"Omicron" штамми тарқалиши натижасида "тез ёрдам"га қўнғироқлар сони кескин ортгани айтилмоқда
Коронавируснинг "Omicron" штамми мамлакатимизга кириб келиши билан “тез ёрдам” хизматига мурожаатлар кўпайиб бормоқда, деб хабар берди Соғликни сақалаш вазирлиги матбуот хизмати.
Масалан, Тошкент шаҳар “103” хизматига 12 январда 4888 та мурожаат келиб тушди.
“103” хизматига чақириқлар сони ортгани ва иш юкламаси кўпайиб бораётгани сабабли шу қўшимча тарзда 40 та замонавий жиҳозланган тез тиббий ёрдам машинаси ҳайдовчилари билан бирга хизмат тасарруфига бириктириб берилди.
Бундан ташқари, Call-марказ иш самарадорлигини ошириш учун 30 та янги оператор ўрни яратилди.
Тез ёрдам бригадаларининг тезкорлиги ва самарадорлигини ошириш мақсадида улар қўшимча 100 дона планшет билан ҳам таъминланади.
Шунингдек, бригадалар учун бугун эрталабдан зарур миқдорда коронавирусга қарши дори-дармонлар бўлган “Covid-box”лар ажратиладиган бўлди.
Коронавирус инфекцияси аниқланган, бироқ хасталик клиник белгиларсиз ёки енгил шаклда кечаётган беморлар саломатлигини назорат қилиш, уларга амбулатор ва уйига борган ҳолда сифатли тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида Тошкент шаҳрининг 12 та туманида 1 тадан махсус COVID поликлиникалар фаолияти йўлга қўйилди.
Бундан ташқари, коронавирус касаллиги бўйича мурожаатлар билан самарали ишлаш мақсадида пойтахтдаги 12 та кўп тармоқли ва 66 та оилавий поликлиникаларда махсус мобиль бригадалар фаолияти ҳам йўлга қўйилди.