Одамлар нимадан норози?

Самарқанд вилоят, шаҳар ва туманлардаги Халқ қабулхоналарига 2021 йилда 23 минг 754 та масала бўйича 22 минг 540 та (2020 йилга нисбатан 5327 та кўп) мурожаат келиб тушган.

Вилоят Халқ қабулхонаси мудири Маматжон Турдиевнинг айтишича, биргина вилоят Халқ қабулхонасида 3436 та мурожаат рўйхатга олинган. Энг кўп мурожаат Самарқанд шаҳри (1662 та) ва Самарқанд туманидан (394 та) қайд қилинган. Ургут (283 та), Паст Дарғом (210 та), Пайариқ (168 та), Оқдарё (180 та) ва Тойлоқ (113 та) туманларидан ҳам юздан ортиқ мурожаатлар келиб тушган.

Энг кўп мурожаат коммунал соҳадан бўляпти

Ўтган йили Халқ қабулхоналарида рўйхатга олинган мурожаатлар орасида энг кўпи электр, газ, сув таъминоти (2698 та)дан бўлган. Бундан ташқари, моддий ёрдам (2106 та), иш билан таъминлаш (1622 та), уй-жой ва ер билан таъминлаш (1163 та), пенсия ва нафақалар (1117 та), алимент ундириш (1709 та), кредит олиш (948 та) ва соғлиқни сақлаш (1049 та) соҳасида мурожаатлар нисбатан кўп бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхонасига вилоят аҳолисидан 2021 йил 20 декабрдан 2022 йил 5 январгача 1121 та мурожаат тушган. Уларнинг 489 таси газ, 479 таси электр энергияси, 83 таси ичимлик суви таъминоти бўйича, 52 таси турар жойларни сақлаш ва таъмирлаш, 5 таси кўмир билан таъминлаш тўғрисида бўлган.

Мурожаатларнинг 166 таси Самарқанд шаҳри, 120 таси Ургут тумани, 119 таси Пайариқ тумани, 109 таси Паст Дарғом тумани, 100 таси Каттақўрғон туманидан йўлланган.

2021 йилда Халқ қабулхоналарига келиб тушган мурожаатларнинг 75,6 фоизи, яъни 17 953 таси қаноатлантирилган. Бу кўрсаткич 2020 йилга нисбатан 15,6 фоизга ошган, чунки 2020 йилда қаноатлантириш даражаси 60 фоиз бўлган.

Талаб бўлса-да сайёр қабул камайиб боряпти

Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорига кўра,  туман, шаҳар сектор раҳбарлари ҳар ҳафта камида бир марта жойларга чиқиб, оммавий қабул ўтказиши керак. Бироқ бу талаб амалда бажарилмаяпти. Чунки, сектор раҳбарлари томонидан 2021 йилда 3161 та оммавий сайёр қабул ўтказилиши лозим бўлса-да амалда бу кўрсаткич 2149 тани ташкил қилган.

Энг кам Иштихон (68 марта), Паст Дарғом (98 марта), Булунғур (100 марта) тумани сектор раҳбарлари томонидан оммавий сайёр қабуллар ўтказилган.

Сектор раҳбарлари томонидан ўтказилган оммавий сайёр қабулларда 20 923 та масала бўйича 20 574 мурожаат рўйхатга олинган. Мурожаатларнинг 11474 таси ижобий ҳал қилинган, 9 054 тасига тушунтириш берилган, 41 таси рад этилган, 354 таси ўрганиш жараёнида.

Ўтган йили, шунингдек, сектор раҳбарлари томонидан 2230 марта ёшлар билан учрашув ва қабуллар ўтказилган. Уларда 66 108 нафар ёшлар қатнашиб, 15 335 та турли масалалар бўйича мурожаат қилишган. Мурожаатларнинг 8488 таси ижобий ҳал этилган, 6367 таси бўйича тушунтириш берилган, 480 таси назоратда турибди.

Ёшлар билан учрашув ва қабулларнинг энг кўпи Самарқанд шаҳри (173 та), Ургут тумани (187 та), Каттақўрғон шаҳри (157 та) Нуробод (148 та), Пахтачи (179 та), Пайариқ (195 та) ва Қўшработ (148 та) туманларида сектор раҳбарлари томонидан ўтказилган.

Аксинча, ёшлар билан учрашув ва қабуллар Иштихон (82 та) ва Булунғур (98 та) туманларида энг кам ташкил қилинган.

Бундан мулоқотларда энг кўп кредит олиш масаласида (4498 та), ишга жойлаштириш (2976 та), уй-жой билан таъминлаш (1218 та) ва моддий ёрдам масаласида (666 та) мурожаатлар келиб тушган.

Таъсир чоралари ҳам таъсир қилмаяпти

Мурожаатлар билан ишлашда йўл қўйилган камчиликлар учун 2021 йилда Халқ қабулхоналари томонидан чиқарилган таклиф ва тақдимномаларга асосан 201 нафар мансабдор шахсларга нисбатан таъсир чоралари кўрилган. Аммо шунга қарамасдан мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби ва муддатлари бузилиши ҳолатлари давом этмоқда.

Масалан, вилоят электр тармоқлари корхонасига юборилган 60 та, халқ таълими бошқармасига юборилган 8 та мурожаатга 30 кунлик муддати ўтса-да жавоб хатлари тизимга киритилмаган.

Президент Администрациясининг топшириғига асосан вилоятда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритиш, рўйхатга олинган фуқароларга зарур ёрдам кўрсатиш таҳлил ва мониторинг қилинганда ҳам бир қатор камчиликлар аниқланди.

Жумладан, Самарқанд шаҳри 2-сектор ҳудудидаги Кўксарой маҳалласида яшовчи Фариза Баҳромова боқувчисини йўқотган бўлса-да “Ёшлар дафтари”га, 4-сектор ҳудудидаги Темирйўлчилар маҳалласида яшовчи, 1988 йилда туғилган Лайло Бобомуродованинг ижтимоий аҳволи оғирлигига қарамасдан “Аёллар дафтари”га киритилмаган.

Каттақўрғон шаҳри 4-сектор ҳудудидаги Гўзалкент маҳалласида яшовчи, 1992 йилда туғилган Узоқованинг турмуш ўртоғи II гуруҳ ногирони, 1 нафар вояга етмаган фарзанди бор. Оғир оилавий шароитда, онасининг қарамоғида яшаётган бу фуқаро “Ёшлар дафтари”га киритилмаган.

Бу каби камчиликлар барча шаҳар ва туманлардаги секторларда мавжуд.

“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” ишлари якунланмаган

2021 йилда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури доирасида 28 та қишлоқ ва 4 та маҳаллада қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш белгиланган. Аммо ўтказилган маниторинглар натижаси шуни кўрсатадики, дастурга киритилган қишлоқ ва маҳаллалардаги ишлар тўлиқ якунланмаган.

Хусусан, Самарқанд, Каттақўрғон, Ургут туманлари ва Самарқанд шаҳрининг кўплаб фуқароларидан электр энергияси, газ, сув ва йўл масаласида бошланган ишлар охирига етказмаганлигидан норозилик мурожаатлари келиб тушмоқда.

Жумладан, Ургут тумани "Ваткан-Қўзибек" маҳалласида туман электр тармоқлари корхонаси томонидан олиб келинган 1 та янги трансформатор ўрнатиш ишлари тўлиқ тугатилмаган, ҳудудда ўрнатилган 27 та бетон устунларга 1,2 километр электр тармоғи тортилмаган.

Ҳудуддаги 100 ўринли янги мактабагача таълим ташкилоти жиҳозланмаган.

Нима қилиш керак?

"Албатта, қайд этилган ҳолатлар бир қатор хулосалар чиқаришни тақозо қилади. Зотан, амалдаги тартибга кўра, мурожаатлар белгиланган муддатларда таҳлил қилиб борилиши, келгуси фаолият йўналишлари шунга мосланиши зарур. Бироқ юқорида қайд қилинганидек, айрим мутасаддилар бу талабни ёддан чиқариб қўймоқда.

Шу боис, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг эллик бешинчи сессиясида мурожаатлар билан ишлаш таҳлилидан келиб чиқиб, айрим таклифларни билдирдим.

Хусусан, вилоятдаги электр, газ, сувоқова ва бошқа коммунал хизмат кўрсатувчи корхоналар масъуллари томонидан мурожаатчиларнинг талабларини ҳал этишда қонун талабларига ҳамда меъёрий ҳужжатларга қатъий амал қилиш чораларини кўриш керак. Негаки, мурожаатларнинг катта қисми айни шу йўналишда келиб тушмоқда. Қайд этилган корхоналарнинг масъул ходимлари томонидан мурожаатлар билан ишлашда қонунда белгиланган тартибга амал қилмаслик ҳолатлари аниқланганда қатъий чора кўришни йўлга қўйиш лозим.

Бундан ташқари, вилоят бандлик бош бошқармаси билан хўжалик юритувчи субъектлар ва давлат ташкилотлари ўртасида ахборот алмашувида мажбурий бўлган қўшимча кўрсатмалар ишлаб чиқилишини йўлга қўйиш зарур. Чунки, иш билан таъминлашга кўмаклашиш бўйича келаётган мурожаатлар салмоғи ҳам кам эмас. Шу боис, бўш ва вакант ўринлар сони тўғрисида реал маълумот базасини ташкил қилиш айни муддао бўлади.

Ўз навбатида бошқарма бўш иш ўринларини яшириб ёки бу ҳақда нотўғри маълумот берган хўжалик юритувчи субъектлар, давлат ташкилотлари раҳбарларига нисбатан қонунда белгиланган тартибдаги тегишли чоралар кўрилишини қатъий йўлга қўйиши керак", дея фикрларини баён этган вилоят Халқ қабулхонаси мудири.