Нурмат Атабеков: Ўзбекистонда “омикрон” аниқлангани йўқ, бироқ хотиржамликка берилиш ярамайди

Дунё бўйлаб коронавируснинг “омикрон” штамми тез суръатда тарқалмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, янги мутация аллақачон жаҳоннинг 126 та мамлакатида қайд этилган. Айниқса, куни кеча Қозоғистонда ушбу штаммни юқтирган илк беморлар рўйхатга олингани хавотирли ҳолдир.

Албатта, истаймизми-йўқми, "омикрон"нинг юртимизга кириб келиш эҳтимоли йўқ эмас. Мамлакатимиз тиббиёт тизими бунга қанчалик тайёр?

Бу борада Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Нурмат Атабеков ўз фикр ва хулосаларини билдирди:

- Шу пайтгача, юртимизда коронавируснинг бир неча тури қайд этилган ва касалланиш кўрсаткичлари йилнинг маълум даврида кўтарилиб, қайсидир пайтда пасайиб борган.

Айтиш лозимки, ўтган давр ичида мамлакатимизда вируснинг тарқалиш тенденциясини пасайтириш, эмлаш тадбирларини ташкил этиш, беморларни даволаш бўйича тиббиёт ходимларимиз катта тажриба тўплади.

Шу маънода “омикрон”дан соғайиш муддати қисқа ва касалланганларда шифохоналарга ётиш эҳтимоли паст эканлигини инобатга олсак, Ўзбекистон вируснинг кўтарилиш хавфига тайёр, дейишга асосларимиз етарли. Негаки, давлатимиз раҳбари бошчилигида ҳамда Республика махсус комиссиясининг бевосита кузатувида юртимизда коронавирус пандемиясини жиловлаш борасида амалга оширилган ишлар бунга мисол бўла олади.

Бироқ ортиқча хотиржамликка берилиш ҳам ярамайди. Сабаби “омикрон” бошқа штаммларга қараганда анчагина юқумли ва қисқа муддатда аҳолининг катта қисмини зарарлаши мумкин. Шу боис айни пайтда карантин қоидаларига қатъий риоя қилиш, эмлаш тадбирларида фаол иштирок этиш ҳар қачонгидан-да муҳим.

Қолаверса, мамлакатимизда COVID-19 билан касалланиш ҳолатлари кўтарилган аввалги пайтларда яхши самара берган амалиётни давом эттириш, яъни оилавий шифокор пункти ва поликлиникалар орқали “COVID-box” (аптечка) тарқатиш, хасталик енгил кечаётган беморларни амбулатор шароитда даволаш мақсадга мувофиқ. Бу, ўз навбатида, ихтисослашган тиббиёт муассасаларига ортиқча юкламалар тушишининг ҳам олдини олади.