Нуробод тумани учун шаҳарсозлик мастер-режаси ишлаб чиқилмоқда

Иқтисодиёт ва молия вазирлигида Нуробод туманида ҳудудий ривожланишнинг устувор йўналишларини белгилаш ва мастер-режа ишлаб чиқиш бўйича амалий учрашув бўлиб ўтди.

Вазирлик ва БМТ Тараққиёт дастури ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда “Info Capital Group” компанияси мутахассислари, вилоят ва Нуробод тумани ҳокимликлари масъуллари ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ер ислоҳотлари ва ҳудудлар мастер-режаларини ишлаб чиқишни мувофиқлаштириш бошқармаси вакиллари иштирок этди.

Учрашувда Нуробод тумани учун мастер-режа ишлаб чиқиш жараёни муҳокама қилинди. Мастер-режа туманнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, инфратузилмани ривожлантириш ва туризм салоҳиятидан самарали фойдаланишга қаратилгани таъкидланди.

Қайд этилганидек, Нуробод туманида мастер-режа ишлаб чиқиш ишларига  БМТ Тараққиёт дастури кўмагида “Info Capital Group” компанияси жалб қилинган. Ушбу мастер-режада замонавий архитектура, қулай шаҳарсозлик ечимлари ва экологик барқарорлик тамойилларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тадбирда  БМТ Тараққиёт дастури лойиҳа таҳлилчиси Орзумурод Ғайбуллаев, “Info Capital Group” компанияси директори Роман Оспанов ва бошқа масъуллар ўз мулоҳазаларини билдирди. Хусусан, туман марказида аҳоли вақт ўтказиши учун замонавий дам олиш масканлари барпо этиш, Нурбулоқ шаҳарчаси ҳамда Оқсой ва Меҳнаткаш маҳаллаларида туризм инфратузилмасини шакллантириш бўйича таклифлар муҳокама этилди.

Вазирлик ахборот хизматига кўра, учрашув якунида туман марказидаги сунъий кўл атрофини комплекс ривожлантириш, Нурбулоқда яшил парк ташкил этиш ва ҳудуднинг тоғли қисмларида экотуризмни йўлга қўйиш бўйича концептуал ёндашувлар ишлаб чиқишга келишиб олинди.

ЎзА.