Одамлар кўпроқ коронавирусга қарши нотўғри даволанганидан вафот этяпти

Бу ҳақда Самарқанд вилоят "Матбуот уйи"да Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Абдураҳмон Қаюмов, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Даврон Жуманиёзов ҳамда Самарқанд давлат тиббиёт институти ректори, профессор Жасур Ризаев иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида айтилди.

Шунингдек, матбуот анжуманида бугун вилоятимиздаги коронавирус билан касалланган беморлар аҳволи, аҳолининг вирусга қарши ўзбилармонлик билан даволаниш ҳолатлари чиқараётган асоратлар, амбулатор шароитда беморларни даволашнинг янги йўриқномаси ҳақида батафсил маълумот берилди.

- Коронавирус инфекцияси тиббиётда янги касаллик бўлганлиги учун, халқимиз орасида тушунмовчилик, ваҳима пайдо бўляпти, - дейди Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Абдураҳмон Қаюмов. – Бугун аҳоли орасида “Менда инфекция аломатлари бўлса нима қиламан?”, “Қаерга мурожаат қиламан?”, деган саросима бор. Бу борада аҳолига кенг тушунча бериш, касалликнинг илк аломатларида қандай чора кўриш, уй шароитида касалликни даволаш бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияси асосида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан янги йўриқнома тасдиқланди. Унда қадамма-қадам касаллик аломатларини ўзида сезган киши дастлаб қандай чоралар кўриш кераклиги батафсил тушунтириб берилган.

Бугун аҳоли орасида ваҳимага берилиш, унинг ортида нотўғри даволаниш ҳолатлари афсуски учраб турибди. Афсуски, ўлим кўрсаткичлари ҳам айнан ўзбошимчалик билан даволанаётган беморлар орасида кўпайгани статистик таҳлилларда маълум бўлмоқда.

- 4 ойлик тажрибадан келиб чиқиб, олимларимиз янги даволаш усулини, йўриқномани тақдим қилди, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Даврон Жуманиёзов. - Олинган таҳлиллар, муолажалар, касаллик келтириб чиқарган асоратлар ўрганилиб, мазкур йўриқнома соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланди. Янги даволаш усули барча клиникаларга тарқатилди. Матбуот анжуманидан мақсадимиз янги даволаш усулини халқимизга етказиш. Йўриқномада ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган гидроксихлорохин дори воситаси қўлланилиши белгиланган. Хўш, нега? Чунки бу вирусга қарши тўғридан тўғри таъсир қиладиган препаратнинг ўзи йўқ. Гидроксихлорохин азитромицин билан бирга яхши самара берди. Шунингдек, витамин Д, С, цинк ва кўпроқ сув ва азитромицин дори воситаси касалликнинг енгил шаклларида тавсия қилинади.

Бугун Ўзбекистон бўйича 100 мингта алоҳида аптечкалар тарқатиляпти. 4 мингтаси Самарқандга етиб келди. Уларни поликлиникаларга тарқатдик. Вилоятимиздаги 5 шифохонада даволанаётган беморларнинг 143 нафари коронавирус инфекцияси билан касалланган, қолганлар нотўғри даволаниш оқибатида келиб чиққан асоратлар асосида даволаняпти.

Матбуот анжуманида мутахассислар журналистлар саволларига батафсил жавоб қайтарди.

Насиба Жонтўраева.