Очиқлик бўйича қонун нормаларини бузган мансабдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилади

Сенатнинг бугун бўлиб ўтган йигирма еттинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.

Ушбу Қонун билан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан очиқлик тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

Хусусан, Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштириладиган, ижтимоий аҳамиятга молик бўлган маълумотлар рўйхатига киритилган маълумотларни эълон қилмаганлик ёки тўлиқ эълон қилмаганлик, эълон қилиш муддатларига ва тартибига риоя этмаганлик ёки маълумотларни бузиб кўрсатганлик учун мансабдор шахслар базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача, агар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда маъмурий жаримага тортилиши назарда тутилмоқда.

Шунингдек, қонун билан дебиторлик ва кредиторлик қарзи муддатларини ўтказиб юбориш ҳамда корхоналарнинг ҳисобварақларида тегишли маблағлар бўлган ҳолда тўловларни амалга оширишнинг белгиланган муддатларини бузганлик, шу билан бирга, шартнома мажбуриятларини бажармаслик ёки лозим даражада бажармаслик оқибатида хўжалик юритувчи субъектларга мулкий зарар етказиш каби ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жавобгарлик бекор бўлмоқда.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.