Самарқандда «Омикрон» йўқ, аммо коронавируснинг бошқа турлари кўпаймоқда
Ўтган йили қиш ойларида коронавирус анча чекинган бўлса, бу йил, афсуски, қиш ойларида ҳам хасталик батамом йўқолиб кетмади. Аксинча, январь ойига келиб, яна кўпайиши кузатилмоқда. Бу ҳақда вилоят ҳокимининг ўринбосари Хуршид Очилов ҳамда соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Суҳроб Зайниев журналистларга маълум қилди.
Очиловга кўра, Самарқанд шаҳридаги «Ватанпарвар» маҳалласида жойлашган ковидни даволашга мўлжалланган махсус шифохонада айни вақтда 150 дан ортиқ киши даволанмоқда. Ваҳоланки, декабрь ойида касалланиш қарийб йўқолаёзганди. Ўзида коронавирус хасталиги аломатларини сезган фуқаролар аввало оилавий шифокорига, шунингдек, ҳарорат ва бошқа белгилар намоён бўлганда тез тиббий ёрдам шохобчаларига мурожаат қилишлари мумкинлиги айтилди.
Суҳроб Зайниев, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари:
“Самарқандда «Омикрон» йўқ, аммо коронавируснинг бошқа турлари юқорида айтилганидек кўпаймоқда. Айни вақтда вилоятда коронавирус хасталиги билан чалинган беморларга тарқатиш учун вилоят cоғлиқни сақлаш бошқармаси захирасида 49 турдаги 948 миллион сўмлик дори воситалари ва 38 986 та “Covid-box” аптечкалар захираси мавжуд. Вирус борлигини текшириш учун ҳудудлардаги санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлимларида, шунингдек, қўшимча тарзда Самарқанд шаҳридаги кўп тармоқли марказий ва 4, 12, 2-оилавий поликлиникаларда ҳам коронавирусни аниқлаш учун имконият мавжуд. Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, аҳоли касаллик аломатларини сезганда ўзбошимчалик билан даволаниб, врач назоратисиз турли укол-дориларни қабул қилишдан тийилишлари лозим".
Ҳомиладорлар ўртасида ҳам коронавирус хасталиги аниқланиши кўпаяётгани учун Самарқанд шаҳридаги 3-сон туғруқ мажмуаси шу кунларда айнан вирусга чалинган ҳомиладор аёлларни қабул қилиш учун мўлжалланган тиббий муассасасига айлантирилади.