Нуробод: ўрмончиликда ер муаммо эмас, қорамолчиликда-чи?

Нуробод туманига ташкил этилган пресс-турда журналистлар дастлаб ўрмон хўжалиги фаолияти билан танишди.
Бундан етмиш йиллар аввал Каттақўрғон сув омборига яқин ҳудудда тупроқни эрозиясидан сақлаш мақсадида экилган писта дарахтлари бугун ҳудуд аҳолиси учун иш ва даромад манбаига айланган.
Ўрмон хўжалигимизда юзга яқин аҳоли иш билан банд, “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари”га киритилган оилалар ва ёшларни иш билан таминлашга кўпроқ эътибор қаратяпмиз, - дейди Нуробод тумани Саройқўрғон ўрмон хўжалиги раҳбари Неъмат Ҳамраев. – 10 гектаргача ижарага ер бериб, даромад олишларига шароит яратиляпти. 300 гектар ерга ёнғоқ кўчатлари экиб, меҳнат қилиб, даромад олиш истагини билдирган ёшларга ижарага бердик. Асаларичилик, чорвачилик ва паррандачилик билан шуғулланаётган тадбиркор ёшларга маълум муддатга ер ажратиб беряпмиз.
Ўрмон хўжалигида кўчат етиштириш ҳам йўлга қўйилган. Бу ерда қурғоқчил ҳудудларга мослашган қайрағоч, тут, шарқ арчаси, дуб ва доривор ўсимлик лаванда кўчатлари етиштириляпти.
Журналистлар туманда ташкил этилган “Нуробод олтин аср чорваси” масъулияти чекланган жамиятида ҳам бўлди. 2 гектарда ташкил қилинган ушбу чорва мажмуасида 300 га яқин наслли қорамол боқиляпти.
- Берилган имтиёздан унумли фойдаланиб, наслли қорамолчиликни йўлга қўйдик, - дейди МЧЖ раҳбари Обиджон Ражабов. – Ҳар бир қорамол учун 2 миллиондан субсидия, “Микрокредитбанк”дан 400 минг евро кредит олиб, Венгриядан 160 та наслли қорамол олиб келдик. Ҳозирда 130 та соғин сигирдан ҳар куни 2-2,5 тоннадан кўпроқ сут оламиз.
Туманда чорва сонини ошириш, маҳсулдорлик сифатини яхшилаш, аҳолининг гўшт маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида ушбу йўналишда фаолият юритаётган тадбиркорларга кенг имкониятлар яратилган. Аммо чорвачиликда унинг озуқа базасини яратиш асосий ўрин тутади. Тадбиркор бугун айни шу муаммога дуч келаётганини таъкидлади.
- Чорва озуқа билан маҳсулдорлиги ошади, айниқса, наслли қорамол озуқани кўп талаб қилади, - дейди Обиджон Ражабов. – Ҳозир 25 гектар сувли еримиз мавжуд. Аммо бу билан чорвага етарли миқдорда озуқа тайёрлай олмаймиз. Шу жабҳада бироз қийинчилик бўляпти.
Ўтган йили келтирилган наслли сигирлардан бу йил 120 та бузоқ олинган. Бу қувонарли, албатта. Аммо чорвада сон эмас, сифат муҳим аҳамиятга эга.
Сулаймон Мардиев.