмат кўрсатиш, бензин ва газ қуйиш шохобчалари... Чин шаҳар, ҳақиқий шаҳарнинг ўзи! Айниқса, одамнинг ҳавасини келтирувчи янги типдаги замонавий уйларни айтмайсизми?! Бу иморатлар нафақат намунавий лойиҳалар асосида барпо этилгани-ю кўрку салобати, балки яшаш учун қулай ва мукаммал шарт-шароитлари билан ҳам шаҳарникидан қолишмайди. Икки-уч йил орасида неча юзлаб худди шундай уйлар барпо этилди.
Машҳур Ургут жаҳон бозори ҳам шу кўчада. Бозоржой ҳам яқин йилларгача заранг тошлоқ эди. Фақат Ургут ёки Самарқандда эмас, балки республикамиздаги энг катта бозорлардан бири ҳисобланадиган бу улкан савдо мажмуаси қисқа муддатда барпо этилди. Бир неча минг савдо шохобчалари, турли хил маданий-маиший тармоқлар, банк, телефон, халқаро почта бўлимлари, ошхона-ю чойхоналар тўпламидан иборат бозор катта шаҳарлардаги ҳайбатли «гипермаркет»лардан қолишмайди, бозор ҳавоси қишин-ёзин мўътадил. Бозор олди гулзор-боғ, кираверишда – катта йўлдагиларгаям, бозорчиларгаям халақит бермайдиган кенг майдон, майдонда бир неча юз машина сиғадиган автоуловлар тўхташ жойи. Бозорнинг бу ерга «кўчиб» келганига кўп бўлган эмас. Бозор аввал туман марказида, одамлару машиналар чумолидай қайнаб ётган серқатнов йўл ёқасида эди. Самарқанд – Ургут йўналишидаги автомашиналар соатлаб тиқилинчда туриб қолар эди. Эски бозор ўрнида гўзал истироҳат боғи барпо этилди. Катталар ва болалар учун турли аттракционлар, осмонўпар фаввора, ўрдаклар сузиб юрадиган кўл, чўмилиш ҳовузлари, стадион, амфитеатр... Оромгоҳ ёнбошида янгидан қурилган спорт мактаби.
– Ургутимизнинг бугунини аввалгиси билан таққослаб бўлмайди, – дейди синфдош жўрам Қуддус Асқаров. – Мана, мисол учун, маориф соҳаси. Ўтган асрнинг 70-80 йилларида тумандаги 70 та мактабнинг биттагинасида табиий газ бўлиб, қолганлари таппи-тезак ёқарди. Ҳозир мактаблар ҳам, коллежу академик лицей ҳам, боғчалар – ҳаммасида келажагимиз бўлган ёш авлод тарбияси, илм олиши учун барча шароитлар муҳайё.
Яна бир синфдош дўстимиз Тожибой Облоқулов (жойи жаннатдан бўлсин)нинг армонли сўзлари ҳамон қулоғимдан кетмайди: шўролар замонида икки марта - биринчи сафар 10 йил, иккинчи сафар 5 йил - жами 15 йил тумандаги энг йирик колхозлардан бири - «Правда»га раислик қилиб, шунча йил каттакон бўлиб, ўғлимга битта велосипед олиб беролмадим. Мустақилликдан кейин фермер бўлиб мошин олдим, уй қурдим, тўй қилдим. Фақат менмас, ўзбек деҳқонининг кўпи бой бўлиб қолди. Бу ютуқларнинг томири – мамлакатимиз кескин муаммолар гирдобида қолган мураккаб ва оғир кунларда Биринчи Президентимизнинг фармони билан ерни одамларга томорқа қилиб берилишидан бошланди. Фармон эълон килинганда суюнганидан дўпписини осмонга отганлар жуда кўп бўлди. Кейин эшитсак, фармон муносабати билан Ўзбекистон бўйича 2,5 миллион оилага ҳаммаси бўлиб 700 минг гектар суғориладиган ер томорқа сифатида хусусий мулк қилиб берилган экан. Фермерлик ҳаракати билан ер ўзининг ҳақиқий эгалари қўлига ўтди. Деҳқонлар ерга аллакимнинг мулки деб эмас, ота-бобомдан қолган ва болаларимга мерос қилиб қолдирадиган муқаддас бойлик деб меҳр қўядиган бўлдилар. Ҳосилдорлик кескин ошди. Аммо... Кейин кўз тегдими, нима бўлди – билмайман. Бирданига текшир-текшир, буйруқбозлик, коррупция урчиб кетди. Бунинг устига газ ҳам, свет ҳам қароқчи талагандай йўқолди. Гангиб қолдик. Қўлимиз ишдан совуди. Бекорчилар кўпайди. Неча минглаб йигитларимиз иш қидириб, бегона юртларга чиқиб кетдилар. Лекин, мана, қилса бўларкан-ку!
Ҳа, бўлар экан.
Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил 12 январь куни “Ургут” эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш тўғрисида фармон қабул қилди. Ургут жавоҳирга лиммо-лим сандиқ эди-ю, бу ҳужжат ана шу сандиқнинг калити бўлди гўё. Ростини айтганда, буни кўпчилик сезмас, англамас, фармон Ургут тарихида туб бурилиш ясаяжагини ҳали биров билар, биров билмас, билганлар ҳам гоҳ ишониб, гоҳ ишонқирамай гумонсираб турар эдилар. Илло, минг-минглаб азиз фарзандлари қўшни Қозоғистондан Туркия-ю Америкагача бўлган давлатларда, ким-кимларнинг эшигида хизматкорлик қилиб юрган ота-оналарнинг бир муддат карахт бўлгани, уларга фармондаги беқиёс режалар бамисоли саробдек жимжимадор кўрингани ҳам бор гап. Руҳи чўкиб, шашти синиб, эртасига ишончи йўқолган кишиларнинг шундай хаёлларга бориши нотабиий эмасди. Устига-устак на газ бор, на свет. Йўллар бўлса бамисоли тухумкоробка, инфратузилма дабдала. Ана шундай шароитда улкан режалар тўғрисида сўзлаш, баъзиларга туя ҳаммомни орзу қилгандай туюларди гўё. Аммо ипидан-игнасигача ўлчаб, ҳисоб-китоб қилинганидан кейин эълон қилинган фармон сал ўтмай, йиллар давомида юмилиб, кўмилиб қолган чашма-ю булоқларнинг кўзини очиб юборди. Мавжуд хомашё ва инфратузилмадан самарали фойдаланиб, қишлоқ жойларида саноатни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш каби ўта ҳаётий муаммоларни ҳал қилиш йўлидаги юмушлар қизиб кетди. Дастлаб, фармонда белгилаб берилган вазифаларни амалга ошириш учун Ургутдан ташқари, Паст Дарғом, Нуробод туманлари ҳамда Самарқанд шаҳридан жами 1200 гектардан зиёдроқ ер майдони “Ургут” ЭИЗига ажратиб берилди.
Ургутда ёзилмаган, аммо ҳамманинг вужудига сингиб кетган шундай анъана бор: чин раҳбар бўлсанг, ҳуда-беҳуда ишимизга аралашиб, йўлимизга тўғаноқ бўлма, ақл ўргатиб, асабимизга тегма, ишлаш учун шароит яратгину, истаганча талаб қил, ана шунда кўрасан чинакам мўъжиза нималигини. Бу сафар айнан шундай бўлди: меҳнаткаш, тадбиркор қўллар қисқа вақтда 313 миллион долларлик 55 та лойиҳани муваффақият билан амалга оширдилар. 4 минг 328 та янги иш ўрни ташкил қилинди.
Яқинда мазкур фармонда белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича яна бир дадил қадам ташланди. Шу йил 13 март куни Вазирлар Маҳкамаси “Ургут” эркин иқтисодий зонаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида қарор қабул қилди. Унга кўра, туманнинг Ўрамас мавзеси ҳудудидан 50 гектар, Самарқанд шаҳрининг Хишрав мавзесидан 294 гектар майдон “Ургут” ЭИЗга ажратилади. “Ургут” ЭИЗнинг Мерганча ҳамда Сариқтепа мавзеларида жойлашган ишлаб чиқариш корхоналарини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида туман ҳудудидан ўтувчи юқори кучланишли электр узатиш тармоғидан алоҳида подстанция қурилади. Бу – янги иншоотлар, йўллар пайдо бўлади, янги инвестиция лойиҳалари кириб келади, деганидир.
Шу кунларда “Ургут” ЭИЗда қиймати 402 миллиард доллардан зиёд 84 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Туман ҳудудида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сони эса 220 хилдан кўп. 220 турли маҳсулот! Эҳ-ҳе, нималар йўқ дейсиз улар орасида. Оддий пайпоқдан шоҳона гиламларгача, шифердан европача эшик-ромгача, ғишт, шлак-бетон плиталардан музлаткичу телевизорларгача, автомобилларнинг эҳтиёт қисмларидан фарангларникидан қолишмайдиган атир-упаларгача – ҳамма-ҳаммаси бор. Енгил саноат, чарм-пойабзал товарлари, электр техникаси буюмларининг харидоргирлигини айтмайсизми? Ургут бренди остида тайёрланаётган кийим-кечаклар нафақат қўшни Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон ёки Россия давлатларида, балки Туркия, Хитой, Саудия Арабистони, Америка бозорларини ҳам обод қилаётир.
Шунақа. Бу ерда тайёрланаётган маҳсулотлар аста-секин жаҳон бозорларини эгаллаётир. Яратиш, янги марраларни эгаллаш иштиёқи эса кун сайин кучайиб бормоқда. Мебель ва консерва заводлари қаторида юзлаб катта-кичик саноат корхоналари, тикув цехлари, микрофирмалар борган сайин кенгайиб, қанот ёзиб бораётир. Мерганча массивидаги “Kamalak Tekstil” корхонаси гиламдан ташқари, тафтинг, ковролин маҳсулотлари, синтетик ип ва сунъий чим ишлаб чиқараётир. Уларнинг ёнига ҳар йили яна қишлоқ хўжалик, полиз ва боғдорчилик маҳсулотларини қайта ишловчи, қадоқловчи кўплаб корхоналар қўшилмоқда. Энг муҳими, барча корхоналар Бельгия, Швейцария, Австрия, Франция, Германия, Туркия, Хитой каби мамлакатлардан олиб келинган замонавий, энергия тежовчи ускуна ва жиҳозлар билан таъминланган. Лўнда ифодалаганда, мамлакатимизнинг барча халқлари каби ургутликлар ҳам ўз уйи – Ургутни янада кўркам, янада муҳташам қилиш йўлида астойдил меҳнат қилишмоқда.
Ватан ичидаги Ватаним! Бобом, момом, отам, энам, акаларим мангу қўним топган муқаддас тупроқ – Ургутда бугун тарихий эврилиш жараёнлари давом этмоқда.
Катта-ю кичик билагини шимариб, белини янаям маҳкамроқ боғлаган. Орзулари осмон қадар юксалиб, боғлари нурга тўладиган замонлар келганини мукаммал англаб туришибди улар. Улар азиз масканни Ўзбекистон Швейцариясига, Лас-Вегасига айлантириш иштиёқида.
Россиядаги “Совкомбанк” бош таҳлилчиси Михаил Васильев Ўзбекистонни “Марказий Осиёнинг янги йўлбарси”, дебди. Дунёдаги нуфузли нашрлардан яна бири Forbesда эса таниқли журналист Малик Кайлан ёзибдики: “Шавкат Мирзиёев Президент бўлганидан сўнг Ўзбекистонда ҳайратли даражадаги ўзгаришларни амалга оширди”. Шундай фидойи карвонбошинг бор экан, Ургутим, сен ҳадемай жаҳоннинг гўзал, одамлари бахтли, фаровон яшайдиган маконига айланасан. Сенинг алпона қудратингга ҳамма ишонади. Ишонмайдиганлар бўлса, омон бўлсинлар улар ҳам. Омон бўлсинлар ва сабр билан кутсинлар, кузатсинлар, томоша қилиб турсинлар. Нурланиб, жилоланиб бораётган Ургут боғларининг шавқу латофатига гувоҳ бўлиш уларга ҳам насиб этади, албатта. Кабиру кибриё кунлар кўпам узоқ эмас.
Зотан, Президентнинг кечаги ташрифидан сўнг, “Ургут” ЭИЗи улкан холдингга айланадиган бўлди. Халқ билдирилган юксак ишонч учун ўз йўлбошчисини алқаётир. Ўз Президентининг ишончини оқлаш учун қалқаётир. Бу қалқинишлар қошида бўронлар ҳечдир, тўзонлар ҳечдир, довуллар ҳечдир.
– Яхши биласиз, мен умри мактаб-маориф ичида ўтаётган кекса муаллимман, – дейди Қуддус ўртоғим. – Бир зиёли сифатида атрофда, дунёда бўлаётган воқеа-ҳодисаларни баҳоли қудрат кузатиб келаман. Шўро замонида Брежневидан Горбачевигача бўлган раҳбарларни кўрдик. Ҳозир ҳам давлат бошлиқлари фаолиятига беэътибор эмасман. Ва, қиблага қараб айтаманки, ўзимизнинг Президентдай меҳнаткаш раҳбар оламда бўлмаса керак! Россия Президенти Путин жаноблари ҳам бизга таассуб қилиб, энди-энди селектор йиғилишлари ўтказишни бошлади. Лекин ҳайрон қоласанки, шундай карвонбошининг қадрига етмайдиган, юмушларимизни менсимай, пач уришга тиришадиган кимсалар бор экан. Ижтимоий тармоқларда гоҳ-гоҳ кўзим тушганда, тўғриси, ичим ачийди, раҳмим келади ўшаларга.
Ростини айтайми, Ургутда Учинчи Ренессанс бошланиб кетди. Фақат шиддатли ўсишлар қуршовида ўзимиз сезмаяпмиз ҳали буни.
Дўстимнинг хулосаларида чин ҳақиқат мужассамдек туюлди менга. Фақат, ростдан ҳам сершиддат юмушлар тўфонида ўзимиз англамаётган бўлишимиз мумкин.
Аммо бу – Ургут жаннатий манзилга айланиб кетди, дегани эмас. Ундай эмаслигини яхши биламиз. Яхши биламиз: туманда кўзлари тўрт бўлиб ечимини кутиб ётган муаммолар ҳали-ҳозирча оз эмас. Уларни ҳал қилмоқ учун қанча куч, қанчадан-қанча маблағ зарурлиги ҳам аён ҳақиқат. Аммо, Чўлпон айтганидек, “Халқ тўлқиндир...”. Тўлқин эса йўлидаги тўсиқларни писан қилмайди, ювиб ташлайди, оқизиб кетади.
Қисқа сафардан қайтаётиб, Дарғом кўпригидан ўтгандан сўнг, йўл четидаги тепаликка чиқиб, олам-жаҳон таассуротлар оғушида бир муддат Ургутимга тикилиб ўтирдим. Ва, беихтиёр:
- Нурга тўлсин, боғларинг, Ургут! - дея ҳайқиргим келиб кетди.
Абдусаид КЎЧИМОВ,
ёзувчи.